Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Шинжонда исломни бўғиш кампанияси доирасида Хитой мингдан ортиқ имомни ҳибсга олган

Карвонсарой

Хитойнинг Шинжон вилояти Қашғар шаҳридаги Ийдгоҳ масжидида пешин намозидан кейин қавм билан бирга ўтирган имом. [Frederic J. Brown/AFP]

Хитойнинг Шинжон вилояти Қашғар шаҳридаги Ийдгоҳ масжидида пешин намозидан кейин қавм билан бирга ўтирган имом. [Frederic J. Brown/AFP]

Текширув ҳисоботига кўра, Пекиннинг Шинжон минтақасидаги мусулмонларга нисбатан давом этаётган тазйиқлари доирасида Хитой 1000 дан ортиқ имомлар ва диний арбобларни ҳибсга олган.

Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси (UHRP) 13 май куни суд ҳужжатлари, оилаларнинг гувоҳлик кўрсатмалари, ОАВ ҳамда очиқ ва махфий маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаган ҳисоботини чоп этди. Унда «2014 йилдан бери диний таълим ва жамоатга бош бўлиш айблови билан ҳибсга олинган» 1046 нафар имом ва бошқа диний арбобларнинг тақдирига ойдинлик киритилган.

«Ахборотнинг жиддий чеклангани ҳисобга олинса, қайд этилган барча ҳолатлар айсбергнинг чўққиси экани англашилади», дейилади ҳисоботда.

«Динни ёйгани учун» ҳибсга олинган

Ҳисоботда айтилишича, Хитой режими асосан 1960-1980 йилларда туғилган уйғур диний арбобларини, шунингдек, худди шу ёш гуруҳидаги этник қозоқлардан бўлган дин пешволарини, шунингдек, бир неча этник қирғиз, ўзбек ва татар арбобларини таъқиб қилган.

Шинжон вилояти, Қашғар шаҳридаги Ийдгоҳ масжидида Рамазон ҳайити намозини ўқиб, метро олдидан ўтиб кетаётган уйғур эркаклари, Хитой, 5 июнь, 2019 йил. [Greg Baker/AFP]

Шинжон вилояти, Қашғар шаҳридаги Ийдгоҳ масжидида Рамазон ҳайити намозини ўқиб, метро олдидан ўтиб кетаётган уйғур эркаклари, Хитой, 5 июнь, 2019 йил. [Greg Baker/AFP]

2019 йил 4 июн куни олинган бу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Янгисар шаҳридаги турар-жой мажмуасида ўрнатилган тиконли симлари ортидаги Хитой байроғи тасвирланган. [Greg Baker/AFP]

2019 йил 4 июн куни олинган бу фотосуратда Хитойнинг Шинжон вилояти Янгисар шаҳридаги турар-жой мажмуасида ўрнатилган тиконли симлари ортидаги Хитой байроғи тасвирланган. [Greg Baker/AFP]

Тасдиқловчи далиллари мавжуд 630 та ҳолатда камида 304 та имом бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркий озчиликлар вакиллари сақланадиган «қайта тарбиялаш» лагерларига эмас, балки қамоққа олинган.

Қамоққа олишга «ноқонуний диний таълим бериш» (кўп ҳолларда болаларга), давлат масжидларидан бошқа жойларда намоз ўқиш», «қонунга хилоф» диний материалларни сақлаш, хориж билан алоқа ёки сафарлар, айирмачилик ёки экстремизм, тўй ва дафн маросимларида мавъизалар, шунингдек бошқа диний мансубликка қарши қаратилган бошқа айбловлар сабаб бўлган», деб хабар берди UHRP.

Айримлар «бошқаларни намоз ўқишга ўргатиш», «Мисрда олти таълим олиш» ва «Қуръонни ёқишга топширишдан бош тортиш» учун 15 йил ва ундан кўпроқ муддатга, шунингдек «одамларни тўплаб, даъват қилганлик учун» умрбод қамоққа ҳукм қилинган, дейилади ҳисоботда.

Маҳкумларнинг яқинларига кўра, мавъиза қилиш, азон айтиш ёки жамоат намозига имомлик қилиш кабилар кўп ҳолларда шундай «жиноятларларга» тенглаштирилган.

Бу ҳукмлар Шинжонга хос судловнинг шафқатсиз характерини акс эттирган: 96 фоиз одам камида беш йилга, 26 фоизи 20 йил ва ундан ортиқроққа ҳукм қилинган, шу жумладан 14 та одамга умрбод қамоқ жазоси берилган.

Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасига кўра, камида 18 имом ҳибсдалик чоғида ёки кейинроқ ҳаётдан кўз юмган.

Динни экстремизм билан тенглаштириш

Хитойликларнинг ҳибсга олиниши ёки айблов ҳужжатлари камдан-кам ҳолларда оммага ошкор қилинади, аммо мавжуд ҳужжатлар Хитой режими динга амал қилишни экстремизм ёки сиёсий бўлгинчилик билан боғлашга уриниб келганини кўрсатмоқда, деб ёзади ҳисоботни ўрганиб чиққан BBC.

Масалан, Шинжон жабрдийдаларининг маълумотлар базасини ўрганган Жин Буниннинг сўзларига кўра, 2018 йилда вилоятда 74348 та жиноий иш очилган бўлса-да, ўша йили Шинжон учун фақат 7714 та суд ҳукми мавжуд бўлган.

