Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой диний ва этник озчиликлар вакилларининг тана аъзоларини йиғишда айбланмоқда

Карвонсарой ва AFP

2013 йил 27 август куни Хитойнинг Шанси провинцияси Таюан шаҳридаги касалхонада кўзлари бинтланган ҳолда ётган болакай. Шимолий Хитойдан бўлган олти ёшли болага гиёҳвандлик моддалари берилиб, кўзлари ўйиб олинган – ушбу мудҳиш ҳужум одам танаси аъзоларининг савдоси билан шуғулланувчи шахслар тарафидан амалга оширилгани тахмин қилинади. [STR/AFP]

2013 йил 27 август куни Хитойнинг Шанси провинцияси Таюан шаҳридаги касалхонада кўзлари бинтланган ҳолда ётган болакай. Шимолий Хитойдан бўлган олти ёшли болага гиёҳвандлик моддалари берилиб, кўзлари ўйиб олинган – ушбу мудҳиш ҳужум одам танаси аъзоларининг савдоси билан шуғулланувчи шахслар тарафидан амалга оширилгани тахмин қилинади. [STR/AFP]

ЖЕНЕВА – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар гуруҳи тахминига кўра, Хитой «тана аъзоларини мажбуран олиш» учун ҳибсда сақланаётган миллий, забоний ва диний озчиликлар вакилларини, жумладан уйғурлар ва бошқа мусулмонларни нишонга олмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳибсга олинганлар қон таҳлили ва тана аъзоларининг мажбурий текшируви, жумладан ултратовуш ва рентген таҳлилларидан ўтказилган бўлиши мумкинлиги тўғрисида «ишончли маълумотлар» олинган, дейилади БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари идорасининг (OHCHR) душанба (14 июн) кунги баёнотида.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, текширув натижалари трансплантация учун тирик органлар манбаларининг маълумотлар базасига киритилган.

«Хитойда тана аъзоларини мажбуран йиғиш амалиёти ҳибсда ушлаб турилган миллий, забоний ёки диний озчиликларга қаратилган бўлиб, кўпинча ҳибсга олиш сабаблари тушунтирилмай ёки ҳибсга олиш учун ордерсиз, турли жойларда амалга оширилади», дейди улар.

Эйфел минораси олдидаги Трокадеро майдонида Хитойдаги «​Фалунгун» издошларидан тана аъзоларининг йиғиб олинишига қарши норозилик намойиши чоғида «​Фалунгун» ҳаракати аъзолари томонидан осилган баннер, Париж, 2013 йилнинг 6 октябри. [Kenzo Tribouillard/AFP]

Эйфел минораси олдидаги Трокадеро майдонида Хитойдаги «​Фалунгун» издошларидан тана аъзоларининг йиғиб олинишига қарши норозилик намойиши чоғида «​Фалунгун» ҳаракати аъзолари томонидан осилган баннер, Париж, 2013 йилнинг 6 октябри. [Kenzo Tribouillard/AFP]

Ушбу мақсадли гуруҳлар «Фалунгун» оқими издошлари, уйғурлар, тибетликлар, мусулмонлар ва насронийларни ўз ичига олади.

«Маълумотларга кўра, маҳбуслардан асосан юрак, буйрак, жигар, кўз мугуз пардаси ва камдан-кам ҳолларда жигар каби тана аъзолари чиқариб олинган», дейди экспертлар.

БМТ мандатига эга 12 та мустақил эксперт ушбу айбловлардан жиддий хавотирда эканликларини айтганлар.

«Инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши»

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислари бунгача 2006 ва 2007 йилларда ҳам Хитой ҳукуматининг маҳбуслардан тана аъзоларини мажбуран олиш амалиёти юзасидан хавотир билдирган эдилар.

Экспертларнинг таъкидлашича, ўшанда Пекин трансплантация учун тана аъзоларининг манбаларига оид саволларга етарлича жавоб бермаган.

«Шу нуқтаи назардан, мавжуд маълумотлар ва ахборот алмашиш тизимларининг йўқлиги одам савдоси қурбонларини самарали аниқлаш ва ҳимоя қилиш ҳамда одамфурушларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилмоқда», дейилади OHCHR баёнотида.

Хитой маҳбуслардан тана аъзолари донори сифатида фойдаланганини илк марта 2005 йилда тан олган. Режим қатл этилган маҳбусларнинг органларидан фойдаланишни тўхтатгани ҳақида 2013 ва 2014 йилларда баёнот берган эди.

Пекин 2015 йилдан бу амалиёт бутунлай тўхтатилганини иддао қилиб келади.

БМТ экспертларига кўра, «тана аъзоларининг ихтиёрий донорлиги тизими босқичма-босқич ривожланиб келаётганига қарамай, Хитойда трансплантация учун органлар сотиб олишда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши билан боғлиқ маълумотлар олинмоқда».

