Карвонсарой
Таълим

1930-йилларда Совет Иттифоқида юзага келган очарчилик мавзуи Қозоғистон ва АҚШлик олимлар муҳокамасида бўлди

Карвонсарой ва AFP

Олмаотанинг «MG Productions» суратга олиш жамоаси аъзолари Қозоғистон-Хитой чегарасида жойлашган Суиқсой қишлоғи яқинидаги тоғли ҳудудларда «Дашт йиғиси» фильмини суратга олиш жараёнида актёрлар билан ишламоқда, 2018 йил, феврал. Филм 1930-йилларда Қозоғистонда Сталин тарафидан пайдо қилинган очарчилик фожиаси ҳақида ҳикоя қилади. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Олмаотанинг «MG Productions» суратга олиш жамоаси аъзолари Қозоғистон-Хитой чегарасида жойлашган Суиқсой қишлоғи яқинидаги тоғли ҳудудларда «Дашт йиғиси» фильмини суратга олиш жараёнида актёрлар билан ишламоқда, 2018 йил, феврал. Филм 1930-йилларда Қозоғистонда Сталин тарафидан пайдо қилинган очарчилик фожиаси ҳақида ҳикоя қилади. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ВАШИНГТОН – Қозоғистон ва АҚШ олимлари, аҳоли, хусусан қозоқ ёшларининг 1930-йилларда қасддан пайдо қилинган очарчиликка оид хабардорлигини оширишга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу очарчилик советлар сиёсатининг маҳсули бўлиб, унинг мақсади қозоқларни кўчманчиликдан воз кечиш ва ўтроқ деҳқончилик билан шуғулланишга мажбурлаш эди. Ҳукумат шафқатсизларча уларнинг зиммасига бажариб бўлмайдиган ғалла мажбуриятларини юклаб, чорва молларни тортиб олган эди.

Бунинг натижасида аҳоли очарчилик балосига дуч келди.

8 июн куни Қозоғистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Жорж Вашингтон университетининг Марказий Осиёни ўрганиш дастури томонидан «Қозоғистонда 30-йиллардаги очарчиликни хотирлаш» мавзуидаги видео анжуман ташкил этилди, дейилади Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

8 июн куни Қозоғистон ва АҚШ олимлари Қозоғистонда 30-йиллардаги очарчилик мавзуига бағишланган видео анжуманда иштирок этдилар. [Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси]

8 июн куни Қозоғистон ва АҚШ олимлари Қозоғистонда 30-йиллардаги очарчилик мавзуига бағишланган видео анжуманда иштирок этдилар. [Қозоғистоннинг Вашингтондаги элчихонаси]

Онлайн давра суҳбатида Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси Ержан Ашикбаев, Мериленд университети тарихчиси Сара Камерон ва қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев иштирок этди.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ашикбаев очарчилик мавзуини ўрганиш учун пухта илмий ёндашув зарурлигини таъкидлади ва бу масалани сиёсийлаштирмаслик кераклигини айтиб ўтди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ўтган асрда Қозоғистонда юз берган очарчилик 1,5 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлган, бу Қозоғистон аҳолисининг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этган, деди айни мавзуда китоб ёзган Кемерон.

Сатпаевнинг хусусий маданий-маърифий жамғармаси 2020 йил май ойида «Оч қолган дашт: очарчилик, зўравонлик ва совет Қозоғистонининг ташкил этилиши» деб номланган китобнинг қозоқ тилидаги таржимасини нашр этган.

«Тадқиқотнинг аҳамиятли томони, унда Қозоғистонда юз берган очарчиликни 20 асрнинг энг катта фожеаларидан бири деб тан олиниши учун фактларга таянилган ва мавзуга олим сифатида имкон қадар холис назар солинган», деб ёзган Сатпаев ўзининг Facebook саҳифасида.

«Ёшларимиз Қозоғистондаги Сталин қатағонлари ва мажбурий меҳнат лагерлари ҳақида билишлари керак», деган эди у.

Яшириш

Қозоғистондаги, шунингдек, Украинадаги очарчиликлар, Иосиф Сталин бошчилигидаги оммавий қатллар ва совет тузумининг бошқа кўплаб жиноятлари Кремл тўқнаш келишни истамайдиган нозик масалалардан биридир.

2019 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистонда 1930-йилларда юз берган фожиа билан боғлиқ қўшимча фактларга жавобан ўзини ҳимояловчи баёнот билан чиққан эди.

Очарчиликка қурғоқчилик ва қаҳатчилик каби табиий сабаблар таъсир кўрсатган, бунга қўшимча равишда «фавқулодда чоралар вазиятни янада оғирлаштирган», деб баёнот берган эди ўшанда вазирлик ўзи учун ноқулай тафсилотларни очиқламай.

Москванинг тарихни қайта ёзишга уринишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Россия ҳукумати айниқса, Сталин давридаги тозалашлар ва фашистлар Германияси билан ҳамкорлик борасидаги Москванинг тарихий нарративига қарши бўлган тадқиқотчилар ва фаолларга нисбатан босимни кучайтирмоқда, деб хабар берган халқаро ҳуқуқбон ташкилот пайшанба (10 июн) куни.

Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси (FIDH) томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, тарихчилар, фаоллар ва журналистларнинг Россия тарихига оид тадқиқотлари учун нишонга олиниши билан боғлиқ «репрессив ҳаракатлар тизимли тус олган».

FIDH Кремлнинг «тарихга қарши жиноятлари» ҳақида огоҳлантирар экан, бу ҳолатни «авторитар ва тоталитар режимлар томонидан тарихнинг ҳаддан ташқари суиистеъмол қилиниши» деб таърифлаган.

