Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Суриядаги урушда режим қийноқларидан қурбон бўлганлар сони 42 минг кишига етди

Карвонсарой ва AFP

2017 йилда олинган сурат: суриялик рассом Азза Абу Робия томонидан 2014-2016 йилларда Сурия режими қўлга олган ёки ўғирлаб кетган дўстларининг суратлари акс эттирилган. Уруш даврида 40 мингдан ортиқ киши Сурия қамоқларидаги қийноқлардан ўлгани тахмин қилинади. [Анвар Амро/AFP]

2017 йилда олинган сурат: суриялик рассом Азза Абу Робия томонидан 2014-2016 йилларда Сурия режими қўлга олган ёки ўғирлаб кетган дўстларининг суратлари акс эттирилган. Уруш даврида 40 мингдан ортиқ киши Сурия қамоқларидаги қийноқлардан ўлгани тахмин қилинади. [Анвар Амро/AFP]

Сурияда 10 йил давом этган урушда деярли ярим миллион киши қурбон бўлган, дея хабар берган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси сешанба (1 июн) куни яқинда тасдиқланган 100 минг қурбонни ўз ичига олган рақамларни очиқлар экан.

Обсерваторияга кўра, 2011 йилда Россия қўлловидаги режимнинг ҳукуматга қарши намойишларни бостириши ортидан бошланган низо 494438 одам ҳаётига зомин бўлган.

Жорий йилнинг март ойида эълон қилинган рақамларда 388 минг қурбон қайд этилган эди.

«Барча қийинчиликлар, тўсиқлар ва ҳаддан зиёд босимларга қарамай» обсерватория ҳужжатлаштириш жамоасининг олти ойлик саъй-ҳаракатлари натижасида яна 105015 та ўлим ҳолатини қайд этишга муваффақ бўлган.

Режим қамоқхонасидан озод этилган суриялик маҳбус Алеппо жанубидаги ал-Айс чегара пунктида мухолифатчи аскар билан қучоқлашиб кўришмоқда, 2018 йил, 19 июл. [Умар Ҳаж Қодир/AFP]

Режим қамоқхонасидан озод этилган суриялик маҳбус Алеппо жанубидаги ал-Айс чегара пунктида мухолифатчи аскар билан қучоқлашиб кўришмоқда, 2018 йил, 19 июл. [Умар Ҳаж Қодир/AFP]

Обсерватория раҳбари Рами Абдул Раҳмон сўнгги рақамларни тилга олар экан, «қурбонларнинг аксари 2012 йил охири ва 2015 йил ноябрда ҳалок бўлганини» айтди.

Яқинда тасдиқланган ўлим ҳолатларининг 42 мингдан ортиғи оддий фуқаролар, уларнинг аксари Сурия режими қамоқхоналаридаги қийноқлардан кўз юмган, деб хабар беради обсерватория.

Урушдаги танаффус жамоага ҳужжатлар етишмагани сабаб умумий қурбонлар рўйхатига қўшилмай қолганларнинг ўлимини тергов қилишга имкон берди, дейди Абдул Раҳмон.

«Бизда далиллар етишмаган бир неча ўн минглаб ўлим ҳолатларини ҳужжатлаштириш имкони пайдо бўлди», дейди у.

Аввалги тахминларга кўра, обсерватория камида 100 минг киши қийноқлар ёки режим қамоқларидаги даҳшатли шароитлар туфайли қурбон бўлган деб ҳисоблаган. 2011 йилдан бери Сурия қамоқларига ярим миллион киши жойлаштирилган.

Апрел ойида Москвадаги ҳуқуқбон ташкилотлар ўн йиллик низода давлатнинг тутган мавқеини қораловчи ҳисоботни эълон қилиб, россияликларни Суриядаги қийноқлар учун жавобгарликни тан олишга чақирган эди.

Сурия уруши бошланганининг 10 йиллиги муносабати билан эълон қилинган ушбу ҳисобот россиялик ҳуқуқбонларнинг можарога оид илк тадқиқоти бўлиб, мамлакатнинг Суриядаги жанговар ҳаракатлари қурбонларига ойдинлик киритишга қаратилган.

Ҳисобот хулосалари Москванинг расмий версияси ва президент Владимир Путиннинг 2015 йилда «террорчиларни» йўқ қилиш ҳамда Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлашдаги Россия армияси иштирокини олқишлашидан кескин фарқ қилади.

2020 йилги тахминларга кўра, Россия ҳарбий самолётларининг фуқаролик объектлари, жумладан шифохоналарни қасддан бомбалаши натижасида 6500 киши ҳалок бўлган ва миллиондан ортиқ одам бошпанасиз қолган.

Россия режими сурияликларни бомбалашдан ташқари, Суриянинг кимёвий қурол қўллашига оид терговларга муттасил тўсқинлик қилиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Суриядаги фаолиятига «ғов бўлиб келган».

«Шафқатсиз муносабат ва қийноқлар»

Асад режими маҳбусларга нисбатан шиддатли муносабати билан танилган бўлиб, унинг қийноқлар қўллаши яхши ҳужжатлаштирилган.

Суриялик муаллиф Ғада Бакирнинг 2018 йилда чоп этилган «Қамоқхоналар сўзлаганда» китобида Идлиб вилоятининг ўзида режим ҳибсга олган ва қийноқлар натижасида қамоқхонада ҳалок бўлган 600 киши тилга олинади.

