Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистон ИДга алоқадор оилаларнинг 92 аъзосини Суриядан ватанига қайтарди

Карвонсарой ва AFP

30 март куни Сурия шимоли-шарқидаги ИД жангариларининг қариндошлари учун мўлжалланган курдлар тасарруфидаги икки жамлоқнинг энг йириги – «Ал-Ҳол» яқинида қўриқчилик қилаётган Сурия демократик кучлари аскари. [Делил Сулаймон/AFP]

30 март куни Сурия шимоли-шарқидаги ИД жангариларининг қариндошлари учун мўлжалланган курдлар тасарруфидаги икки жамлоқнинг энг йириги – «Ал-Ҳол» яқинида қўриқчилик қилаётган Сурия демократик кучлари аскари. [Делил Сулаймон/AFP]

ҚАМИШЛИ, Сурия – Жума (30 апрел) куни Сурия шимоли-шарқидаги курдлар ҳукумати «Ислом давлати» (ИД) жангариларининг оила аъзолари деб гумон қилинган 92 нафар ўзбекистонлик аёл ва болани ватанига юбориш учун Ўзбекистон делегациясига топширди.

Курд маъмурияти маълумотига кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи 24 аёл ва 68 болани олиб кетиш учун Курдлар назорати остидаги Қамишли шаҳрида бўлган.

Болаларнинг етти нафари етим, деди курд расмийси Абдулкарим Омар.

2014 йилда Сурия ва Ироқдаги катта ҳудудларни эгаллаган ва ўзини протодавлат деб эълон қилган ИД 2019 йил март ойида асосан курд жангчиларидан иборат Сурия демократик кучлари (СДК) ва халқаро коалицияга енгилган эди.

Сурия шимоли-шарқида ИД жангариларига қариндош деб гумон қилинган минглаб одам сақланувчи иккита йирик жамлоқни назорат қилаётган суриялик курдлар бир неча бор дунё давлатларини бу ердаги фуқароларини олиб кетишга чақирган.

Уларнинг чақириқлари кўп ҳолларда эътиборсиз қолдирилган бўлиб, шу чоққача чекланган сондаги одамлар, асосан болаларнинг ватанига қайтишига рухсат берилган.

Ўзбекистон ҳам бошқа Марказий Осиё давлатлари сингари ўз фуқароларини ватанига қайтариш учун курдлар билан ҳамкорлик қилаётган асосий мамлакатлар сафидан ўрин олган.

Ўзбекистон Сурия ва Ироқдан 318 дан ортиқ аёллар ва болаларни уч гуруҳга бўлиб ватанига олиб келган. Бу ҳақда апрел ойида 92 нафар ўзбекнинг ватанига қайтарилиши олдидан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ жамоат телерадиоэшиттириш хизматига маълум қилган эди.

Биринчи навбатда – болалар

Сурия ва Ироқдаги айрим фуқароларини ватанига қайтарган Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам болалар репатриациясига устувор аҳамият қаратдилар.

Қозоғистон Суриядан ўз фуқароларини олиб келган Марказий Осиёдаги илк мамлакат бўлди.

Қозоқ ҳукумати «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида 188 нафар аёлни ватанига қайтарди. Уларнинг экстремистик гуруҳдан кўрган даҳшатлари ҳақидаги ҳикоялари жуда кўп материалларни тақдим этган.

2019 йилдан бери Ироқ ва Суриядан қозоғистонликлар, асосан аёллар ва болаларни ватанига қайтариш бўйича бешта «Жусан» операцияси амалга оширилган.

«Умумий ҳисобда 700 дан ортиқ фуқаролар репатриация қилинди», деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ержан Ашикбаев 8 январ куни «Жусан-5» операциясидан бир неча ҳафта олдин Вашингтондаги Атлантика кенгаши мезбонлигида ўтган видеомулоқотда.

Ватанига қайтарилганлар орасида 490 нафар ёш бола, 187 аёл ва «барчаси террорчиликда айбланиб, жазога тортилган 33 нафар эркак» бор, деди у.

Яқинда амалга оширилган «Жусан-5» операциясида бу рақамлар янада ортди – яна тўрт эркак, бир аёл ва етти бола Қозоғистонга қайтарилди. Болаларнинг иккитаси етим қолган.

Шунингдек, 16 март кунидаги чартер рейс билан Ироқдан 79 нафар қирғизистонлик бола ватанига олиб келинган, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси. Уларнинг оналари Ироқдаги қамоқхонада қолишган.

Улар Қирғизистон ҳукуматининг «Меерим» («Меҳр») инсонпарварлик операцияси доирасида ватанига қайтарилган бўлиб, бу мамлакатнинг юзлаб фуқаролари Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган экстремистик гуруҳлар сафига қўшилганидан бери амалга оширилган биринчи йирик репатриациядир, деб хабар берган Ташқи ишлар вазирлиги.

Январ ойидан бери Тожикистон Суриядаги курдларга қарашли жамлоқлардан 200 дан ортиқ аёллар ва болаларни ватанига қайтариш устида ишламоқда, деган эди Қувайтдаги Тожикистон элчиси Зубайдулло Зубайдзода Карвонсарой нашрига.

Бугунги кунга қадар нечта одам репатриация қилингани номаълумлигича қолмоқда.

Туркманистон ИД сафига қўшилган фуқаролар сони ёки у ердан қайтиб келганлар ҳақида маълумот бермаган.

Реабилитация даври

Уруш ҳудудларидан қайтганлар одатда реабилитация жараёнидан ўтадилар.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Ализа Солтонбекованинг сўзларига кўра, март ойида Қирғизистонга қайтиб келган болалар учун бу жараён психологик баҳолаш ва тўлиқ тиббий кўрикни ўз ичига олган.

Бунга одам иммунотанқислиги вируси (ОИВ), вирусли гепатит, вабо ва безгакка текшириш, шу билан бирга COVID-19 учун полимераза занжирли реакция (ПЗР) тестини олиш ҳам киради, деди у.

«Болалар учун маданий тадбирлар, жумладан цирк, қўғирчоқ театри, концертлар, интерактив ўйинлар ва мусобақаларга боришни ташкиллаштириш режалаштирилмоқда», деган эди Солтонбекова апрел ойида.

Болалар ва оналарнинг мавжуд ҳужжатларига асосланиб, Қирғизистон ҳукумати улар учун зарур ҳужжатларни олиш ва болаларнинг васийлигини қонунийлаштиришни ўз зиммасига олади, деди Солтонбекова.

«Болаларга туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома каби ҳужжатларни олиш ёки қайта расмийлаштириш билан тегишли давлат идоралари шуғулланади», деди у.

2020 йил май ойида Қозоғистонда Яқин Шарқдаги уруш ҳудудларидан қайтган болаларни ижтимоий реабилитация қилишни кўзда тутувчи қонун қабул қилинди.

Янги қонунга биноан, Таълим ва фан вазирлиги бу болаларнинг ижтимоий реабилитациясини назорат қилади ва кўрилажак чораларни белгилайди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500