Карвонсарой
Бизнес

Хитой компанияси сабабли ўнлаб оилалар бошпанасиз қолган Хўжанддаги вазият ўнгланмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Суратда: хитойликлар ерости сувларини баҳона қилиб, уй қуришни эплай олмаган жойда ва айни шароитларда Тожикистоннинг «Элита Сохтмон» компанияси томонидан барпо этилаётган бинонинг модели. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Суратда: хитойликлар ерости сувларини баҳона қилиб, уй қуришни эплай олмаган жойда ва айни шароитларда Тожикистоннинг «Элита Сохтмон» компанияси томонидан барпо этилаётган бинонинг модели. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ХЎЖАНД – Тожикистон ҳукумати Хўжандда ўнлаб оилаларни бошпанасидан айирган Хитой компанияси келтириб чиқарган вазиятни ўнглаш устида иш олиб бормоқда.

(Бу мақоланинг 1-қисми пайшанба (20 май) куни чоп этилган, унда уйидан айрилган оилаларнинг машаққатлари ҳақида сўз юритилган эди.)

Хитойнинг «Husnoro-1» компанияси Сирдарё бўйидаги «Chinatown» лойиҳасидан воз кечиши ортидан, уларга ўз ерларини топшириб, бир йил ичида янги хонадонларга кўчиб ўтиш ваъдасини олган 32 оила олти йил давомида ижара уйларда яшашга мажбур бўлган.

Уларнинг уйлари, жумладан маҳаллий кар-соқовлар жамияти биноси 2015 йилда бузиб ташланган эди.

«Элита Сохтмон» компанияси қурган кўп қаватли уй хонадонининг меҳмонхонаси, Хўжанд, 28 апрел. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

«Элита Сохтмон» компанияси қурган кўп қаватли уй хонадонининг меҳмонхонаси, Хўжанд, 28 апрел. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

2019 йил феврал ойида ўша вақтдаги ҳоким Маъруф Муҳаммадзода журналистларга ўз уйларидан айрилган 32 та оила учун Хўжанднинг 18-митти туманида кўп қаватли бино барпо этилишини айтган эди.

Ҳукумат шунингдек, кар-соқовлар жамияти учун янги жой ажратишни ҳам режалаганди.

Ўтган йил август ойида шаҳар ҳокимияти Сирдарёнинг ўнг қирғоғида шаҳар марказидан 3 км масофада кўп қаватли турар жой биноси қурилиши якунлангани ҳақида хабар берди.

Кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди ва оилаларнинг яшаши учун тайёр, деган эди шаҳар ҳокими Фирдавс Шарифзода март ойида.

«Чекланган имкониятларга қарамай, шаҳар ҳокимияти икки йилдан камроқ муддат ичида мақбул ҳудудда, йўл ёқасида жойлашган, яшаш учун жуда қулай бинони қуриб битказди», деди ҳокимнинг матбуот котиби Маъмур Юсуфзода.

Айримлар учун енгиллик

Уйларини йўқотган тожикистонликларнинг кўпчилиги ҳамон адолат қарор топишини кутаётган бўлса, айримлари янги қурилган уйга кўчиб ўтган.

«Янги уйга илк оилалар кўчиб ўтди», деди Юсуфзода аниқ рақамларни келтирмай. «Қаватларни тақсимлашда айрим муаммолар юзага келди, аммо улар қуръа ташлаш йўли билан ҳал қилинди. Одамларнинг кўпчилиги хурсанд.»

Шаҳар ҳокимияти хабарига кўра, бошпанасиз қолганлар учун қуриб битказилган кўп қаватли бино учун бюджетдан 23 миллион сомоний (2 миллион АҚШ доллари) ажратилган.

«Бундай вазиятда нима кутиш кераклигини тушунамиз, ҳамманинг кўнглини олиш мушкул», дейди Раҳмон Набиев кўчасидаги маҳалла кенгаши раиси Саъдулло Тоҳиров.

«Аммо, ҳукумат бошпанасиз қолганларнинг нафақат харажатларини, балки ишончсиз инвестор сабаб бошдан ўтказган машаққатларини қоплаш учун ҳам қўлидан келган барча ишни қилди», дейди Тоҳиров.

«Узоқ давом этган бу қийинчиликлар ахийри яхшилик билан тугаганига енгил тин олдик. Аммо бу воқеа бизга шубҳали компанияларга ишонмаслик кераклигини ўргатди», дейди Тоҳиров.