Бу борада самарали назорат йўқлиги туфайли хавотирлар сақланиб қоляпти.

2011 йилда Хитойда ихтиёрий тана аъзолари донорлиги тизимини стандартлаштириш ва тартибга солиш мақсадида Тана аъзолари трансплантациясига чора кўриш тизими (COTRS) ишлаб чиқилган.

COTRS 2010 ва 2016 йиллар оралиғида ихтиёрий донорлик сезиларли даражада ошганини даъво қилса-да, буни тасдиқловчи далилларни келтирмаган.

COTRS маълумотларига кўра, Хитойда ўлимидан сўнг ихтиёрий донорликка рози бўлган одамлар сони 2010 йилдаги 34 тадан 2016 йилда 4080 тага ошган бўлса, трансплантация қилинган буйрак ва жигарлар сони 2010 йилдаги 63 тадан 2016 йилда 10481 тага кўпайган.

«Махфийлик, сукут сақлаш ва чалкаштириш»

Мустақил таҳлилчилар ва ҳуқуқшунослар бу маълумотларга шубҳа билан қарайдилар.

2019 йил фаолият олиб борган ва 2020 йил март ойида якуний ҳисоботини чиқарган «Хитой трибуналига» кўра, COTRS томонидан тақдим этилган айрим ёки барча маълумотлар сохталаштирилган.

Бир йил ичида амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари сони 60-100 мингтани ташкил қилиши мумкин, дейилади Хитойда трансплантацияга оид зўравонликларга қарши кураш бўйича халқаро коалициясининг (ETAC) 2016 йилги ҳисоботида.

«Хитойликлар Трибунал рақамларини рад этишмоқда, аммо уларнинг ўзлари кўнгиллилар тизими орқали тақдим этган рақамларда трансплантларнинг ҳақиқий сони камайтириб кўрсатилган ва статистик таҳлил асосида улар сохта деб ҳисобланади», дейди Австралиянинг Сидней шаҳри Маккуори университетининг клиник этикаси профессори Венди Роджерс.

2018 йилнинг декабрида Трибунал муваққат қарор чиқарган бўлиб, унинг барча етти аъзоси «бир овоздан, ҳеч қандай шубҳасиз Хитой узоқ муддатдан бери кўп сонли виждон маҳбусларидан тана аъзоларини тўплаш тажрибасини олиб боргани аниқ», деб хулоса қилган.

Қурбонларнинг аниқ рақамини белгилаш мушкул.

Эшитувлар вақтида Трибунал Хитой режими томонидан «кенг тарқалган махфийлик, сукут сақлаш ва чалкаштириш амалиётига» қарши курашганини айтган.

Трибуналга кўра, шунга қарамай, сезиларли ўсиш кўнгилли донорлар туфайли юзага келмагани «аниқ», чунки белгиланган вақт мобайнида кўнгилли донорлик тизими мавжуд бўлмаган ёки бошланғич кўринишдагина бўлган.

Қатлиом айбловлари тергови

Хитой трибуналини олиб борган британиялик адвокат Джеффри Найс айни вақтда «Уйғур трибуналига» раислик қилмоқда, унда Хитойнинг Шинжон вилоятидаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликка нисбатан муносабати билан боғлиқ қатлиомда айбдор ёки йўқлиги кўриб чиқилмоқда.

«ХХРга (Хитой халқ республикаси) қўйилаётган айбловлар жиддий», деб айтган Найс 4 июн куни тўрт кунлик сессиянинг илк кунида. Декабр ойида эълон қилинажак ҳисобот олдидан 10-13 сентябр кунлари яна бир эшитув ўтказилади.

Пекин бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларни Хитойнинг «касб-ҳунар марказлари» ёки «қайта таълим марказлари» деб аталувчи 400 дан ортиқ объектларда ҳибсда сақлаб келади.

Аммо бу муассасалар «концентрацион лагерларга» ўхшаш мажбурий қамоқхоналар экани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган.

Хитойга қарши айбловлар сирасига «қотиллик, жиддий тана ва руҳий, жумладан қийноқлар, зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонликлар, қуллик, фарзандни ота-онадан мажбуран тортиб олиш, мажбурий стерилизация, мажбурий кўчириш ёки депортация, ирқий изоляция, мажбурий меҳнат, тана аъзоларини мажбуран олиш, ғойиб бўлишлар, маданий ва диний меросни йўқ қилиш, таъқиблар, мажбурий никоҳлаш ва хитойлик хан эркакларни мажбуран уйғур оилаларга жойлаштириш» киради, дейилади трибунал сайтида.

Бундан ташқари, Хитой 1000 дан ортиқ имом ва диний пешволарни Шинжондаги мусулмонларга қарши таъқиблар доирасида ҳибсга олган, деб хабар берган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси ўтган ойда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Одамларни огоҳлантириш учун бу ҳақида кўпроқ ёзиш керак.

Жавоб бериш

Хитой фашизми

Жавоб бериш