Бакирнинг айтишича, китоб устида ишлар экан, айрим оилаларнинг фарзандлари ўлганини тан олмагани – энг оғриқли муаммо бўлган.

Уларнинг аксарияти ҳали ҳам фарзандларининг тирик экани ва қачондир қайтиб келишига умид қилиб яшайди, деди у.

Сурия бўйича БМТ тергов қўмитасининг 1 март кунги ҳисоботида айтилишича, режим ёки режимпараст кучлар томонидан қўлга олинган эркаклар, аёллар, ўғил болалар ва қизларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлиш, жумладан зўрлаш ҳолатлари кузатилган.

«Сурия ҳукумати томонидан қўлланилган камида 20 хил қийноқ турлари ҳужжатлаштирилган», дейилади ҳисоботда.

«Жумладан электрошокерлардан фойдаланиш, тана аъзоларини куйдириш, тирноқлар ва тишларни суғуриб олиш, қатл билан қўрқитиш, маҳбусларни машина ғилдиракларига боғлаш, узоқ муддатга тананинг бир ёки бир неча қисмидан боғлаб осиб қўйиш, чормихга тортиш кабилар амалга оширилган, буларнинг ҳаммаси шафқатсиз калтаклаш билан бирга олиб борилган.»

Асадни жавобгарликка тортишга уринишлар

АҚШ ҳукумати 2019 йилда Асад режимини содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш мақсадида Фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича Цезар қонунини қабул қилган.

Асад ўтган ҳафта «сохта» президент сайловлари билан ҳокимият тепасида қолди. Халқаро кузатувчилар эркин ва на адолатли ўтмаганини таъкидламоқда.

Қонун 2013 йилда Сурия қамоқхоналаридаги ваҳшийликлар, айримларида даҳшатли ҳолатдаги пешонасига рақам қўйилган жасадлар акс этган 55 мингта фотосурат билан чет элга қочган «Цезарь» тахаллусли суриялик собиқ ҳарбий фотосуратчининг шарафига шундай номланган.

Қонун дунё бўйлаб режим билан алоқада бўлган компанияларни жазолайди ва Суриядаги жиноятчилар жавобгарликка тортилмагунича, АҚШнинг тиклаш ишлари бўйича ёрдамини тўхтатиб туради.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 31 март куни Сурия режимидан, шунингдек экстремистик ва бошқа қуролли гуруҳлардан можаро бошлангандан бери содир этилган ҳарбий жиноятлар учун «жавобгарлик» талаб қилишларини айтганлар.

«Мамлакатларимиз ҳарбий жиноятчилар ва золимларнинг жазосиз қолмаслигига эришиш йўлида қатъий», дейилади 18 нафар вазирнинг Франция ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган қўшма баёнотида.

«Биз Сурияда содир этилган ваҳшийликларга жим қараб турмаймиз, бунинг учун биринчи навбатда режим ва унинг ташқи тарафдорлари жавобгар», дейилади баёнотда.

«Жазосизликка қарши курашиши ва Сурияда содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик талаб қилиш ҳар кимнинг вазифасидир.»

Режим ва унинг иттифоқчилари энг катта зиён келтирмоқда

Обсерватория томонидан эълон қилинган янги рақамларга кўра, Сурияда давом этаётган урушда ҳалок бўлган оддий фуқароларнинг умумий сони 159 774 тани ташкил этмоқда, уларнинг аксари Сурия режими кучлари ва иттифоқчи қуролли гуруҳлар ҳужуми туфайли ҳалок бўлган.

Эрон Исломий инқилоб қўриқчилари корпусининг «Қудс» кучлари томонидан ташкил қилинган ва бошқариладиган сафарбар кучлари, жумладан Фотимиюн бўлинмаси ҳам Сурия режимини иқтидорда ушлаб туриш ва унинг рақибларини бостириш ишларига ҳам яширин, ҳам очиқ тарзда аралашган.

Шунингдек, Сурия режими Россия қаноти остидаги сафарбарлик кучлари ва «хусусий қўриқлаш компанияларини» қўллаб-қувватлайди.

Обсерватория 2011 йилдан бери ҳукумат қамоқхоналари ва ҳибсхоналарда юз берган камида 57,567 та ўлим ҳолатини ҳужжатлаштирган. Март ойида 16000 та ўлим тасдиқланган эди.

Шунингдек, Суриялик аскарлар ва иттифоқчи жангари гуруҳлар орасида 168 326 ўлим қайд этилган, бу қўшинлар сонининг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Можаро туфайли 68393 нафар экстремист – уларнинг аксарияти «Ислом давлати» (ИД) аъзолари ёки «Ал-Қоида»га алоқадор гуруҳлар – жумладан «Таҳрир аш-Шом», шунингдек бошқа мухолиф гуруҳларнинг 79844 нафар аъзоси ўлдирилган.

Обсерваторияга кўра, коронавирус пандемияси даврида асосий эътибор COVID-19 вирусига қарши курашга қаратилди ва 2020 йилда уруш бошланганидан бери низо билан боғлиқ ўлимлар ҳолатлари сони энг кам даражага тушиб, 10 минг қурбонни ташкил этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия, Эрон ва Асад бунинг учун жавобгарликка тортилиши керак.

Жавоб бериш