Карвонсарой
Терроризм

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги диний таълим устидан назоратни кучайтирмоқда

Карвонсарой

Ўтган йилнинг 28 август куни жума намозини ўқиш учун Қоҳирадаги Ал-Азҳар масжиди ҳовлисига келаётган мусулмонлар. [Муҳаммад аш-Шаҳед/AFP]

Ўтган йилнинг 28 август куни жума намозини ўқиш учун Қоҳирадаги Ал-Азҳар масжиди ҳовлисига келаётган мусулмонлар. [Муҳаммад аш-Шаҳед/AFP]

ТОШКЕНТ – Ўзбекистон «экстремизмга қарши кураш» чоралари доирасида диний таълим олиш учун хорижга чиққан фуқароларни ватанига қайтариб, чет эл муассасаларида ўқишга рухсат берилган шахслар устидан назоратни кучайтирмоқда.

Ҳукумат хорижий давлатларда диний таълим олаётган талабаларини чақириб олиб, илм ўрганиш мақсадида хорижга йўл олганларни чегарада тўхтатиб қолган.

Хабарларга кўра, уларнинг айримлари шубҳали ёки рухсати бўлмаган муассасаларга йўл олган, баъзилар эса ўқишга қабул қилинган муассасаларга дарсга келмаган.

Сўнгги ойларда хорижий мамлакатлардан қайтарилган 1500 га яқин ўзбекистонлик талабаларнинг аксарияти Фарғонаси водийсидан – Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан бўлишган.

Рамазон ҳайити вақтида Мисрдаги Ал-Азҳар масжидида намоз ўқиётган ўзбекистонлик мусулмонлардан бири, 13 май. [Холид Десуки/AFP]

Рамазон ҳайити вақтида Мисрдаги Ал-Азҳар масжидида намоз ўқиётган ўзбекистонлик мусулмонлардан бири, 13 май. [Холид Десуки/AFP]

Ушбу вилоят Марказий Осиёдаги энг консерватив жойлардан бири ҳисобланади, деб айтган якшанба (20 июн куни) Озод Европа/ Озодлик радиоси билан суҳбатда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматига алоқадор манбалардан бири.

Манбанинг айтишига қараганда, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ҳукумати хорижий мамлакатлар диний таълим муассасаларида ўқиш истагидаги 1800 га яқин вояга етмаган шахсларни чегарада ушлаб қолган.

Бир нечта университетлар раҳбариятлари ўзбекистонлик юзлаб талабаларнинг дарсда қатнашмагани ва имтиҳон топширмаганини айтган, деб хабар берди Озодликка Ўзбекистон элчихонаси вакили.

Талабаларни ҳимоялаш

Экстремистик қарашларнинг кучайиши шароитида ҳукуматлар «ўз ёшлари ва умуман аҳолини радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиши табиий», дейди Тошкентдаги Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети ўқитувчиси Равшан Назаров.

«Ҳукуматнинг бу чоралари мутлақо табиий ва дунёдаги мавжуд вазиятга жавоб беради», деди у Карвонсаройга. «Бу ҳаракатлар ўзбекистонлик талабаларнинг радикал ва экстремистлар билан исталмаган алоқаларининг олдини олишга қаратилган.»

Ҳукумат ўзбекларнинг «Ал-Қоида», Толибон ёки Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) каби экстремистик ташкилотлар билан бевосита алоқада бўлишини истамаслиги табиий, деб қўшимча қилди у.

«Агар ўзбекистонлик талабалар аллақачон қандайдир радикал ва экстремистик ҳаракат ёки ташкилот билан алоқада бўлган бўлса, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу талабаларнинг амалий ҳаракатларини диққат билан кузатиб бориши керак», деди у.

Чунки, бу ҳолатда «талабаларнинг мафкуравий ёлланиши билан боғлиқ ҳолат юз берган бўлиши мумкин.»

«Кейинчалик фаол яширин экстремистлар билан курашгандан кўра, исталмаган алоқалар пайдо бўлишининг олдини олган яхшироқ», деб қўшимча қилди Назаров.

Маҳаллий таълим

Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчиси Камолиддин Раббимовнинг сўзларига кўра, бу муаммога, жумладан Ўзбекистондаги диний таълимнинг қониқарли эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда.

«Ўзбекистонда диний муассасалар қаттиқ назорат остида ва жуда кам», деди у Карвонсаройга. «Шунинг учун ўзбеклар диний таълимни мамлакат ташқарисидан изламоқда».

Ўзбек талабаларини мамлакат ичкарисида ўқишга ундаш учун «ҳукумат аввало мамлакат ичида тегишли шароитлар яратиб, ислом динини ўрганиш имкониятларини кенгайтириши керак» деди Раббимов.

Ижтимоий-иқтисодий муаммолар, ишсизлик ва диний билимларнинг етишмаслиги радикаллашувга замин яратади, деди у.

«Бундай шароитда, мухолиф кайфиятдаги ёшлар (ёлловчилар томонидан) осон бошқариладиган массага айланади», деб огоҳлантирди у 35 млн фуқарога фақат икки ёки учта диний муассаса хизмат қилаётганини таъкидлаб.

Сифатли диний таълим олишнинг чеклангани ўзбекистонлик ёшларни «ҳатто ноқонуний бўлса ҳам хорижда таълим олишга» ундамоқда, дейди тошкентлик мустақил таҳлилчи Фозил Машраб.

«Улар баъзан экстремистик кучлар таъсирига тушиб қолиши мумкин», деб қўшимча қилди у.

Ўзбекистон расмийлари «яна касалликнинг келиб чиқиш сабаблари билан эмас, аломатлари билан курашмоқда», деди Машраб.

[Мақолани тайёрлашга Тошкентдан Рустам Темиров кўмаклашган]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500