Карвонсарой
Бизнес

USAID тожикистонлик агро ишлаб чиқарувчиларга янги бозорларга чиқиш ва ҳамкорлар топишга кўмаклашмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид ва Хатлон вилояти ҳокими Қурбон Ҳакимзода 25 май куни Бохтар шаҳрида ўтган «Бақтрия Фуд 2021» савдо форумида мураббо, қиём, асал ва мевали пюрелар кўргазмасини кўздан кечирмоқдалар. [Неъматулло Мирсаидов]

Тожикистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид ва Хатлон вилояти ҳокими Қурбон Ҳакимзода 25 май куни Бохтар шаҳрида ўтган «Бақтрия Фуд 2021» савдо форумида мураббо, қиём, асал ва мевали пюрелар кўргазмасини кўздан кечирмоқдалар. [Неъматулло Мирсаидов]

БОХТАР – Қозоғистон, Грузия, Литва, Сербия, Покистон ва афғонистонлик харидорлар Тожикистоннинг Хатлон вилояти фермерлари томонидан ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқдалар.

Савдо ва экспортни кенгайтириш мақсадида 25 май куни USAID агентлиги Экспортни ривожлантириш агентлиги ва Хатлон вилоят ҳокимияти билан ҳамкорликда Хатлон вилоятининг маъмурий маркази Бохтар шаҳрида «Бақтрия Фуд 2021» савдо форумини ўтказди.

Форумда таъкидланишича, Тожикистоннинг турли минтақаларидан 200 га яқин ишлаб чиқарувчи, қўшни давлатлардан ва бир қатор Европа мамлакатларидан келган 15 та тадбиркор ўзаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш имконига эга бўлдилар.

Қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат саноатига доир кўргазма-ярмаркалар иштирокчиларга Хатлон вилоятининг агро ишлаб чиқариш ва маҳсулот экспорти салоҳияти тўғрисида маълумот берилди.

«Бақтрия Фуд-2021» савдо форуми иштирокчилари, 25 май. Форумда қатнашиш учун Бохтарга 200 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва харидорлар ташриф буюрган. [Неъматулло Мирсаидов]

«Бақтрия Фуд-2021» савдо форуми иштирокчилари, 25 май. Форумда қатнашиш учун Бохтарга 200 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва харидорлар ташриф буюрган. [Неъматулло Мирсаидов]

25 май куни Бохтар шаҳрида ўтган «Бақтриа Фуд 2021» савдо форумида «Аввалин» (Тожикистон) ва «Жота Гриз» (Литва) компаниялари Тожикистон тарвузларини экспорт қилиш тўғрисида келишув имзоладилар. [Неъматулло Мирсаидов]

25 май куни Бохтар шаҳрида ўтган «Бақтриа Фуд 2021» савдо форумида «Аввалин» (Тожикистон) ва «Жота Гриз» (Литва) компаниялари Тожикистон тарвузларини экспорт қилиш тўғрисида келишув имзоладилар. [Неъматулло Мирсаидов]

Форум давомида бир қатор экспорт шартномалари имзоланиб, халқаро ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Давлатали Саид ва Хатлон вилояти ҳокими Қурбон Ҳакимзода форум иштирокчиларини қутлар экан, вилоятнинг агросаноат сектори салоҳияти ва ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш истиқболлари ҳақида сўзладилар.

Ҳукумат «мева-сабзавот, гўшт ва сутни қайта ишлаш бўйича кичик, аммо кўп қиррали ишлаб чиқариш корхоналарининг кенг тармоғини яратишга» интилмоқда, деди у.

Бу чоралар мамлакатнинг импортга қарамлигини камайтириш ва экспорт салоҳиятини кучайтиришга қаратилган, деб қўшимча қилди у.

Саид Ўзбекистон ва Афғонистон билан чегарада Хатлоннинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада яхшилаши кутилаётган тўртта логистика марказини яратиш лойиҳаси амалга оширилаётганини айтди.

Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш

Тожикистоннинг энг йирик вилояти – Хатлоннинг катта қисми қишлоқ хўжалиги учун қулай текисликлардан иборат бўлиб, ҳудуддан серсув Вахш дарёси оқиб ўтади.

Совет даврида Хатлондаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг 80 фоиздан ортиғи пахта учун ажратилган эди. Сўнгги йигирма йил ичида хатлонлик деҳқонлар мева-сабзавот етиштира бошлаганлар.

Хатлон ҳокимлиги маълумотларига кўра, 2020 йилда вилоятда 277 минг тонна пахта, 986 минг тонна сабзавот, 520 минг тонна полиз экинлари, 220 минг тонна мева, 19 минг тонна узум ва 6 минг тонна лимон ишлаб чиқарилди.

2020 йилда Хатлон вилоятининг Тожикистон аграр секторидаги улуши 51 фоизини ташкил этган.

Хатлоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти юқори бўлгани билан, вилоят ўз маҳсулотини экспорт қилишга жиддий ҳаракат қилмагани учун маҳаллий хўжаликлар маҳсулотининг сезиларли қисми нест-нобуд бўлар эди.

«Хусусий сектор ва бизнеснинг етарли даражада ривожланмагани сабаб, авваллари вилоятда ишлаб чиқарилган мева-сабзавотларнинг учдан бири чиқитга айланар эди», дейди USAIDнинг Тожикистонда агробизнес рақобатбардошлиги масалалари бўйича Хатлондаги идораси раҳбари Сабоҳатулло Музаффаров.