Ташкилот ўнлаб қонунлар орқали тарихий асарларни танқид қилиш ва жамоатчиликнинг архивлардан фойдаланишини чеклаш орқали «сўз эркинлигининг жиноийлаштирилаётганига» эътибор қаратди.

Ҳисобот Москвани Совет даври жиноятлари қурбонларига «моддий ёки рамзий» компенсация тақдим этмаганликда айблайди.

FIDH ватанпарвар ташкилотлар орқали режимнинг нарративини илгари суришда «ташвиқотдан» фойдаланиш ва ягона тарихий дарсликларни амалга киритишни қоралаган.

2000 йилда ҳокимиятга президент Владимир Путин келганидан бери Кремл Россиянинг глобал қудрат сифатида юзага чиқишини ва Советларнинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабаси каби ютуқларини улуғлаб келади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 17

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Унутмаймиз, кечирмаймиз.

Жавоб бериш

СССР жиноятчи мамлакат эди. Россия ҳам худди шундай бўлиб қолди.

Жавоб бериш

СССР ёвуз бўлган, бугунги Россия эса кўча жиноятчиси.

Жавоб бериш

СССР ва Германияни таққослаш хато. Германия миллионлаб фуқароларини ўлдирмаган.

Жавоб бериш

Аммо улар миллионлаб бошқа одамларни, жумладан, фронтда жанг қилган қозоқларни ҳам йўқ қилдилар.

Жавоб бериш

СССР эса ўзиникиларни ҳам, бегоналарни ҳам ўлдирган.

Жавоб бериш

Нега руслар шу шармандали 9 майга ёпишиб олишган? Бу уруш аллақачон тугаган ва уни унутиш керак. Бунинг устига урушни СССР олиб борган, Россия эмас. У бутунлай бошқа мамлакат эди.

Жавоб бериш

Йўғе, шунақами. Уруш ҳақиқатан ҳам тугаган, лекин Германия ғалаба қозонганида, ўзингизни қўйиб туринг, қариндошларингиз қаерда бўларди?

Жавоб бериш

Аллақачон ўтиб кетган бу урушни унутинглар.

Жавоб бериш

Эси паст қуллар билан бирга бўлгандан кўра, Германия томонидан забт этилган яхшироқ

Жавоб бериш

Хўш, агар буюк америкалик олимлар бу борада иш бошлаган бўлса, ҳамма соҳаларда ютуқларни кутишимиз керак! Шунда етмиш йиллик Совет ҳукмронлигини хато деб қабул қилиш ҳақиқатан ҳам тўғри бўлар эди! Тезда асл илдизларимизга қайтишимиз керак! Кўчманчи чорвачиликка қайтинг! Қозоғистоннинг чексиз яйловларидаги қўзичоқларнинг хушбўй гўшти учун бутун дунё навбатга туради! Яна 30 йилдан кейин, украин биродарларимиз каби тўкин-сочинликда яшашни бошлаймиз!

Жавоб бериш

Аввал Совет ҳукуматингиз ўлдирган миллионлаб одамларни тирилтиринг.

Жавоб бериш

Россия давлат Думаси Иккинчи жаҳон урушидаги СССРнинг хатти-ҳаракатларини фашистлар Германиясига тенглаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ва ниҳоят! Чарчаган мияларимизни тартибга солиш учун қабул қилинган бу қонун жуда ўринли бўлди. Қачонгача Сталин ва Гитлерни бир-бирига тенглаштириш мумкин? Албатта, мўйлов, олий маълумотнинг йўқлиги, демократияга нафрат, Полшани бўлиб олиш, булар бор, аммо очиқ тафовутларни кўрмаслик мумкинми? Иккинчи Жаҳон уруши пайтида ҳам, умуман ҳам... Нацистлар Миллий социализм қурдилар; биз эса коммунизм, тушуняпсизми? Уларда минг йиллик Рейх бор эди, бизда эса чексиз «порлоқ келажак». Ахир бу бутунлай бошқа нарса эмасми? Нобакор Гитлер арийларнинг устунлигини тарғиб қилган ва фақат яҳудийлар, қора танлилар ва лўлиларни ўлдирган, Сталин эса интернационалист эди; Қрим татарларидан тортиб, эстонларга қадар, турли халқлар вакилларини бошини кундага қўйишга тайёр эди. Меҳнаткашнинг манфаатлари йўлида! Фарқни ҳис қиляпсизми? Албатта, гейлар, Иегова шоҳидлари ва СССРдаги бошқа ностандартлар ҳам босимга дучор бўлдилар. Лекин, фашистлар буни ҳайвонга ўхшаб қилишди, чунки уларнинг инсонларга нисбатан нафратга асосланган мафкураси шунга буюрар эди, аммо биз эса бу ишларни коммунизм барпо этиш йўлида биродарларча амалга оширдик. Шунга қарамай, Сталин Гитлердан кўра кўпроқ коммунистларни ўлдирди - шунақа бўпқолди энди. Шунчаки улар Гитлерда у қадар кўп бўлмаган. Фарқи шу. Наҳотки шуни билмасангиз? Нацистларда ҳам, бизда ҳам одам ўлдириш саноат дара

Жавоб бериш

Америкага раҳмат

Жавоб бериш

СССР халқларга қарши мудҳиш жиноятлар содир этган. Гитлер билан бирга

Жавоб бериш

СССРни Германияга тенглаштирган одамларни қўйлар тишлаб ташлаганини кўряпман

Жавоб бериш

Ҳаммангизни аллақачон чўчқалар тишлаб ташлашган, қилиқларингиздан маълум

Жавоб бериш