Карвонсарой
Иқтисодиёт

Тожикистон ва Афғонистон кўприклар ёрдамида иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Карвонсарой

Афғонистон-Тожикистон чегарасидаги Қуйи Панждаги очилиш маросимида кўприк устидан ўтаётган пиёдалар, 2007 йил 26 август. Кўприк қурилишини Қўшма Штатлар молиялаштирган. Оғахон тараққиёт тармоғи Тожикистонни Афғонистон билан боғлайдиган яна олтита кўприк қурилишини молиялаштирган. [AFP/STR фотоси]

Афғонистон-Тожикистон чегарасидаги Қуйи Панждаги очилиш маросимида кўприк устидан ўтаётган пиёдалар, 2007 йил 26 август. Кўприк қурилишини Қўшма Штатлар молиялаштирган. Оғахон тараққиёт тармоғи Тожикистонни Афғонистон билан боғлайдиган яна олтита кўприк қурилишини молиялаштирган. [AFP/STR фотоси]

Ўтган ҳафтада эълон қилинган баёнотга кўра, Оғахон жамғармаси Тожикистон, Афғонистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мутасаддиларига тожик-афғон иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришда кўмаклашиш учун лойиҳанинг бошқарув қўмитасини таъсис этган.

Қўмита Минтақавий иқтисодий тараққиёт имкониятлари ва ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш (SCORED) шафелигидаги фаолият олиб боради.

Оғахон жамғармаси ва Европа Иттифоқи Афғонистон ва Тожикистоннинг чегара туманларида иқтисодий ривожланиш ва интеграцияни рағбатлантириш мақсадида SCORED лойиҳасини молиялаштирмоқда.

Бошқарув қўмитаси минтақавий ҳамкорлик ва трансчегаравий иқтисодий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган ҳар йилги бирлашмадир.

У трансчегаравий кўприклар ва йўлларни ривожлантириш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи билан шуғулланади.

Бундан ташқари, қўмита иқтисодий ҳамкорлик учун имкониятлар топиш умидида Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вилоятларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини таъминлайди.

Оғахон жамғармасига кўра, SCORED бюджети 20 миллион еврони ташкил этади.

Шундан 15 млн. евро Европа Иттифоқига тегишли. Бу ҳақда ЕИнинг ўтган ҳафтадаги баёнотида маълум қилинган. Унда 2017-2022 йилларда амалга оширилиши режаланган ишлар очиқланган.

Бу каби иқтисодий ҳамкорлик Афғонистонни минтақадаги тижорат билан боғлаши баробарида, экстремизмга йўл очадиган тушкунликни бартараф этишга ёрдам беради.

Тожикистон Афғонистонни қўллаб-қувватлаётган ягона мамлакат эмас. Уни тинч иқтисодий тараққиётга йўналтиришга Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиёдаги бошқа икки давлат ҳам ҳисса қўшган.

Туркманистон Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон (ТАПҲ) табиий газ қувурини қурмоқда ва Афғонистонга электр энергияси экспорт қилмоқда. Афғонистонга олиб борувчи темир йўл барпо этган Ўзбекистон ҳам ўз қўшнисини электр энергияси билан таъминлайди.

Ёрдам кўприги

Чегаралараро интеграцияга оид саъй-ҳаракатлар доирасида ўтган ҳафта Тожикистон ва Афғонистон расмийлари видеоанжуман орқали Панж дарёси бўйлаб кўприк қуриш режаларини муҳокама қилишди, дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.

Тожикистон транспорт вазирлигининг маълум қилишича, қуриб битказилажак кўприк Тожикистоннинг Хатлон вилояти Фархор туманидаги Кокул аҳоли пунктини Афғонистоннинг Тахор вилоятидаги Ойхоним қишлоғи билан боғлайди.

Видеоанжуманда Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим, Афғонистон иқтисодиёт вазири Карима Ҳамед Фарёбий, Оғахон тараққиёт жамғармаси расмийлари ҳамда Тожикистон ва Афғонистон вилоятлари расмийлари иштирок этишди.

Оғахон жамғармаси Оғахон тараққиёт тармоғига қарашли ташкилот ҳисобланади.

Тожикистон транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, кўприкнинг узунлиги 180 метрни ташкил қилади. Унинг қачон қуриб битказилиши маълум қилинмаган.

Тожикистон ҳукуматига кўра, Оғахон тараққиёт тармоғи олтита тожик-афғон кўприги қурилишини, АҚШ ҳукумати эса биттасини молиялаштирган.

Шунингдек, Оғахон тараққиёт тармоғи чегара ҳудудидаги афғонларга Тожикистонда бепул тиббий ёрдам олиш имкониятини берадиган шартномани молиялаштирмоқда ва афғонистонликларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини яхшилаш устида ишламоқда.

Шифокорларнинг айтишича, Тожикистон билан тахминан 1300 км узунликдаги умумий чегарада жойлашган қишлоқларда яшовчи афғонларга даволаниш учун Афғонистон ичкарисига боришдан кўра, чегарани кесиб ўтиш осонроқ.

Бу келишув 2017 йилда Тожикистон шифохонаси оғир жароҳатланган 11 афғон аскарини даволаб, уларнинг 10 нафарини қутқариб қолганида муҳим аҳамият касб этган эди.

Гарчи 2020 йилда COVID-19 туфайли чегаралар ёпилиши ортидан шартнома вақтинча тўхтаб қолган бўлса-да, у ҳанузгача амалда, дейди Тоғли Бадахшон автоном вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Фарид Музаффаров.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500