Карвонсарой
Саломатлик

Россия ва Хитойнинг COVID-19га оид дезинформацияси дунёни тобора кўпроқ хавотирга солмоқда

Pakistan Forward ва AFP

image

4 апрел куни Триполида Россиянинг «Спутник V» вакцинаси қутиларини Ливия соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли совутиш жиҳозларига жойлаш олдидан уларга ишлов бераётган ходим. [Маҳмуд Туркия/AFP]

БРЮССЕЛ – Россия ва Хитой башарият манфаати учун глобал коронавирус пандемиясини назоратга олиш ўрнига, дезинформация ва ёлғон тарқатиш орқали геосиёсий ўйинларда очко тўплашга уринмоқда, дейди таҳлилчилар.

Москва ва Пекин COVID-19га қарши Ғарб вакциналарини обрўсизлантириш мақсадида «давлат қўлловидаги дезинформация» саъй-ҳаракатларини кучайтирди, деб баёнот берган Европа Иттифоқи (ЕИ) ўтган чоршанба (28 апрел) куни.

«Вакцина дипломатияси» деб аталувчи сиёсат Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналар, Европа Иттифоқи институтлари ва Ғарб/Европанинг вакцинация режаларига нисбатан ишончга путур етказишга «қаратилган нол суммали ўйин мантиғига асосланади», дейилади Европа Иттифоқининг ташқи ҳаракатлар хизмати (EEAS) ҳисоботида.

Декабр ойида Россия оммавий ахборот воситалари, расмийлар ва давлат компаниялари «муросасиз даъво»дан фойдаланган ҳолда Европа Иттифоқини Россия вакцинасини «саботаж қилаётганликда» айблаш ва «Спутник V» вакцинасини фаол тарғиб қилиш учун бирлашганлар.

image

28 апрел куни Хитойнинг Ухан шаҳридаги университет талабасига COVID-19 вакцинаси дозасини эмлаш учун ҳозирлаётган тиббиёт ходими. [STR/AFP]

image

Хитой президенти Си Цзинпин (чапда) ва Россия президенти Владимир Путин 2019 йил 14 ноябрда Бразилиа шаҳридаги БРИКС саммитида иштирок этмоқдалар. [Павел Головкин/Pool/AFP]

«Кремлпараст ОАВ, жумладан, «Sputnik V» расмий Твиттер аккаунти жамоатчиликнинг Европа дори воситалари агентлигига (ЕМА) бўлган ишончига путур етказиш ҳамда унинг муолажалари ва сиёсий холислигига шубҳа уйғотишга уринган.»

Давлат қўлловидаги ОАВлар мазкур ташкилотнинг атайин рухсат беришни кечиктираётгани ҳақидаги гап-сўзларни янада кучайтириш учун Россиянинг «Спутник V» вакцинасини бозорга чиқаришга рухсатнома олиш аризаси масаласида «чалкашлик пайдо қилишга» уринган.

«Шунингдек, Кремлпараст ОАВ ЕМА ва умуман Европа Иттифоқини Россияда ишлаб чиқарилган вакцинага нисбатан сиёсий нохолисликда айбладилар», деб қўшимча қилинади унда.

Россия пандемиядан келиб чиқадиган геосиёсий импульсга умид қилмоқда, дейилади Эстония ташқи разведка хизматининг феврал ойидаги ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, «Кремл пандемия Россиянинг ўзи илгари сураётган икки тенденцияни тезлаштиради, деб ҳисобламоқда – халқаро муносабатларда кўп қутблиликка ўтиш ва жаҳон саҳнасида Ғарб таъсирининг камайиши».

Россия президенти Владимир Путин «глобал эпидемия Ғарбни ички сиёсат ва иқтисодий муаммоларга эътибор қаратишга мажбур қилишини, популистик ва экстремистик ҳаракатларни юзага келтиришини ва охир-оқибат Ғарб жамиятларининг қадриятларга асосланган ва институционал бирдамлигига путур етказишини» кутмоқда.

«Россия бу тенденцияларни рағбатлантириш учун оловга мой қуйишга тайёр», деб қўшимча қилинади унда.

Сифат назорати муаммолари

Кремлнинг чалкашлик келтириб чиқаришга тайёрлиги COVID-19га қарши самарали вакцина ишлаб чиқиш бўйича глобал пойгада яққол кўзга ташланган.

Россия режими Ғарбда ишлаб чиқарилган вакциналарни қоралаш кампаниялари билан бир қаторда ўзининг «Спутник V» вакцинасини тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ташвиқот кампаниясини бошлади.

Аммо «биринчи» бўлишга уриниш иштиёқи сифат назоратидан устун келган, дейди соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро мутахассислар.

Ўтган ҳафта Бразилиянинг дори воситаларини назорат қилувчи органи – Anvisa «Спутник V» импортини тўхтатишга қарор қилди. Вакцинанинг синов партияларида одатий шамоллашни келтириб чиқарадиган вирус намуналари аниқланган.

26 апрел куни бу муассаса мамлакат шимоли-шарқидаги бир нечта штатларнинг 30 миллион дозадан кўпроқ «Спутник V» вакцинасини харид қилишга оид сўровини рад этган.

Муаммо «аденовирус вектори» – одатда енгил респираторли касаллик келтириб чиқарадиган вирус билан боғлиқ, аммо вакциналарда бу вирус кўпаймаслиги учун генетик жиҳатдан ўзгартирилади ва инсон ҳужайраларини коронавируснинг тикансимон оқсилини ишлаб чиқишга йўналтирадиган ДНК ахборотинини ташиш учун таҳрирланади.

