Карвонсарой
Таҳлил

Ҳисобот: Россия халқаро можароларда иштирок этаётган суриялик ёлланма жангчиларни маошсиз қолдирган

Карвонсарой ва AFP

Суриянинг Палмира шаҳри яқинидаги Россиянинг ёлланма жангарилари, 2017 йил. [ИШИД овловчилари/Twitter]

Суриянинг Палмира шаҳри яқинидаги Россиянинг ёлланма жангарилари, 2017 йил. [ИШИД овловчилари/Twitter]

Ливия ва Тоғли Қорабоғ каби уруш ҳудудларига жойлаштирилган суриялик жангариларни эксплуатация қилаётган россиялик ёлловчилар уларни маошдан маҳрум қилган, натижада кўпчилик ёшлар жон сақлаш учун ўғирлик, жинсий қуллик учун одам ўғирлаб сотиш каби жиноятларни содир этишга мажбур бўлган, дейилади ўтган ҳафта чоп этилган ҳисоботда.

2019 йилнинг охиридан бери Россия ўн йилдан бери давом этаётган Сурия урушида бевосита ёки билвосита жангари сифатида минглаб эркакларни ёллаган, деб хабар беради AFP.

Сурия адолат ва ҳисобдорлик маркази (SJAC) «Сурияликлар ҳақиқат ва адолат тарафдори» ташкилоти билан биргаликда бу жангариларнинг эксплуатациявий ёлланиши билан боғлиқ ҳолатларини ўрганиб чиқиб, 27 май куни ўз ҳисоботини эълон қилган.

«Вагнер гуруҳи» каби соядаги Россиянинг ҳарбий ўйинчилари Сурия армиясининг собиқ аскарлари ва иттифоқдош жангари гуруҳлар аъзоларини ёллаган.

Россия тарафидан ёлланиб, жангарига айланган суриялик ёшлар бир йилдан ошибдики, Москва ҳимоясидаги ливиялик фельдмаршал Халифа Ҳафтарни қўллаб-қувватлаш учун Ливияда бўлиб турибди.

Уларнинг айримлари ўтган йили Тоғли Қорабоғ баҳсли минтақасида жанг қилганлар.

«Сурияликларнинг хорижда ёлланма жангчи сифатида иштирок этиши мамлакат ичидаги криминал қуролли гуруҳларнинг бойиши ва кучайишига хизмат қилмоқда», дейди SJAC ижрочи директори Муҳаммад ал-Абдуллоҳ.

«Халқаро ҳамжамият бу ишга алоқадор томонларни жавобгарликка тортиши ва нима сабабдан аксар сурияликлар учун жангариликка ёлланиш ягона тирикчилик манбаи бўлиб қолаётганини ўрганиши керак», дейди STJ ижрочи директори Бассам ал-Аҳмад.

Маошсиз қолганлар ва алданганлар

Ҳисоботда Ливия ёки Тоғли Қорабоққа юборилганларнинг қанчасида бу масалада танлов деярли бўлмагани ва ёлловчилар ваъда қилган пулнинг кичик қисминигина олгани айтилади.

Кузатувчилар Ливия ва Тоғли Қорабоғда ўлдирилган суриялик жангариларнинг яқинларига бадал пули тўланмагани билан боғлиқ ҳолатларни ҳам аниқлаган.

Ҳисоботга кўра, Суриядаги Россия ҳарбий кучлари, айниқса Хомс ва Дайр Аз-зор вилоятларида жангарилар ёллашда вилоятдаги воситачилар ва қабила бошлиқлари ёрдамига муҳтож.

Бу шахслар Россия томонидан тузилган Сурия армияси бўлинмаси – 5-корпус номидан ўз ҳудудларида жангчилар ёллаш шартномаларини реклама қилиб, Россия кучларига янги аъзолар рўйхатларини таклиф қилганлар, деб хабар берган шу бўлинма капитани.

Ёлланувчиларнинг мутахассислигига қараб, жароҳат олиш ёки ўлим ҳолатида бадал тўламаслик шарти билан уларга бир ойга 1000 дан 2000 АҚШ долларигача маош таклиф қилинган, дейилади ҳисоботда.

Жангарилар пулни бевосита ёки комиссия тўланувчи воситачи орқали олишган.

Ҳисоботда айтилишича, Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ ҳолатда, ёлланган жангарилар Суриянинг Латакия вилоятида жойлашган Россия назоратидаги Хмеймим авиабазасига олиб борилган, у ердан эса самолётда баҳсли ҳудудга олиб кетилган.

5-корпус капитанининг жойларда тергов олиб борганларга айтишича, Ливияда жанг қилиши кутилган ёлланма аскарлар Тоғли Қорабоққа олиб кетилган, «улар жараён ҳақида тўлиқ хабардор қилинмаган» ва вазифалари кескин ўзгарганидан бехабар қолишган.

