НУР-СУЛТОН – Жорий ҳафтада Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалиги ерларини хорижликларга сотишни тақиқлаши мамлакатнинг Хитой экспансияси ва инвестициявий схемаларидан хавотири кучайиб бораётганидан дарак бермоқда.
Ер кодексига киритилган шубҳали ўзгартиришлар ортидан режимга кучли таъсир қилган ва Хитойга қарши кайфиятни кучайтирган оммавий норозиликлардан сўнг, 2016 йилда ерни хорижликларга лизингга бериш ва сотишнинг тўхтатилиши қонунийлаштирилган.
Ўша йилги норозиликлар ҳукуматнинг хорижликлар учун ер лизингини узайтириш масаласида ер кодексига ўзгартириш киритиш ҳақидаги таклифи ортидан бошланган. Бу таклиф лойиҳаларни инвесторларга жозибадор кўрсатиши айтилса-да, хитойлик харидорлар Қозоғистонда катта ҳудуддаги қишлоқ хўжалигини ерларини сотиб олиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни кучайтирган.
Қозоғистонлик тадбиркорлар учун шарт-шароитлар яратиш
Мухолифатчи гуруҳлар Хитойнинг инвестициявий лойиҳаларига қаршиликни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги намойишларга тайёрланаётган бир вақтда, пайшанба (13 май) куни президент Қосим Жўмарт-Тўқаев янги қонунни имзолади.
Янги қонун «хорижликларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини харид қилиши ва лизингга олиши имкониятларини истисно қилади», деб айтган Тўқаевнинг маслаҳатчиси Эрлан Карин чоршанба куни ўзининг Телеграм саҳифасида.
«Хорижликларга ер сотиш ва ижарага беришни тақиқлаш – ҳукумат ва жамият ўртасидаги консенсус асоси бўлиб, биз уни энг устувор вазифа сифатида белгилаб олишмиз керак эди», деб айтган Қозоғистон парламенти ва Қоғозистоннинг ер ислоҳоти масаласи бўйича комиссияси аъзоси Айдос Сарим. У қонунни ёқлаб овоз берган.
«Жамиятга ишонч ва хотиржамлик берадиган келишувга эришиш – биз учун муҳим», дейди у.
У қонуннинг аграр соҳа учун муҳим инвестициялар оқимини тўхтатиб қўйиши мумкинлигига оид хавотирларни рад этган.
«Фермерлар ва инвесторлар тушунадиган ва 20 йил давомида амал қиладиган қоидаларни ишлаб чиқишимиз керак», дейди Сарим. «Бу ҳолатда етарли даражадаги ўзаро ишонч билан самарали аграр бозорни ярата оламиз ва қишлоқ хўжалигидаги ерларимиздан ўзимизнинг қозоғистонлик тадбиркорларнинг фойдаланиши манфаатлироқ бўлади.»
Мухолифат фаоли Жанболат Мамай ўзининг Facebook саҳифасида янги қонунни «ғалаба» деб атаган бўлса-да, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи фаолларни шанба куни Олмаотада тўпланишга чақирган.
«Ҳеч қачон ерларимизни хорижликлар учун ижарага бермаслигимиз ҳақида ҳукуматни огоҳлантирамиз! Қозоғистонда 56 та Хитой заводи қурилишига қарши чиқишимиз керак!», деб ёзган у.
Хитой билан битимлар норозиликка сабаб бўлмоқда
Пекин ўзини иқтисодий ҳамкор сифатида намоён қилаётганига қарамай, Хитойнинг Қозоғистондаги хатти-ҳаракатлари ташвиш ва норозиликлар келтириб чиқармоқда.
Қозоғистон ҳукумати қўшни Хитойдан инвестиция киритилиши кутган. Қозоғистон ташқи ишлар вазири Марказий Осиё мамлакатини Пекиннинг триллион долларлик «Бир камар – бир йўл» ташаббусининг боғловчи қисми деб ҳам атаган.
Аммо жойлардаги вазият умуман бошқача. Қозоқлар бу лойиҳанинг Хитойга салкам эгалик ҳуқуқини берувчи қишлоқ хўжалиги ерларини сотиб олиш ёки манфаатли, узоқ муддатли шартномаларни имзолаш имкониятини беришидан хавотирда.
Таҳлилчиларнинг огоҳлантиришича, керагидан ортиқ мақталган «Бир камар – бир йўл» ташаббуси Марказий Осиё мамлакатларининг Пекинга жуда узоқ муддатга қарздор бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.