«Шубҳасиз, айб фуқароларимизга умид бериб, кейин уни барбод қилган Хитой компаниясида. Бу ерда гап нафақат ҳамкорнинг ишончсизлиги, эҳтимол фирибгарлик ҳақида кетмоқда. Хавфсираш учун сабаб бор», дейди у.

«Шунчаки фирибгарлар»

Дарё бўйидаги уй-жойидан айрилган аҳолининг яна кўпчилиги учун доимий турар жой ажратилиши мумкин.

2020 йилда Тожикистоннинг «Элита Сохтмон» компанияси бузиб ташланган уйлар яқинида 12 қаватли бино қуришни бошлаган.

Бу лойиҳани тарк этган Хитой компанияси ерости сувларининг юзага яқин жойлашгани, темир-бетон қозиқлари ва дренаж тизимини чуқурроқ ўрнатиш зарурлигини баҳона қилган эди.

«Ерости сувлари сабаб бино қуриб бўлмаслиги ҳақида одамлар айтаётган гаплар бекор», дейди «Элита Сохтмон» компанияси менежери Алсу Хотамова.

«Янги технологиялар ёрдамида қурилишлар ҳатто дарё ва океанларда ҳам олиб бориляпти. Фақат стандарт дренаж тизими, барқарор қозиқлар, мустаҳкам қурилиш компонентлари ва материалларни қўллаш керак холос», дейди у.

«Элита Сохтмон» – бир нечта кўп қаватли бинолардан иборат ва муваффақиятсиз «Chinatown» лойиҳаси билан деярли бир хил шароитларда амалга оширилган турар жой комплекси, дейди Хотамова.

«Бу ерда шаҳарча қуришни ваъда қилганларнинг қурилишда тажрибаси йўқлиги аниқ ёки улар шунчаки фирибгар», дейди у.

«Элита Сохтмон» қураётган уйлар нафақат қулай, балки ўрта синф сотиб олиши учун ҳамёнбоп ҳам, дейди у.

Масалан, деразалари дарёга қараган хонадоннинг бир квадрат метри 800 АҚШ доллари (9126 сомоний) бўлса, бинонинг бошқа томонидаги хонадонларнинг бир квадрат метри 600 АҚШ долларига (6844 сомоний) тенг, дейди у.

«Компаниямизда маблағ бор», деди у. «Аммо, биз бир вақтнинг ўзида беш ёки олтита бино қура олмаймиз. Шаҳар ҳокимлиги биз билан қурилиш шартномасини имзоласа, бир вақтнинг ўзида икки ёки учта бино барпо эта оламиз».

Ишончсизлик

«Чайнатаун» билан боғлиқ муваффақиятсизлик Хитой компанияларга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқарган ягона воқеа эмас.

«Тожикистон ҳукумати мамлакатда фаолият олиб бораётган компаниялардан бухгалтерлик ҳисобининг халқаро стандартларига ўтишни ва тўлиқ шаффофликни таъминлашни сўради», деган эди Тожикистон саноат вазири Шерали Кабир феврал ойида Хитой компанияларига мурожаатида.

Хитой корхоналари Хўжанддан 35 км узоқликда жойлашган Истиқлол саноат ҳудудида асосан тоғ-кон соҳасиша оид бешта объектнинг қурилишида ўзининг ишончсиз эканини кўрсатган.

Илк объект – 2017 йилда ишга туширилган, йиллик қуввати 50 минг тоннани ташкил этадиган қўрғошин заводи ўтган йили ўз фаолиятини батамом тўхтатди, сабаби – корхона COVID-19 пандемияси вақтида Хитойда қолиб кетган мутахассисларга қарам эди.

Шунингдек, аккумуляторлар, мис ва рух ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир нечта металлургия заводларини қуриш бўйича музокаралар бутунлай тўхтаган. Улардан айримлари 2020-2021 йилларда ишга тушиши керак эди.

Бундан ташқари, Хитой ишбилармон доиралари узоқ вақт давомида Хўжанд яқинида жойлашган ва йилига 600 минг тонна рудани қайта ишлай оладиган Адрасман тоғ-кон бойитиш комбинатини янгилашга ваъда бериб келишган.

Бироқ, бу борада ҳеч қандай иш қилинмаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Улар ҳамма нарсани ўз юртларига ташийдилар.

Жавоб бериш