Россияликлар Тоғли Қорабоққа олиб кетган суриялик жангариларнинг вазифаси ҳамон ноаниқлигича қолмоқда, дейилади ҳисоботда.

Айрим жангчилар ҳарбий ва транспорт иншоотларни қўриқлаши керак бўлган.

Баъзи ёлланма аскарлар Ливияда жангарилик қилгани инобатга олинса, Кремл Тоғли Қорабоғда уларга жанговар вазифа юклашни режалаган бўлиши мумкин, дейилади ҳисоботда.

Тоғли Қорабоғдаги жангларда ҳалок бўлган сурияликлар оилаларининг гувоҳликлари бу фаразни тасдиқлайди.

SJAC ижрочи директори ал-Абдуллоҳнинг айтишича, маоши тўланмаган жангариларни хориждаги жанговар ҳаракатлар ҳудудида олиб борилаётган махфий операциядан сақлаш жиноят учун восита бўлган.

«Маошларнинг камайгани ўзини қонундан устун деб биладиган жангариларни янада кўпроқ жиноий ҳаракатларга ундади», деди у AFPга.

Суриялик ёлланма аскарлар Ливияда ўғирликка тушиш, жинсий қуллик учун одам ўғирлаб сотиш каби жиноятларни содир этганлар, дейди ал-Абдуллоҳ.

Жангариларни ёллаш Сурияда қолган аёллар ва болаларга ҳам салбий таъсир кўрсатди, дейилади хабарда.

Асосий боқувчиси ёлланма жангариликка ўтиб кетган оилаларнинг аксарияти «ўз уйларида янада каттароқ ижтимоий-иқтисодий беқарорликка» дуч келганлар.

Ёлловчилар Тоғли Қорабоғда жанг қилаётган сурияликларнинг оилаларини ҳам чалғитган. Кўп оилалар уларнинг қариндошлари Ливияда эмас, балки Қорабоғда жанг қилаётганини эшитиб, ҳайрон қолишган.

Ҳисоботда Россия «Сурияда жанговар ҳаракатлар олиб бориш мақсадида қуролли гуруҳлар ёки шахсларни бевосита ёки билвосита молиялаштиришни ва уларни ёллашни тўхтатишга» чақирилган.

Россияга хос иккиюзламачилик

Сўнгги ҳисобот Россиянинг Суриядаги иккиюзламачилигини тасдиқлаган.

Суриялик ёшлар учун мўлжалланган иш эълонлари ижтимоий тармоқларда «Дўстларимиз билан шартнома асосида ишлаш» ёки «Россиялик дўстлар билан ишлаш имконияти» каби сарлавҳалар билан жойлаштирилади, деган эди сувайдалик фаоллардан бири Низор Бу Али апрел ойида.

Унинг сўзларига кўра, лавозим номи ва иш шартлари эълон қилинмайди, фақат айрим талаблар – масалан, ёш, саломатлик ҳолати ва керакли ҳужжатларга ишора қилинади, холос.

Улар орасида ҳатто Ливияда катта маошли «қўриқлаш» ишлари ҳақидаги айрим эълонлар ҳам бор, деди у.

Бу Алининг айтишича, бир қатор суриялик ёшлар, жумладан унинг қариндошларидан бири ҳам ишсизлик ва молиявий танглик сабаб катта маош ваъда қилинган эълон орқали Ливияда ишга ёлланган.

«Улар реклама берувчи тараф билан боғландилар ва уларга керакли ҳужжатлар билан Хмеймим базасига бориш кераклиги айтилди, у ерда тезкор тиббий кўрикдан ўтдилар», деди у.

«Улар уч ойлик янгиланувчи меҳнат шартномаларини имзолашган, уларда нефт объектларини қўриқлаш, сирларни ошкор қилмаслик ва суратга олмаслик кераклиги таъкидланган», дейди у.

Аммо улар Ливияга етиб боришлари билан «ҳолат ваъда қилинганидан умуман бошқача эканлигини кўришган ва жанговар операцияларда иштирок этишга мажбур бўлишган.»

Бу орада суриялик фаоллар Москвани «хусусий қўриқлаш компаниялари» ёрдамида тикланишга муҳтож ёки нефт ва тоғ-кон саноати салоҳиятига эга ҳудудларда ҳарбий назоратни қўлга киритишга уринаётганликда айблаганлар.

Бу пудратчилар ҳозир ва келгусидаги ҳар қандай тиклаш ишларида ўз мавқеларини мустаҳкамлаш учун Сурия режими ва Эрон Ислом инқилоб посбонлари корпуси (ИИПК) билан боғлиқ бўлган рақиб қуролли гуруҳларни бу минтақалардан сиқиб чиқарган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия ҳар доим ухлатиб кетади

Жавоб бериш