«Бир камар – бир йўл» Хитойнинг геосиёсий мақсадлари учун муҳим воситадир, дейилади Вашингтондаги Янги Америка хавфсизлиги тадқиқот марказининг 2019 йил апрелдаги ҳисоботида.
«Мезбон тарафнинг назоратни бой бериш, шаффофсизлик, қарз, иккиламчи қўллаш имкониятлари ва коррупция кабиларга олиб келувчи мажбуриятлари Пекиннинг стратегик активи ҳисобланади», дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Хитойнинг сўнгги баёнотлари Пекиннинг Қозоғистон суверенитетини тан олишини шубҳа остига қўймоқда.
«Хитой ва Қозоғистон қуролли кучлари «учта ёвуз куч» билан қатъий курашмоқда ва минтақада «рангли инқилоб» бошланишига қаршилик қилмоқда», деб айтган Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо 1 август куни қозоқ оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
Пекин «учта ёвуз куч» атамасини террорчилик, экстремизм ва айирмачиликка нисбатан қўллаб келади.
Кўпчилик қозоғистонликлар эса «рангли инқилоб»нинг тилга олинишини Хитой Қозоғистонга ўз қуролли кучларини юбормоқчи, деб тушунган.
2020 йил апрел ойида Хитойнинг Sohu.com веб-сайтида Қозоғистоннинг ўз ҳудудига нисбатан суверенитетини шубҳа остига олган ва бу ерлар тарихда Хитойга қарашли бўлгани ва «Қозоғистон Цин сулоласининг вассали бўлганини» таъкидлаган мақола чоп этилиши ортидан Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги норозилик нотаси топшириш учун Хитой элчиси Чжанни чақиртирган эди.
Пекиннинг ҳудудий даъволари Марказий Осиёдаги аксилхитой кайфиятини кучайтирмоқда, деган эди Orbita.kg нашрининг журналисти Марс Абаев ўтган йил октябр ойида.
Бу баёнотлар, шунингдек, Марказий Осиёдаги яна бир ҳудуднинг Хитойга том маънода бой берилиши қозоғистонликларнинг хавотирига асос бўлди.
2011 йилда Тожикистоннинг 1100 кв. км ҳудуди Хитой ихтиёрига ўтказилгани кўплаб тожикистонликларни жунбушга келтириб, бошқа Марказий Осиёликларнинг ҳам эътиборини тортган эди. Тожикистон бу ерларни ўз қарзларининг бир қисмидан қутулиш учун Хитой ихтиёрига топширган.
Шинжон сабоқлари
Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларни сиқувга олиши қозоғистонликларнинг Пекинга нисбатан норозилигини янада кучайтирган.
«Қозоғистондаги ер ислоҳотига қарши норозилик намойишларига асосан аксилхитой кайфиятлари сабаб бўлган», дейди Истанбулда истиқомат қилувчи қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Серикжан Билаш.
«Қозоғистонликлар мамлакатга хитойликлар келишини истамайди. Хитойликлар Шинжондаги ватандошларимизни [этник қозоқларни] ва бошқа мусулмон озчиликлар вакилларини таъқиб қилмоқдалар, уларнинг фундаментал инсоний ҳуқуқларини поймол қилмоқдалар, уларни қайта тарбиялаш лагерларига юбориб, даҳшатли шароитларда ушлаб, қийноққа солмоқдалар», деди у.
«Биз хорижликларга ер сотиш ва ижарага беришнигина эмас, балки Хитойнинг иқтисодий экспансиясини, шу жумладан Қозоғистонда янги Хитой корхоналарининг очилишини ҳам қонунан тақиқлашга эришишимиз лозим», деб қўшимча қилди у.
Пекин бир миллиондан орти уйғурлар ва бошқа туркий мусулмонларни, жумладан қозоқ ва қирғизларни «сиёсий таълим» лагерлари, тергов изоляторлари ва қамоқхоналардан иборат 400 га яқин муассасада ҳибсда сақламоқда.
Ҳатто Шинжонга қариндошларини кўргани борган қозоғистонликлар ҳам ҳибсхоналарга тушиб қолишган.
Бу ҳудудда камида 1,5 миллион қозоқ истиқомат қилади. Улар уйғурлардан кейин энг йирик туркий этник гуруҳдир.
Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.
Аммо, мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар, қўриқчилардан олинган интервьюларда мунтазам зўрлашлар, қийноқлар, жинсий таҳқирлаш, мажбурий стерилизация ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.
[Мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев кўмаклашган.]
Қозоғистонда йирик ер эгалари кўпроқ. Шу тариқа уларнинг ҳам пайи қирқиладиган бўлди.
Жавоб беришФикрлар 1