Карвонсарой
Иқтисодиёт

Қозоғистонда мигрантларнинг иш ҳақи ва меҳнат шароитлари яхшиланмоқда

Ксения Бондал

image

Олмаотадаги қурилиш майдонларидан бири, 2019 йил 11 декабр. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА – Яшаш ва ишлаш шароитларини яхшилаётган Қозоғистон қўшни мамлакатлардан келган мигрантлар учун тобора жозибадор бўлиб бормоқда.

Қозоғистонда қолган ва ишлаётган аксар мигрантлар хизматига талаб ошгани сабаб, улар ўтган йилдагидан кўпроқ иш ҳақи олмоқдалар.

Жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистон ҳукумати тарафидан ишлаш учун жами 70 634 та рухсатнома берилган ва узайтирилган, деб хабар қилади Қозоғистон ички ишлар вазирлиги.

«Ҳозирда жиддий ишчи кучи танқислиги сезилмоқда, чунки ҳамма ишчилар ўз уйларига, Ўзбекистон ва Тожикистонга кетишган», дейди Олмаотада мигрантлардан иборат қурилиш жамоаларини бошқарадиган компания эгаси Аман Сейткалиев.

image

Олмаота марказий бозорида қуритилган мевалар билан савдо қилаётган ўзбекистонлик меҳнат мигранти, 13 июн. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

«Бу йил (пандемия туфайли) чегаралар ёпилгани сабаб, уларнинг хизматлари ўртача 30 фоизга қимматлашди», деди у.

«Ўтган йили баҳор-ёз ва ёз-куз мавсумларида мен оддий қурувчиларга ойига ўртача 100000-110000 (233-257 доллар) тенге тўлаган бўлсам, бу йил камида 150000 тенге (350 АҚШ доллари) тўладим», деди Сейткалиев.

«Агар уста кўп ишларни қила олса – масалан, кафел териш, металл конструкцияларни пайвандлаш ва ҳ.к. – унинг нархи мутахассис сифатида ойига 300000 тенгегача (700 доллар) кўтарилиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Тобора кўпроқ мигрантлар шу кунларда Россиядан кўра кўпроқ Қозоғистонни афзал кўрмоқдалар, дейди Сейткалиев.

«Улар [Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари] илгари Россияга боришга муштоқ эдилар, аммо энди бунга нима ҳожат? Меҳнатдан қочмайдиганлар Қозоғистоннинг ўзида талаш», деди Сейткалиев.

Асли тошлоқлик Ўзбекистон фуқароси, 45 яшар Баҳодир Усмонов 2016 йилдан бери Қозоғистонда ишлайди.

У Нур-Султонда квартираларни таъмирлаш билан шуғулланади. Ўтган йили рафиқаси ва болаларини Қозоғистонга олиб келган.

«Хотиним ва мен Ўзбекистон фуқаросимиз, лекин Қозоғистонда яшаймиз. Чунки ишим доим шу ерда, оиламни кўришга фақат қишда борар эдим. Аммо бу ҳолат узоқ давом эта олмасди ва мен уларни бу ерга олиб келишга мажбур бўлдим», деди у.

«Меҳнат мигрантлари учун энг муҳими, қонун билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслик ва фавқулодда вазиятларда даволана олиш учун миграция полициясида рўйхатдан ўтиш», деди Усмонов.

Усмонов ва унинг икки укаси илк марта Қозоғистонга 2010 йилда келган, улар Олмаота яқинида дала ҳовли қураётган ўзбекистонлик ишчилар жамоасига қўшилган эдилар.

«Кейин бошқа йигитлар билан Россияга боришга қарор қилдик. Аввалига Омскда, қурилишда ишладик ва бир вақтнинг ўзида пардозлар ишларини ўргандик, кейин Красноярскка йўл олдик», деди у.

Ўша пайтда Россияда ишлаш манфаатли эди, аммо полициянинг ноинсоний муносабати, баъзида ваъда қилинганидан камроқ ҳақ тўлайдиган хонадон эгалари ва сифатсиз турмуш шароитлари каби кўплаб қийинчиликларга чидаш керак эди.

Энди эса Россиядан кўра Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида ишлаш яхшироқ, дейди у.

«Биринчидан, одамларга Россиядан кўра, бу ерга келиб ишлаш арзонроққа тушади. Иккинчидан, бу йил Қозоғистонда иш ҳақлари ошган. Илгари иш ҳақи ва шартларини иш берувчилар белгилаб берган бўлса, энди қурувчиларнинг ўзи белгиламоқда», деди Усмонов.

