Карвонсарой
Бизнес

Марказий Осиё компаниялари Amazon халқаро электрон савдо платформаси билан ишлаш имконига эга бўлди

Канат Алтинбаев

Кузатувчиларга кўра, Amazon компаниясининг Марказий Осиёга кириб келиши минтақадаги глобал савдони кучайтиради. Бу бошқа мамлакатлар билан янада фаолроқ савдо-сотиқ имкониятларини излаётган тадбиркорлар учун ажойиб янгиликдир. [Эммануел Дюнанд/AFP]

Кузатувчиларга кўра, Amazon компаниясининг Марказий Осиёга кириб келиши минтақадаги глобал савдони кучайтиради. Бу бошқа мамлакатлар билан янада фаолроқ савдо-сотиқ имкониятларини излаётган тадбиркорлар учун ажойиб янгиликдир. [Эммануел Дюнанд/AFP]

Дунёдаги энг йирик электрон тижорат майдони – Amazon илк бор Марказий Осиёлик тадбиркорларга ўз платформасидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

24 майдан бошлаб Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонлик ишлаб чиқарувчилар Amazon платформасида бевосита рўйхатдан ўтиши ва ўз маҳсулотини сотиши мумкин. Илгари бу платформа улар учун ёпиқ эди.

Бу мамлакатларда яшовчи мижозлар илгари «Amazon»да рўйхатдан ўтиши ва буюртма бериши мумкин бўлса-да, Марказий Осиёга ҳамма сотувчилар ҳам етказиб бера олмас эди.

Қозоғистон расмийлари ноябр ойидан бери «Amazon»ни Марказий Осиё бозорига олиб киришга ҳаракат қилаётган эдилар. 24 май куни куни Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов ўзининг Facebook саҳифасида музокаралар муваффақиятли якунлангани ҳақида хабар берган.

31 май куни Олмаотада намойиш этилган «Қозоғистон» шоколади нафақат Марказий Осиёда, балки Amazon.com сайтида ҳам харидоргир. [Канат Алтинбаев]

31 май куни Олмаотада намойиш этилган «Қозоғистон» шоколади нафақат Марказий Осиёда, балки Amazon.com сайтида ҳам харидоргир. [Канат Алтинбаев]

«Ниҳоят, 20 май ҳолатига кўра, мамлакатимиз дунёдаги энг йирик электрон тижорат платформаларидан бирига расман қўшилди», деди Султонов. «Ўзимиз билан бирга Марказий Осиёдаги қўшниларимизни ҳам торта олганимиз нур устига аъло нур бўлди.»

«Бу биз учун жуда муҳим», дейди у АҚШ компаниясининг энг оммабоп платформалардан бири эканлиги ҳамда келажакда «электрон тижорат ривожи ва Қозоғистон маҳсулотлари экспорти истиқболлари» ҳақида сўз юритар экан.

«Улкан бизнес салоҳияти»

Кузатувчиларга кўра, «Amazon»нинг Марказий Осиёга кириб келиши минтақадаги глобал савдони кучайтиради. Бу бошқа мамлакатлар билан янада фаолроқ савдо-сотиқ имкониятларини излаётган тадбиркорлар учун ажойиб янгиликдир.

У минтақадаги тадбиркорларга глобал савдо соҳасида ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариш имконини беради, дейди «Smartgov Consulting» компаниясининг бош директори, тошкентлик Азиза Умарова.

«Бу ҳалол, очиқ бозор, бу ерда ишбилармонларимиздан фақат инглиз тилида гапира олиш ва бизнесга ижодий ёндашиш талаб этилади», дейди Умарова.

«Минтақамиз катта бизнес салоҳиятига эга», деб қўшимча қилди у.

Марказий Осиё жаҳон бозорига кўп нарсалар таклиф қила олади, жумладан минтақа учун хос бўлган ноёб маҳсулотларни.

Ўзбекистон қўлда тўқилган гиламлар, бадиий каштачилик ва кулолчилик буюмлари билан машҳур.

Коллекционерлар Қозоғистон миллий валютаси купюралари ёки эсдалик ва юбилей тангаларига буюртма беришади. Шунингдек, ширинликлар, масалан, «Қозоғистон» деб номланган маҳаллий шоколад, «Қорақум» конфетлари, сувенирлар ва бошқа эсдалик совғалари ҳам талабгир.

Жаҳон бозорида чимкентлик ҳунармандлар тарафидан «қозоқ миллий анъаналарига хос кумушдан ишланган заргарлик буюмларига» талаб бор, деган эди «Казпочта» миллий почта хизмати раҳбари Сакен Сарсенов 2018 йил ноябр ойида Forbes.kz онлайн нашрига интервюсида.

