Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетгач, «Ал-Қоида» ва ИДга босим ўтказишга ваъда бермоқда

Карвонсарой

Афғонистондаги «Ислом давлати»жангарилари, сурат қаерда олингани номаълум. [Файл]

Афғонистондаги «Ислом давлати»жангарилари, сурат қаерда олингани номаълум. [Файл]

КОБУЛ – АҚШ ҳарбийлари «Ал-Қоида» ва «Ислом давлати» (ИД) каби террорчи гуруҳларнинг Афғонистон ва Сурияда қайта тўпланишига йўл қўймайди, деди ўтган ҳафта АҚШнинг Яқин Шарқдаги бош қўмондони.

АҚШ ва НАТО кучлари 11 сентябрга қадар Афғонистондан барча қўшинларни олиб чиқиб кетар экан, АҚШ ҳарбийлари мамлакат ташқарисидан туриб ИД ва «Ал-Қоида»га босим ўтказишда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) қўмондони, генерал Кеннет «Франк​» МакКензи жума (11 июнь) куни Military Times нашрига маълум қилди.

«Ўз ҳолига қўйиладиган бўлса.. улар, шубҳасиз тикланади ва мустаҳкамланади», деди у.

«Мамлакатни тарк этганимиздан кейин қиладиган ишимиз – «Ал-Қоида» ва «ИД»га қарши босим ўтказишда давом этиш», деди МакКензи.

CENTCOM қўмондони генерал Кеннет «Франк​» МакКензи Пентагонда нутқ сўзламоқда, 22 апрел, Вашингтон. [CENTCOM]

CENTCOM қўмондони генерал Кеннет «Франк​» МакКензи Пентагонда нутқ сўзламоқда, 22 апрел, Вашингтон. [CENTCOM]

Ал-Қоида» ҳам, «ИД» ҳам Қўшма Штатларга ҳужум қилишга интилаётганини ишонч билан айта оламиз, дейди у.

«Бу гуруҳларга нисбатан босим сўнгги бир неча йил ичида ҳам Афғонистондан, ҳам Суриядан бундай ҳужумларнинг кучайишига тўсқинлик қилиб келди.»

Сурия демократик кучлари (SDF) ва Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) бу босимни ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда, деди у.

Унинг айтишича, агар бу гуруҳлар «Қўшма Штатларга реал таҳдид» соладиган бўлса, ва агар ANDSF кучлари уларга қарши якка ўзи кураша олмаса, АҚШ армияси мамлакатга «кириш» ва «чора кўришга» тайёр.

«Бу бизнинг Афғонистондаги кинетик ҳаракатларимизнинг чегараси бўлади», деди у.

Уфқ чизиғи ортида

Гарчи АҚШ ҳарбийлари Афғонистон заминига қадам қўймаса-да, улар «афғон ҳарбийларини уфқ ортидан қўллаб-қувватлашда» давом этади, деди МакКензи.

«Биз уларни молиялаштиришни давом эттириш ниятидамиз. Афғонистон ҳаво кучларини «уфқ ортидан» қўллаб-қувватлашга имкон қадар ҳаракат қиламиз», деди у.

«Афғонистонликларнинг устун тарафларидан бири уларнинг ҳаво кучларидир... сўнгги бир неча ойдан бери улар кўплаб фойдали ишларни амалга оширмоқда», деди у.

АҚШ кучлари ANDSF аскарларига «масофадан туриб маслаҳатлар бериш» орқали уларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради, деди МакКензи. У, шунингдек, минтақанинг бошқа ҳудудларидаги афғон қўшинларини ўқитиш, шунингдек, афғон самолётларини таъмирлаш учун мамлакат ташқарисига олиб чиқиш йўлллари «кўриб чиқилаётганини» айтди.

Якунда мамлакатни толиблар исёни ва бошқа террористик таҳдидлардан ҳимоя қилиш ANDSF кучларига боғлиқ, деди МакКензи.

«Энди курашиш ёки мағлуб бўлиш уларнинг қўлида, ва менимча, бу нарсани амалга ошириш учун уларда имкон бор», деди у.

ANDSF келаётган давр ичида «синовдан ўтказилади» ва улар бу вазифани уддалаши мумкин, деди у.

«Тахминан ўтган йилдан бери, ҳатто коронавирусдан аввал Афғонистондаги аскарларимиз сони сезиларли даражада камайди», деб айтган Маккензи.

«Афғонларнинг ўзлари аксар жанговар ҳаракатларни бизсиз олиб боришмоқда, шу сабабли бу борада деярли ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди.»

«Биз уларни ҳозиргидан фарқлироқ бўлса-да, қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз», деб қўшимча қилди у.

Ўтган ҳафта АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин АҚШ конгресси қўмитасига АҚШ қуролли кучлари мамлакатдан ташқарида ёки ҳарбийчасига айтганда «уфқ ортидан» Афғонистонни кузатиш миссияларни амалга ошира бошлагани ҳақида хабар берган.

«Аксар жанговар самолётларимиз ва миссияларимиз Кўрфаздаги платформаларимиз орқали амалга оширилмоқда», дейди у. «Бунга имкониятимиз бор.»

«Биз қўшни мамлакатларга ўз кучларимизни қисман жойлаштириш орқали юз бериши мумкин бўлган ҳаракатларга чек қўйишни кўзламоқдамиз», деб қўшимча қилди у. «Бу жараён ҳали давом этмоқда.»

Келажакдаги таҳдидлар

Хитой ва Россия Афғонистондаги саъй-ҳаракатларини жадаллаштириб, НАТО чиқиб кетганидан кейин у ерда ҳосил бўлган ҳокимият вакуумини тўлдириш йўлларини изламоқда, дейди Маккензи.

Аммо иккала режим ҳам ўз геосиёсий манфаатлари нуқтаи назаридан Афғонистонга кўз тикмоқда.

Пекин мамлакатдаги қазилмаларга бой конлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш учун Афғонистонда ўз мавқеини мустаҳкамлашни истайди, деб таъкидлади у. Кремл эса Марказий Осиё орқали шимолга террорчилик тарқашидан хавфсирайди.

«Афғонистонда эканлигимизда уларнинг ҳеч бири бизни қўллаб-қувватламади, биз кетсак, улар ўзлари вакуум деб ўйлаган бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишади», дейди Маккензи.

«Шунга қарамай, улар бу иш тахмин қилинганидан қийинроқ бўлиши мумкинлигини тушуниб етадилар.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500