Бу жараён, ўз навбатида, инсон организмини ҳақиқий коронавирусга дуч келганда тайёр туришга ўргатади.

Интернетга жойланган слайд-шоуга кўра, Anvisa олимлари кичик доза намуналарини синаб кўриб, унинг «репликацияга лаёқатли» эканлигини аниқладилар – яъни танага кирганидан сўнг, аденовирус кўпайишда давом этиши мумкин.

Бу факт «ишлаб чиқариш жараёнларининг яхлитлигига оид саволларни пайдо қилмоқда» ва вакцинани қабул қиладиган иммунитети заиф инсонлар учун муаммо келтириб чиқариши мумкин, дейди Канаданинг вакцина ва юқумли касалликлар бўйича ташкилоти тадқиқотчиси, етакчи вирусолог шифокор Анжела Расмуссен AFP билан суҳбатда.

Номаълумлигича қолаётган яна бир муаммо шундаки, аденовирус векторининг репликациясига олиб келган ишлаб чиқариш муаммоси тикансимон оқсилнинг ДНК кодини бузиши ҳам аниқ эмас – бу ҳолатда вакцинани коронавирусга қарши эмлаш самарасиз бўлиб қолиши мумкин.

Вакцинани ишлаб чиққан Россиянинг Гамалея институти бу хабарларни рад этган.

Аммо бу каби муаммо илк марта юз бераётгани йўқ.

Апрел ойида шунингдек, Словакия ҳам импорт қилинган «Спутник V» вакциналари таркиби клиник тадкикотларда ишлатилган намуналарга мос келмаётганини айтиб, хавотир билдирган эди.

«Бу каби ҳолатлар бутун ишлаб чиқариш ва сифат назорати жараёнини шубҳа остида қолдирмоқда. Мен Бразилия назоратчи органларнинг хавотирини тушуниб турибман», деб ёзган америкалик кимёгар Дерек Лоу Science нашридаги блогида.

«Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарувчиларининг жавоби масъулиятсиз бўлди, дейди у.

Кремл шаффофликка оид хавотирларни аритиш ва уларга ечим топиш ўрнига, рад этиш ва айбни ўзидан соқит қилиш йўлини танлаган.

Хитой «ривожланаётган мамлакатларни» нишонга олди

Бу орада Пекин ўз вакцинасини «ривожланаётган мамлакатларга кўпроқ мос келадиган» деб тарғиб қилар экан, Ғарб вакцинасининг хавфсизлиги ва ҳатто коронавируснинг келиб чиқиши ҳақида «чалғитувчи гап-сўзларни» тарқатмоқда, дейилади ЕИ ҳисоботида.

Хитой ўзининг COVID-19 вакцинасини 27 та мамлакатга экспорт қилмоқда, яна 53 та давлатга эса беғараз «вакцина ёрдамини» тақдим этмоқда, деб баёнот берган эди мамлакат ташқи ишлар вазири Ванг Венбин феврал ойи охирида.

Аммо Хитойнинг шартли равишда тасдиқланган тўртта вакцинаси рақобатчи Pfizer-BioNTech, Moderna ва ҳатто «Спутник V» вакциналарига нисбатан паст самарадорлик кўрсаткичига эга.

Апрель ойида маҳаллий ОАВ Хитой касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш маркази директори Гао Фу «муассаса амалдаги вакциналар самарадорлигининг паст экани билан боғлиқ муаммони ҳал қилиш устида ишлаётгани» ҳақида хабар берган эди.

BBC нашрига кўра, у ҳозирги вакциналар, улар қаторида Sinovac ва Sinopharm вакциналари ҳам «юқори ҳимоя даражасига эга эмаслигини» айтиб ўтган.

COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқариш – Пекиннинг COVID-19 эпидемиясига нисбатан бепарво муносабати ва ундан кейинги дезинформация кампанияларини яшириш воситаларидан бири эди.

Пекиннинг яроқсиз COVID-19 тест тўпламлари, сифатсиз сунъий нафас олдириш мосламалари, сохта ниқоблар ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини экспорт қилиши қўшимча огоҳлантириш бўлиб хизмат қилади.

Покистондаги кўпчилик тиббиёт соҳаси ходимлари Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлигига шубҳа билан қарайдилар.

Март ойида «Gallup Pakistan» ва тиббиёт соҳаси ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот – Покистон ислом тиббиёт уюшмаси томонидан ўтказилган сўровномага кўра, мамлакатдаги тиббиёт соҳаси ходимларининг қарийб ярмида Sinopharm вакцинасига нисбатан хавотир бор, улар AstraZeneca ёки Pfizer вакциналарини тавсия қилишларини айтганлар.

«Тиббиёт соҳаси ходимлари орасида COVID вакцинасини олишга иккиланиш йўқ», дейди Карачидаги ҳамширалар уюшмаси етакчиси Жавод Ҳусайн. «Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинага нисбатан ҳар қандай шубҳа унинг самарадорлиги ва хавфсизлиги билан боғлиқ.»

«Покистонлик шифокорлар орасида Хитой Покистон ҳукуматига вакцина ҳадя қилиб, улар устида паст сифатли COVID вакцинаси синовини ўтказмоқда, деган фикр кенг тарқалган», дейди пешоварлик тиббиёт ходими Салмон Афридий.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500