Қозоғистон жаҳон бозорига юзланиб, ривожланган мамлакатлар билан алоқаларини мустаҳкамлаган ҳолда савдо-сотиқни кенгайтириши лозим, дейди Нур-Султонда қурилиш материаллари билан савдо қилувчи Даулет Ахметов.

Ахметовнинг сўзларига кўра, Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи «чекловлар ва сунъий тўсиқлар билан мамлакат иқтисодини оғирлаштирмоқда».

«Бизга кучли ва заиф томонларимизни тушуниб, хатолар ортидан ғалабаларга эришиб, такомиллашувимизга ёрдам берадиган реал бозор керак», деди у.

Қирғизистонда умид катта

Бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиевага кўра, Қирғизистон шак-шубҳасиз, ўз маданияти ва халқ амалий ижодини акс эттирувчи маҳсулотлар, масалан, кигиз буюмлар, безаклар ва қомуз каби ёғочдан ясалган мусиқа асбоблари билан харидорларда қизиқиш уйғотади.

«Бундан ташқари, биз енгил саноат каби иқтисодиётнинг реал соҳаларида рақобатлаша оламиз», деди Суранчиева. «Бизнинг корхоналаримиз жуда сифатли, рақобатбардош кийим-кечак ишлаб чиқаради, уларга хорижда талаб юқори».

Қирғизистоннинг айрим замонавий кийим-кечак брендлари Москвада ўз савдо шохобчаларига эга ва россиялик ишлаб чиқарувчилар билан муваффақиятли рақобатлашмоқда, деди у «қирғиз маҳсулотлари кўплаб таниқли брендлардан қолишмаслигини» таъкидлаб.

Айрим кузатувчилар «Amazon»нинг Марказий Осиёдаги турмуш даражасига таъсир қилиши билан боғлиқ ижтимоий омилни қайд этмоқдалар.

«Amazon»нинг кириб келиши Қирғизистонда электрон тижоратни ривожлантиришга ёрдам беришидан ташқари, ижтимоий-иқтисодий вазиятни ҳам яхшилайди, деган эди қирғизистонлик тадбиркор Тилек Токтоналиев 2020 йил феврал ойида Migranty.org сайтига берган интервюсида.

«Ёшлар меҳнат миграцияси ўрнига интернет-тижоратга ўтишлари мумкин», деди у.

«Дастурчи бўлиш шарт эмас, веб-иловалар ёки дастурлар ишлаб чиқишга ҳожат йўқ. Шунчаки механизмларни тушуниб, дунё бозорида савдо қилиш ва уйда ўтириб пул ишлаш керак.»

Россиянинг Wildberries майдончаси

Россиялик ўйинчилар ҳам Марказий Осиёга киришга ҳаракат қилиб келади, аммо бу уринишлар у қадар муваффақиятли эмас.

Масалан, феврал ойида Қозоғистон савдо вазири Султонов Facebook саҳифасида Россиянинг Wildberry савдо майдончаси билан ишлашдаги қийинчиликлар ҳақида сўзлаган.

Россия ҳукумати дастлаб қозоғистонлик тадбиркорлардан Россияда компания очишни ва ўша ерда солиқ тўлашни талаб қилган, деб тушунтирди у.

Натижада қозоғистонликлар Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам солиқ тўлашга мажбур эдилар, деди у.

Wildberries платформасидан қозоғистонлик мижозлар ҳам шикоят қилган эдилар.

Ўтган йили Wildberries хизматларидан фойдаланган 190 нафар мижоз Қозоғистон савдо ва интеграция вазирлигининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят қилган.

Уларнинг сўзларига кўра, сайт қайтариб берилган буюмларнинг пулини қайтармаган – жами 7 миллион тенге (16375 АҚШ доллари) – бу ҳақда Савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Асел Жанасова декабр ойида «Интерфакс» билан суҳбатида айтиб ўтган.

Кейинроқ, Қозоғистон идорасининг аралашувидан сўнг, Wildberries бу пулларнинг катта қисмини эгаларига қайтарган эди.

Қирғизистонлик иқтисодчилар ва тадбиркорларнинг ишонишича, «Amazon» маҳаллий бизнесга тараққиётнинг янги даражасига кўтарилиш имконини бериши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳамма ерда қизиқ нарсалар кўп, лекин нега Амазон картасини қаердан олишимиз мумкинлигини айтмагансиз?

Жавоб бериш

Бу Божхона иттифоқининг босимини камайтиради.

Жавоб бериш

Биз энг йирик савдо платформасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлдик; бу иқтисодиёт учун катта плюс.

Жавоб бериш