Карвонсарой
Сиёсат

Марказий Осиёлик мигрантлар Россиянинг маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиш режасидан норози

Канат Алтинбаев

Россиянинг Владимир шаҳридаги ИК-3 ахлоқ тузатиш колонияси, апрел ойида олинган сурат. [Димитар ДИЛКОФФ / AFP]

Россиянинг Владимир шаҳридаги ИК-3 ахлоқ тузатиш колонияси, апрел ойида олинган сурат. [Димитар ДИЛКОФФ / AFP]

ОЛМАОТА – Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари Россия ҳукуматининг маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиш билан боғлиқ ташаббуси меҳнат шароитларининг ёмонлашувига олиб келишидан хавотирда.

Январ ойида кучга кирган Россия Жиноят-процессуал кодексидаги ўзгартиришлар ишчи кучи танқислиги шароитида маҳбусларга ахлоқ тузатиш муассасалари ташқарисидаги турли корхоналарда ишлаш имконини беради.

Илгари маҳбуслар фақат жазони ижро этиш муассасаларида ишлаши мумкин эди.

20 май куни Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) директори Александр Калашников ишчи кучи етишмаётган ва одатда меҳнат мигрантлари ишлайдиган йирик қурилиш объектларида маҳкумлар учун ахлоқ тузатиш марказлари яратишни таклиф қилган.

Жануби-ғарбдаги қурилиш майдончаси олдида юрган ишчи, март ойи. [Юрий КАДОБНОВ / AFP]

Жануби-ғарбдаги қурилиш майдончаси олдида юрган ишчи, март ойи. [Юрий КАДОБНОВ / AFP]

Унинг сўзларига кўра, Россия қамоқхоналаридаги 482 минг маҳбусдан тахминан 188 минг нафарига нисбатан мажбурий меҳнат каби жазо тури қўлланиши мумкин.

«Бу ГУЛАГ бўлмайди», деди Калашников Совет давридаги ахлоқ тузатиш-меҳнат лагерлари бош бошқармасининг қисқартмасини назарда тутиб.

Ўтмишда бундай лагерлар маҳбуслари шаҳарлар, каналлар ва заводлар қурилишида, олтин ва уран конларида, яшаш учун яроқсиз ерларни ўзлаштиришда жонбозлик кўрсатган. Оддий жиноятчилар ва сиёсий қатағонлар жабрдийдаларидан иборат ГУЛАГ маҳбуслари сони 20 миллион одамни ташкил этган, улардан камида 1,7 миллиони ўлган.

«Бу муассасаларда мутлақо янги ва муносиб шароитлар яратилади, лагерда маҳбус ишлаш билан бирга ётоқхонада яшайди ёки агар хоҳласа, оиласи билан ижарага уй олади, шунингдек, уларга яхши маош берилади», деди Калашников.

Калашников бу ташаббусни асослар экан, Магадан вилояти губернатори Сергей Носовнинг баёнотини мисол қилиб келтирган – Магадан ҳокимияти вилоятдаги олтин конлари ишчиларига таътил вақтида уйга бориб келишлари учун чартер рейсларга чипта олиб беришга мажбур бўлаётгани айтилган эди.

Маҳбуслар иш жойида яшайдиган бўлса, улар меҳнат мигрантларининг манфаатлироқ муқобили бўлиши мумкин, деди Калашников.

Бу ташаббусни бошқа мутасаддилар ҳам қўллаб-қувватлаган.

24 май куни Россия адлия вазири Константин Чуйченко меҳнат мигрантларини маҳбусларга алмаштириш ғоясини қўллаб-қувватлашини ва бизнес корхоналари билан музокаралар ўтказилиб, келишувлар имзоланаётганини айтди.

«Фикримча, мигрантлар меҳнатидан воз кечиш ғояси тўғри, чунки улкан қурилиш майдонлари ва йирик объектларда ахлоқ тузатиш марказларини яратиш мумкин», деди у Хабаровскда журналистларга. «Жазони ўтаётганлар бундай ишларни бажара олади.»

Русча беписандлик

Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Тўқмоқ шаҳридан келган меҳнат мигранти Улан Оморовнинг сўзларига кўра, бу ташаббус Россия ҳукуматининг Марказий Осиёлик мигрантларга нисбатан қанчалик беписанд эканлигини кўрсатади.

