Карвонсарой
Жамият

Қозоғистонликлар лотин ёзувига асосланган янги алифбони маъқулламоқда

Канат Алтинбаев

image

2018 йил 25 сентябрда олинган бу суратда лотин алифбоси тажриба сифатида ўргатилаётган мактабларидан бири – Остонадаги (ҳозирги Нур-Султон) 76-сонли мактабдаги дарс жараёни акс этган. Қозоқ тили 80 йилдан ортиқроқ вақт давомида кирилл ёзувини қўллаб келган. [Станислав Филиппов/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоқ алифбосини русча кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказишга оид саъй-ҳаракатлар Қозоғистонда илиқ қаршиланди – имловий ислоҳот асосан позитив ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий қадам сифатида баҳоланган.

Қозоғистонликларга кўра, лотин алифбосининг қабул қилиниши тилнинг ўзи учун фойдали бўлибгина қолмай, балки унинг ривожланишига кўмаклашиш орқали Қозоғистонни дунё ҳамжамияти билан янада яқинлаштиради.

1929 йилда советлар ҳукумати Совет Иттифоқида муомалада бўлган араб ёзувига асосланган алифболарни лотин ёзувига ўзгартирган. Атеист ҳукмдорларнинг бу ҳаракати Марказий Осиё ва озарбайжонларнинг келажак авлодларини ота-боболари асрлар давомида билган барча матнлар, жумладан исломий матнлардан ҳам узоқлаштирган.

1940 йилда эса кирилл алифбоси жорий қилиниб, бу тиллар рус тили билан боғланди.

Ҳукумат ташаббуси билан бошланган қозоқ алифбосини лотин ёзувига ўзгартириш таклифи 22 апрелдан 6 майга қадар жамоатчилик муҳокамасидан ўтди.

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин лотин алифбоси стандарт бўлиб қолишига ишонч билдирди.

«Алифбонинг такомиллаштирилган версияси қозоқ тилини ривожлантиришга янги туртки бўлиб, уни замонавий тенденцияларга мувофиқ равишда қайта тиклашга ёрдам беради», деди Мамин 28 январ куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида.

Лотин ёзувига босқичма-босқич ўтишга тайёргарлик ишларини, шу жумладан «жамоатчилик орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш» керак бўлади, деди у. Лотин ёзувига босқичма-босқич ўтиш жараёни 2023 йилдан бошланиши режалаштирилган.

Янги алифбога ўтиш жараёни 2021 йилда тугалланиши кутилмоқда.

«Тарихий ўтмишга қайтиш»

Лотин алифбоси қозоқ тилининг аввалги ёзма шакли каби «бир товуш – бир ҳарф» тамойилига амал қилади. Янги алифбога ўтиш таклифи ҳозирга қадар қозоғистонликлар томонидан илиқ қарши олинган.

«Бу алифбо қозоқ тилига ҳаммасидан ҳам кўпроқ мос келади», дейди «Магнум» чакана савдо тармоғининг менежери ва маслаҳатчиси Алуа Конисбаева. Унинг айтишича, Қозоғистон лотин алифбосига аллақачон ўтиши керак эди.

«Қозоқ тили кирилл ёзувига ўтишидан олдин боболаримиз ва бувиларимиз лотин ёзувидан фойдаланганлар», деди у. «Биз тарихий ўтмишимизга қайтмоқдамиз.»

«Ситуатив қозоқ тили» қўлланмасининг муаллифи, тилшунос Канат Тасибеков ҳам лотин алифбосига ўтиш тарафдори.

«Бу зарурат эканлиги аён, зеро кирилл ёзуви етарли даражада стандартлаштирилмагани туфайли кўп ҳолларда қозоқ тилини ўрганиш қийинлашади, бу эса муаммо келтириб чиқаради», дейди олмаоталик Тасибеков.

«Масалан, айрим сўзларнинг қандай ёзилиши маълум эмас», деди у.

Унинг сўзларига кўра, лотин алифбосига ўтиш қозоқ тилини ривожлантиришга туртки бериб, тилни ислоҳ қилишга йўл очади.

«Лотин ёзувидаги замонавий алифбо QWERTY клавиатураси ёрдамида қозоқ тилида матн териш учун қулай ва амалий бўлиши лозим», деди у.

Россия таъсирини камайтириш

Қозоғистоннинг ўша вақтдаги президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ тилини лотин алифбосига ўтказиш зарурлигини илк марта 2017 йилда айтиб ўтган.

Ҳукумат алифбонинг ўнлаб вариантларини, шунингдек, қозоқ тили учун имло қоидалари ва клавиатурадаги қозоқ ҳарфларининг тартибини ишлаб чиқди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида очиқ муҳокамалар ташкил этилди.

2017 йилдан бери қозоқ алифбосининг турли лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтди. Уларга диграфлар – битта товушни ифодаловчи икки ҳарф бирикмаси ва апострофлар киритилган. Бу лойиҳаларнинг ҳаммаси тилшунослар ва кенг жамоатчиликнинг танқидига учраб, якуний босқичдан ўтолмади.

Бошланғич cинфлар ўқувчилари 2023 йилдан бошлаб лотин ёзувидаги янги қозоқ алифбосидан фойдаланишни бошлайдилар, деган эди қозоғистонлик сенатор, алифбо бўйича миллий комиссияси аъзоси Мурат Бахтиёрули феврал ойида Анадолу янгиликлар агентлигига.

Кирилл ёзувидан лотин имлосига ўтиш ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, «ёшлар орасида қозоқ тилининг кенг тарқалишида муҳим омил» бўлади, дейди у.

Орфографик ислоҳотлар қозоқ маданиятини ёйиш ва Қозоғистонни Россия таъсиридан янада узоқлаштириш ҳаракати ўлароқ баҳоланмоқда.

«Россиянинг таъсири ўтмишга айланмоқда», дейди Нур-Султонлик Сарим.

«Қозоғистонликларнинг янги авлоди қозоқ тилида сўзлашаётганига гувоҳ бўляпмиз», деб қўшимча қилди Сарим. «Унинг миллий ўзликни англаш даражаси Совет даврида улғайган катта авлодга нисбатан юқори.»

Қозоғистондаги жорий трендлар Россиянинг ғашига тегади, чунки унинг Марказий Осиё республикаларидаги маданий таъсири камайиб бормоқда дейди у.

Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон 1991 йилда мустақилликка эришганларидан кейин мос равишда қозоқ, қирғиз, тожик, туркман ва ўзбек тилларини давлат тили деб эълон қилганлар.

Кейинги қадам аста-секин кирилл ёзувидан воз кечиб, уни лотин ёзувига алмаштириш бўлган. 1993 йилда Ўзбекистон лотин ёзувига ўтиш бўйича узоқ йўлни бошлади, 2023 йилга келиб бу жараён якунига етиши кутилмоқда. Туркманистон 1991 йилда лотин ёзувига ўтган.

Қирғизистон ва Тожикистонда ҳалигача кирилл ёзуви амал қилади.

Кирилл ёзувидан воз кечиш қозоқ қадриятлари устун бўлган жамиятни яратиш йўлидаги табиий ҳаракатдир, дейди парламентнинг қуйи палатаси (Мажлис) аъзоси Айдос Сарим.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Хайр, кирилл ёзуви )))

Жавоб бериш

Лотин ёзуви зўр

Жавоб бериш