Экспорт маълумотлари ва хориждаги ишбилармон доиралар вакиллари билан алоқаларнинг чеклангани, шунингдек, логистика соҳасидаги муаммолар сабаб «бозор ортиқча маҳсулотни ўзлаштира олмас эди», деди Музаффаров.

«Мақсадимиз – жамиятни ҳаракатга ундаш, аграр соҳада ишлаб чиқаришни диверсификациялашга кўмаклашиш ва деҳқонларни рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўргатиш», деди у.

Хатлон экспортини ошириш

Саиднинг айтишича, Хатлондан экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларининг атиги 17 фоизи вилоятдаги божхона назорат пунктлари орқали хорижга чиқарилади.

Хатлонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан Суғд вилояти орқали хорижга чиқарилади, Хатлон темир йўлларида амал қиладиган сезиларли чегирмалар экспортчилар эътиборидан четда қолади.

Саиднинг сўзларига кўра, юзага келган вазият қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва хориждаги истеъмолчилар ўртасидаги ишбилармонлик алоқалари заиф эканлигидан далолат беради.

«Умид қиламизки, ушбу форум минтақанинг экспорт имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш учун агро ишлаб чиқарувчиларга харидорлар билан яхши алоқалар ўрнатишда ёрдам беради», деди Саид.

Ҳакимзода Хатлоннинг аграр ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун сармоялар жалб қилиш, мамлакатни йил давомида янги маҳсулотлар билан таъминлаш учун омборлар ва иссиқхоналар қуриш зарурлигини таъкидлади.

«Минтақанинг ноёб иқлими ўзига хос таъмга эга мевалар, сабзавотлар, қовун-тарвуз, лимон ва узумлар етиштиришимизга имкон беради», дейди у.

«Бугунги кунда харидорларнинг асосий талаби бўлган органик ўғитлардан фойдаланамиз ва экологик тоза маҳсулотлар етиштирамиз.»

«Биз бу устунликдан фойдаланишимиз керак. «Бақтрия Фуд 2021» форуми ҳар йилги тадбирга айланишига умид қиламиз», деб қўшимча қилди у.

«Корхоналарнинг минтақавий рақобатбардошлигини оширишга ҳисса қўшар экан, USAID хусусий секторнинг хилма-хил ва рақобатга чидамли бўлишига ҳамда экспорт ҳажмини оширишга кўмаклашмоқда», деди Тожикистондаги USAID миссияси директор вазифасини бажарувчи Кит Симмонс форум иштирокчиларига.

«Минтақавий савдони яхшилаш иқтисодий ўсишни рағбатлантиради, трансчегаравий алоқаларни мустаҳкамлайди ва пировардида минтақада барқарорликни таъминлайди», деб айтган Симмонс USAID баёнотига кўра.

«Муҳим» савдо келишувлари

Форум иштирокчилари умумий қиймати 3,9 миллион АҚШ долларига тенг бешта савдо келишуви, жумладан қуритилган мевалар, пиёз, узум, тарвуз, лимон ва бошқа боғдорчилик маҳсулотларини Литва, Грузия, Россия, Туркия ва Покистонга етказиб беришга оид битимлар имзолади.

«Минтақавий стандартлар бўйича бу сумма унча катта эмас, аммо янги алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим аҳамиятга эга», дейди маҳаллий таҳлилчи Ражабий Мирзо.

Хатлон вилояти ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти расмийлари ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладилар.

Коронавирус пандемияси сабаб савдонинг тўхтаб қолганига қарамай, ўтган йили USAID кўмагида тожикистонлик экспортчилар 40 фоизлик ўсишга эришдилар, деб хабар беради USAID.

USAID агетлигидан кўмак олганлардан бири Тожикистоннинг «Аввалин» компаниясидир.

Ўтган йили компания Ашт туманидаги «Абрикос К» компанияси ва бир нечта маҳаллий фермерлар билан ҳамкорликда Қубодиён туманидан Литва ва Россияга 80 тонна тарвуз экспорт қилган.

USAID Европа Иттифоқи стандартларига кўра тарвуз етиштириш бўйича мутахассислар чақириш сарф-харажатларни тўлаб, ташишга оид эҳтимолий хавфларнинг ярмини ўз зиммасига олди.

Бу йил «Аввалин» компанияси маҳсулотни нафақат мустақил тарзда етиштириш, балки ўз кучи билан экспортга чиқаришга қарор қилди.

«Хатлон вилоятига таклиф қилинган ўзбекистонлик мутахассислар ёрдамида суғорилмайдиган ерларда тарвуз етиштиришга қарор қилдик», дейди «Аввалин» компанияси раҳбари ўринбосари Нажиб Ҳамроев тажриба натижалари билан ўртоқлашиб.

«Маҳаллий ҳокимият бундай ерлардан бир неча гектар ажратган. Экишга мўлжалланмаган тоғ ёнбағирларига тарвуз экдик, томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаландик ва яхши ҳосил олдик», дейди у.

Бохтардаги форумда Литвага тарвуз етказиб бериш бўйича Литванинг «Jota Gris» фирмаси билан 600 минг еврога тенг келишув туздик, дейди у.

«Биз тарвузларни Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилишни ошириш ниятидамиз», деди у. «Чунки ҳамкоримиз катта ҳажмдаги маҳсулотлар етказиб берилишини хоҳлаяпти... USAID ёрдамида биз нафақат яхши ҳамкор, балки катта истиқболли бозор ҳам топдик.»

USAID Тожикистонда 1994 йилдан бери фаолият юритиб келади. Агентлик қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантиришда, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда, жумладан иш ўринлари яратиш, дори-дармон ва таълим соҳаларни ривожлантиришга кўмаклашади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500