«Россия ҳукумати мунтазам равишда Марказий Осиёдан келган мигрантлар орасидаги жиноятчилик муаммосини кўтариб, кўп йиллар давомида ўз телеканаллари ва газеталарида бизни маҳаллий жамоатчиликка таҳдид ўлароқ кўрсатиб келди», дейди супермаркетда ишлайдиган Оморов.

«Энди эса улар бизни ҳақиқий жиноятчиларга алиштирмоқчи. Бу билан ўзларига қарши бормоқдалар», деди у.

Маҳаллий ОАВда жиноят содир этган ишчи-мигрантлар ҳақида тез-тез хабарлар чиқиши натижасида сўнгги йилларда маҳаллий аҳолининг уларга нисбатан негатив муносабати кучайган, дейди Магадан шаҳрида юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган тошкентлик Ҳабиб Абдуллаев.

Бундан ташқари, руслар кўпинча этник осиёликлардан иборат Россия фуқароларини меҳнат мигрантлари билан адаштирадилар, деди у.

«Мисол учун, ўтган йил кузда маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда яқинда қамоққа олинган қотилни муҳокама қилар экан, қўшни Чукоткадан бўлишига қарамай, уни айримлар меҳнат мигранти деб атаган эди», дейди Абдуллаев Россия вилоятларидан бирини назарда тутиб.

Абдуллаевнинг фикрича, маҳбуслар уй-жой қуриш ва таъмирлаш каби катта тажриба талаб қилинадиган соҳаларда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларининг ўрнини тўлиқ боса олмайди.

«Менинг ватандошларим бу соҳада кўп йиллардан бери ишлайди, улар ўз ишини беш қўлдек яхши билади», дейди у.

«Ҳеч қачон қурилиш майдончасида бўлмаган маҳбус бир зумда яхши қурувчига айланиб қолишига ишониш мумкинми?»

Меҳнат шароитларинининг ёмонлашуви

Ўтган йили юз минглаб мигрантлар ўз иши ва тирикчилик манбаидан маҳрум бўлгани етмагандек, Россия ҳукумати уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, ватанига қайтиб кетишини мураккаблаштирди.

Полициячилар «карантин қоидаларини бузиш», «рўйхатга олиш муддатининг ўтиб кетиши» ва «ишлаш рухсатномасининг йўқлиги» учун мигрантларни таъқиб қилган. Ҳуқуқбонларга кўра, полициячилар мигрантларни ноқонуний равишда қўлга олишган, уларни «оғир шароитларда» сақланадиган муассасаларга юборишган.

Россиялик маҳбусларнинг меҳнат майдонига келиши мигрантлар учун иш жойларининг қисқаришини англатиши мумкин, дейди Россиядаги қирғиз мигрантларига маслаҳатлар бериш билан шуғулланувчи Бишкекдаги «Жамиятлар интеграцияси» нодавлат ташкилоти раҳбари Асел Каримшакова.

Янги қоидалар шусиз ҳам пандемия оқибатларидан азият чеккан мигрантларга яна бир зарба бўлади, деди у. Кўпчилик Россиядаги ишидан айрилиб, уйига қуруқ қайтган.

Официант ёки бармен бўлиб ишлаганлар бошқа иш қидиришга мажбур бўладилар, деди Каримшакова.

Россияда мигрантлар сабаб жиноятчиликнинг авж олгани ҳақидаги дезинформацион ахборот сиёсати ўз тасдиғини топмади, деди у.

«Россия ҳукумати пандемия вақтида жиноятчилик кучаяди деб тахмин қилганди. Аксинча, жиноятлар сони камайди», деди Каримшакова.

Воқеликда эса мигрантларнинг ўзи жиноятчилик қурбонига айланмоқда, деди у. Унинг уюшмасига яқинда Россияда алдов оқибатида қуллик шароитига тушиб қолган 49 та мигрантдан шикоят келиб тушган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Москвага янада кўпроқ санкциялар жорий қилиш керак

Жавоб бериш

Россия ҳаддидан ошиб кетяпти. ГУЛАГни қайтармоқчи

Жавоб бериш