«Иккала тараф ҳам мамнун»

Олмаоталик Екатерина Савченконинг дала ҳовлисида тўрт нафар ўзбекистонлик қурувчи ишлайди.

«Уларни бу ерга олиб келиш учун биз ўз ёнимиздан самолёт чипталарини олиб бердик, йўлкира харажатлари умумий ҳисобда 600 минг тенгени (1400 доллар) ташкил этди. Биз улар учун хорижий ишчи кучи сифатида солиқ тўлаймиз, суғуртаси пулини берамиз, уларга янги паспортлар қилиб бердик», деди у.

Ишчилардан бири – қўқонлик 52 яшар Шуҳрат Орипов.

«Мен хусусий буюрмалар бўйича уй қуриш билан шуғулланаман. Жамоамиз тўрт кишидан иборат», деди у. «Биз билан ишлайдиган одамлар бизга жуда маъқул. Улар доим бизга ёрдам беришга ҳаракат қилишади, бизга ўз вақтида материалларни етказиб туришади, касал бўлиб қолсак, ҳақ олмасдан парваришлайдилар ва ўз ҳисобларидан кунига уч маҳал овқатлантирадилар».

«Ҳеч қачон Россияга бормаганмиз, бориш ниятимиз ҳам йўқ. Бу ерда қўлимизга келиб тушадиган маош 200 минг тенгени ташкил этади (ойига 467 доллар), ҳалол ишлаб топадиганимиз шу. Ҳамма рози: биз ҳам, улар ҳам», деди Шуҳрат.

Ҳозирда Ўзбекистон ёки Тожикистондан келган мавсумий ишчи Олмаота вилоятида йўлкира ва тушлик пулидан ташқари, кунига 6500 тенге (15 доллар) ишлаб топади, дейди Олмаотада малина етиштириш билан шуғулланувчи Сергей Емельянов.

«Ўтган йили йўлкира ва озиқ-овқат харажатларисиз кунига 4000 тенге (9 доллар) эвазига ишчи ёллаш мумкин эди», деди у.

«Малина ва қулупнай ҳосили бутун навига қараб мавсум давомида, апрелдан октябргача териб олинади, бу иш кун ора бажарилиши керак, шунинг учун ишчиларга жуда муҳтожмиз», деди у.

Россиядаги таассублар

Мигрантлар учун Россиядаги шароит Қозоғистондагидан фарқ қилади, бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳукумат Марказий Осиёлик ишчиларга нафрат ва таассуб билан муносабатда бўлади.

Президент Владимир Путин ўтган йил декабрда Россияда мигрантлар учун вақтинчалик яшаш рухсатномаларни 15 июнга қадар узайтирган бўлса-да, Россия ҳукумати янги тўсиқлар жорий этаётгани сабабли мигрантларнинг қонуний ҳужжатларни олиши қийинлашган.

Декабр ойида Федерация Кенгаши патент, вақтинча ёки доимий яшаш учун рухсатнома олишни хоҳловчилардан рус тили, тарихи ва базавий юридик билимлар бўйича имтиҳон топширишни талаб қилувчи қонунни тасдиқлади.

Апрел ойида эса Россия ҳукумати имтиҳондан муваффақиятли ўтган номзодларга берилган ҳужжатларнинг амал қилиш муддатини беш йилдан уч йилгача қисқартирди.

Бу ҳам етмагандек, Россия ҳукумати ишчи-мигрантларни маҳбуслар меҳнати билан алмаштиришга қарор қилган. Марказий Осиёликларнинг жиддий эътирозига учраган бу чора меҳнат шароитларининг янада оғирлашувига сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирларни келтириб чиқарган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳа, Россияда қиладиган иш ҳам қолмади

Жавоб бериш

Қозоғистонлик қурувчилар ва ишчилар қани? Уларга муносиб иш ҳақи беринг ва улар меҳнат қиладилар. Нега бошқа мамлакатлардан мигрантлар жалб қилиш керак? Россия яшаш ва ишга ёлланиш қоидаларини кучайтириб тўғри қилди, чунки бу «меҳмонлар» фақат муаммолар туғдиришади.

Жавоб бериш

Меҳнат мигрантлари кўпайиб кетганини мен ҳам сездим. Россияда уларга муносабат жуда ёмон. У ерга бориб, ҳамма нарсаларини хавф остига қўймоқдалар.

Жавоб бериш