Карвонсарой
Сиёсат

Москва рус тилини тарғиб қилар экан, суриялик талабалар учун хорижий тилларни ўрганиш имконияти камаймоқда

Волид Абул Хайр

Дамашқдаги давлат мактабларининг бирида ўтказилаётган рус тили дарси. [SANA]

Дамашқдаги давлат мактабларининг бирида ўтказилаётган рус тили дарси. [SANA]

2015 йилда Башар Асад режимини мустаҳкамлаш учун Суриядаги урушга ҳарбий аралашувидан анча олдин Россия Сурияни «босиб олиш» ва маданий жиҳатдан қайта йўналтириш орқали унинг иқтисодиётини «соғиш» учун юмшоқ куч сиёсатини амалга ошира бошлаган эди.

Cуриянинг режим назорати остидаги ҳудудларда жойлашган мактабларида рус тилини ўқитишни кенг миқёсда тарғиб қилиш бу режанинг муҳим қисми бўлган.

Суриянинг қатор университетларида рус тили ва адабиёти кафедралари очилди, рус тили хорижий тил вариантларидан бири сифатида бошланғич ва ўрта мактаблар ўқув дастурларига киритилди. Илгари фақат инглиз ва француз тиллари ўқитилган.

Сурияда рус тилини ўрганиш фаол тарғиб қилинмоқда, дейди Ҳалаб университетининг собиқ профессори Ҳайдар Зайдан. Унинг таъкидлашича, юқори синф ўқувчилари буни уруш туфайли вайрон бўлган мамлакатни тарк этиш ва Россияда ўқиш учун чипта деб биладилар ва шу орқали ҳарбий хизматдан қочадилар.

Давлат мактаблари ўқувчиларига рус тилини ўргатишда Сурия таълим вазирлиги томонидан чиқарилган рус тили дарсликлардан фойдаланилади. [SANA]

Давлат мактаблари ўқувчиларига рус тилини ўргатишда Сурия таълим вазирлиги томонидан чиқарилган рус тили дарсликлардан фойдаланилади. [SANA]

15 март куни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашган Россия таълим вазири Сергей Кравцов (ўнгда) янги мактаблар қурилишини муҳокама қилмоқда. [Қирғизистон президентининг матбуот хизмати]

15 март куни Бишкекда Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашган Россия таълим вазири Сергей Кравцов (ўнгда) янги мактаблар қурилишини муҳокама қилмоқда. [Қирғизистон президентининг матбуот хизмати]

Бундай рағбат айримларни тил ўрганишга ундаса-да, рус тилининг кенг миқёсда ўқитилиши «Сурия меҳнат бозори учун салбий оқибатларга олиб келади», деб қўшимча қилди у. Бу битирувчиларнинг иш топиш имкониятларига таъсир қилиши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, рус тили маҳаллий ёки халқаро компанияларга керакли тил эмас, шу боис ишга жойлашиш имкониятлари «Россия компаниялари ёки уларга алоқадо ширкатлар билангина чекланади».

Суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳнинг сўзларига кўра, Дамашқдаги Россия маданият маркази бевосита ва у билан ҳамкорлик қилаётган институтлар орқали тил курсларини ташкил этиб, назорат қилиб келмоқда.

Ўрганиш учун хорижий тил танлаётган талабалар энди ҳақиқий дилеммага дуч келишмоқда, дейди у, чунки рус тилини ўрганиш билан улар фақат Россияда таҳсил олишлари мумкин.

«Россия Сурияни ёки камида унинг бир қисмини Сурия ва унга қўшни давлатлар атрофидаги муҳитга мос бўлмаган Россия мустамлакасига айлантирмоқчи», деди у.

Бу сиёсат ўз навбатида Россиянинг Суриядаги манфаатларини, биринчи навбатда Яқин Шарқ мамлакатининг табиий ресурслари ва уруш туфайли пайдо бўлган қайта қуриш лойиҳалари ҳимоясини таъминлайди.

Суриянинг табиий ресурсларини асосий мукофот деб билувчи Россия қайта қуришга оид йирик шартномаларни имзолашга интилмоқда.

Ҳайратланарли эмас

Москванинг рус тили ва маданиятини тарғиб қилишга уриниши Марказий Осиёликларни ажаблантирадиган нарса эмас.

Бу йил Совет Иттифоқи парчаланганига 30 йил тўлади, шунга қарамай, Россия ўз манфаатлари ва таъсирини ривожлантириш йўлида бутун минтақада маданий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишни давом эттирмоқда.

Ушбу «юмшоқ куч» сиёсати – маданият ва сиёсий ғоялардан таъсир ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш – Марказий Осиёда рус тили ва маданиятини оммалаштиришни ўз ичига олувчи 2016 йилда қабул қилинган ташқи сиёсат стратегиясининг муҳим қисмидир.

Сўнгги вақтларда Москванинг «юмшоқ куч» сиёсати доирасида Қирғизистонда бир қатор таълим лойиҳаларини амалга оширишга интилиши маҳаллий аҳоли ва кузатувчилар орасида хавотирга сабаб бўлмоқда.

Москва постсовет ҳудудда Россиянинг мақомини сақлаб қолиш учун турли хил, жумладан, иқтисодий босимлар қўллаб келади. У ўтган йили маҳбусликдан президентликкача кўтарилган Садир Жапаровга бир неча бор ўз истакларини баён қилган эди.

Феврал ойида Жапаров президент сифатидаги илк хорижий сафарини Россиядан бошлади. Бунинг натижасида Қирғизистонда рус тилидаги таълимни кучайтириш бўйича бир қанча мажбуриятлар олинди.

Кейинчалик иккала ҳукумат Қирғизистон бўйлаб, жумладан Бишкек ва Ўш шаҳарларида 44 та рус мактабини очишга келишиб олдилар, деб хабар берган эди қирғиз оммавий ахборот воситалари март ойида.

Қирғизистонлик ота-оналар Москванинг саъй-ҳаракатлари қирғиз тили ва миллий ўзлигига путур етказаётганидан хавотир билдиришган.

«Ҳукуматимиз келажак авлодга қадриятларимизни сингдириш учун ёшлар орасида миллий ўзликни англаш сиёсатини олиб бориши керак», дейди бишкеклик Назира Кулуева.

Кузатувчилар, шунингдек, рус мактаблари кўпинча бошқа ўқув муассасаларига мувофиқ эмаслигини таъкидлайдилар.

«Ота-онам ҚРСУ (Қирғизистон Россия славян университети) 1990-йилларда нуфузли бўлган дейишади, аммо кейинчалик университетнинг таълим даражаси пасайиб кетган», дейди Марказий Осиё Америка университети (МОАУ) талабаси Азамат Асакеев. «Ўқитувчилар орасида коррупция кучайган. Кейинроқ у ерда ўқитувчилардан бирининг жинсий тегажоқлиги билан боғлиқ можаро келиб чиққан.»

«Ўша университет дипломига эга бўлганимда, етакчи халқаро корпорацияларнинг менга талаби юқори бўларди, деб ўйламайман», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500