Суд ҳужжатлари «ҳеч қаердан топилмаган», деди у Хитой бу қайдларни атайин йўқотишини тахмин қилиб.

Ҳужжатлаштирилган жиноий ишларнинг бирида, Шинжонда яшовчи 51 ёшли этник қозоқ имоми Окен Маҳмет 2017 йили «экстремизмни тарғиб қилиш»да айбланган.

Маҳмет «никоҳ ўқиш, таълим, ҳукумат бошқарувига оид қонунларни бузганликда, шунингдек, экстремизмга оид материалларни тайёрлаш ва тарқатишда» айбланиб қўлга олинган, дейилади ҳибсга олиш билдиришномасида.

Шинжон жабрдийдалари маълумотлар базасига кўра, оила аъзолари унинг жума намозига имомлик қилгани ва масжидда никоҳ ўқигани учун қўлга олингани ҳақида хабар берганлар.

Унга 8-10 йиллик қамоқ жазоси тайинлагани айтилади.

Ҳатто Хами перфектурасининг ҳукумат тасдиқлаган 58 яшар имоми Бақитхан Миржан ҳам 2018 йил август ойида «экстремизмни тарғиб қилгани» учун ҳибсга олинган. 2019 йил май ойида суд уни Бинтуан-Урумчи қамоқхонасида 14 йиллик қамоқ жазосини ўташга ҳукм қилган.

Миржоннинг ягона «гуноҳи» имом сифатида ўз вазифаларини бажаргани бўлган, дейди унинг оиласи.

Атуш шаҳридан бўлган таниқли олим ва имом Обидин Аюб суд ҳужжатларида «қайта тарбияланиши ва ислоҳ қилиниши керак бўлган, миллий хавфсизликка таҳдид солувчи шахслар билан алоқада бўлган диний эктремист» деб зикр қилинган.

2017 йили ҳибсга олинган вақтда унинг ёши 88 да эди.

Аюбнинг Қўшма Штатларда қўним топган жияни Марям Муҳаммаднинг BBCга айтишича, амакиси қўлга олинганидан бери 60 га яқин оила аъзолари, жумладан унинг турмуш ўртоғи ва имомнинг саккиз фарзанди ҳам қамоққа олинган.

Хитой аслида «жамиятда одамларни бирлаштира олиш қобилияти» борлиги сабаб имомларни таъқиб қилмоқда, дейди UHRP дастурининг катта ходими Питер Ирвин.

«Ҳукумат имомларнинг таъсирини билгани учун узоқ муддат уларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиб келган», деди BBC билан суҳбатда. «Сўнгги йиллардаги ҳибслар ва қамоққа олишлар уйғур маданияти ва динини чеклашга қаратилган ўттиз йиллик репрессиянинг кулминациясидир.»

Ислом маданиятини йўқ қилишга уриниш

UHRP баёноти Пекин исломий маданият ва динни йўқ қилиш, этник озчиликларни кўпчиликни ташкил қилувчи Хитой ханларига ассимиляция қилишга уринаётганини яна бир карра тасдиқлаган.

Сунъий йўлдош тасвирлари ва статистик моделлаштиришга асосланган ҳужжатларга кўра, Хитой ҳукумати 16000 га яқин масжидни вайрон қилган ёки уларга зарар етказган, дейилади Австралия стратегик сиёсат институтининг (ASPI) ўтган йил сентябр ойидаги ҳисоботида.

Ҳисоботга кўра, вайронагарчиликларнинг аксарияти сўнгги уч йилда содир этилган ва тахминан 8500 масжид вайрон қилинган.

Бузилишдан омон қолган кўплаб масжидларнинг гумбаз ва миноралари олиб ташланган. Тадқиқот натижаларига кўра, Шинжон атрофида 15 ярим мингдан камроқ бутун ва зарар кўрган масжидлар қолган.

ASPI маълумотларига кўра, Шинжондаги масжидлар, қабристонлар ва зиёратгоҳлар каби исломга оид йирик объектларнинг деярли учдан бир қисми ер билан яксон қилинган.

2019 йилда AFP томонидан ўтказилган текширув давомида минтақада ўнлаб қабристонлар вайрон қилингани аниқланган, улардан фақат инсон суяклари ва бузилган қабрларнинг ғиштлари қолган.

Хитой режими минтақада инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, жумладан, судсиз ҳибсга олиш, мажбурий меҳнат, стерилизация, зўрлаш ва қатлиомда айбланган.

Шинжонда қўлга олинганларнинг аксари Пекиннинг экстремизмни йўқ қилиш ва бандлик имкониятларини яхшилашга қаратилган «қайта таълим» марказлари деб аталувчи муассасаларда ҳибсда сақланмоқда.

Мустақил тадқиқотларга кўра, ушбу ҳудудда «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасалар бор.

Воқеа шоҳидлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, «даҳшатли ва мунтазам қонунбузарликлар» содир этиладиган лагерлардаги ҳаёт айримлар учун чидаб бўлмас даражага келган.

Улар онгни заҳарлаш усуллари, электрошокер, жумладан, соқчиларнинг электрик таёқлар орқали, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация ҳолатлари ҳақида сўзлаб берганлар.

Шинжон ҳудудида туғилиш даражасини камайтириш мақсадида лагерлардан ташқаридаги аёллар ҳам мажбурий контрацепция ва стерилизация қилинмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500