ОЛМАОТА – Қозоғистонда келажакдаги турли эҳтимолий таҳдидлар (аксарияти Россиядан) баён қилинган янги хавфсизлик стратегияси имзоланди.
21 июн куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан имзоланган Миллий хавфсизлик стратегияси келаси беш йил ичида юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши курашга эътибор қаратади.
«Бу таҳдидлар орасида энг аввало, давом этаётган коронавирус пандемияси ва биологик хавфсизликка оид бошқа таҳдидлар бор. Иккинчидан, иқтисодиётни, меҳнат муносабатларини, ижтимоий соҳани, ахборот макони ва коммуникацияларини тубдан ўзгартирадиган технологик ўзгаришлар», дейилади президент матбуот хизмати баёнотида.
«Учинчидан, молия ва иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи ташқи бозорлардаги инқирозлар», деб қўшимча қилди у.
«Тўртинчидан, халқаро ва минтақавий миқёсдаги зиддиятларнинг янада кучайиши вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда».
«Дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари миллий хавфсизликка оид сиёсатларини янги халқаро ва маҳаллий воқеликлардан келиб чиқиб, қайта белгиламоқда», дейилади баёнотда.
Бу ҳужжат Тўқаев тарафидан имзоланишидан аввал собиқ президент Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги Қозоғистон хавфсизлик кенгаши тасдиғидан ўтган.
Хавфсизликка доир янги ҳужжатда Россия сиёсий сабабларга кўра бевосита зикр этилмаган, аммо Россия Қозоғистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги борасидаги хавотирлар манбаи эканлиги маълум.
Феврал ойида, стратегия ҳали муҳокама қилинаётганида, Назарбоев Хавфсизлик кенгаши мажлисида мамлакат хавфсизлигининг устувор йўналишларини баён қилган эди.
«Биринчи масала – Қозоғистон суверенитети. Иккинчиси - ҳудудий яхлитлик. Учинчиси – бирдамлик ва сиёсий барқарорлик. Тўртинчи – фуқароларнинг фаровонлиги ва ижтимоий адолат», деб айтган Назарбоев 24.kz хабарида.
«Миллий хавфсизлик стратегиясининг мақсади ушбу қадриятларни сақлаб қолиш ва Қозоғистон мустақиллигини мустаҳкамлашдан иборат», деган у 24.kz нашри хабарига кўра.
Россиянинг таҳдидлари
Сўнгги вақтларда Қозоғистон россиялик сиёсатчиларнинг мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига қўювчи иғволи баёнотларига дуч келди.
10 декабр куни «Биринчи» давлат телеканали эфирида Россия давлат думасининг таълим ва фан масалалари қўмитасининг раиси Вячеслав Никонов Қозоғистоннинг суверенитетига бевосита дахл қилувчи сўзларни айтган эди.
«Қозоғистон мавжуд эмас эди», деб айтган «Большая Игра» (Катта ўйин) телешоусида меҳмон бўлган Никонов. «Шимолий Қозоғистонда (руслар келгунига қадар) одамлар яшамаган. Қозоғистон ҳудуди – Россия ва Совет Иттифоқининг улкан совғаси.»
Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, Россия давлат думасининг яна бир депутати Евгений Фёдоров «Belrusinfo» YouTube каналида мамлакат ҳудудини назарда тутиб, Қозоғистон «совға учун миннатдор бўлиши кераклигини» айтган эди.
«Совға деб тан олмас экансиз, уни қайтариб беринг, чунки сиз уни ноқонуний олгансиз – Россия шундай дейишга ҳақли», деди Фёдоров.
Бу сиёсатчилар Россия президенти Владимир Путиннинг баёнотидан руҳланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Постсовет давлатлар «рус халқининг совғаларини» қайтариб бериши керак, деган эди Путин 2020 йил июнда «Россия-1» давлат телеканали эфирида.
Қозоғистон ҳукумати Никоновнинг сўзларига жавобан Россия тарафига норозилик нотаси топширган. «Россиялик сиёсатчилар тарафидан Қозоғистонга нисбатан тез-тез янграётган иғволи сўзлар мамлакатларимизнинг дўстона муносабатларига жиддий путур етказмоқда», дейилади ТИВ баёнотида.
Қозоғистон, шунингдек, Россия оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган дезинформацияга ҳам дуч келмоқда. Коронавирус пандемияси Олмаотадаги АҚШ биолабораториясидан чиққани тўғрисидаги сохта хабарлар шулар жумласидандир.
Қозоғистонда фейк хабарларни фош этиш билан шуғулланувчи Factcheck.kz сайти ҳам бу хабарнинг ёлғон эканлигини тасдиқлаган.
АҚШ тарафидан фаразий таҳдидни юзага келтиришга қаратилган дезинформация билан боғлиқ бу каби уринишлар кўп қутбли ташқи сиёсат юритадиган Қозоғистоннинг маневрларни чеклашни мақсад қилган, дейди Украинанинг Киев шаҳридаги Армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқотлар марказининг Осиё-Тинч океани ҳудуди бўйича раҳбари Юрий Пойта.
«Келажакда дезинформация кампаниялари янада кўпаяди, шу боис Қозоғистон уларга қарши самарали кураш чораларни ишлаб чиқиши лозим», деди Пойта.
Қозоғистон дўстона муносабатларга оид даъволарга қарамай, Россия тарафидан ўз суверенитетига потенциал таҳдидларни доимий равишда таҳлил қилиб келади. Бу хавотирлар 2014 йилда Қримнинг аннексия қилиниши ортидан янада кучайган, дейди халқаро муносабатлар бўйича Нур-Султонлик мутахассис Руслан Назаров.
«Қозоғистон ўз миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда - буни 2017 йилда қабул қилинган ва илк марта «гибрид уруш» таърифини ўз ичига олган янги таҳрирдаги бешинчи ҳарбий доктринадан ҳам билиш мумкин», деди Назаров.
«Амалдаги Миллий хавфсизлик стратегиясида сўнгги йиллардаги таҳдидлар ва яқин келажакда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар инобатга олинган», деди у.
Россиянинг геосиёсий авантюралари
Путин режими Қозоғистон миллий хавфсизлигига тобора кўпроқ хавф солмоқда, дейди Олмаотадаги Хавфларни баҳолаш консалтинг гуруҳи раҳбари Досим Сатпаев.
«Ёнгинамизда Хрушчев давридаги Совет Иттифоқини эслатувчи ва унинг пойабзалини қўлига олиб, бутун дунёнинг таъзирини бериб қўйиш билан таҳдид қилаётган давлат юзага келмоқда», деган эди Сатпаев 4 июн куни Facebook саҳифасида.
«Бу бизнинг республикамиз ва постсовет ҳудуддаги Кремлнинг навбатдаги геосиёсий таваккалчиликлари қурбонига айланиши мумкин бўлган бошқа ўйинчилар учун аввал-бошдан катта хавф туғдиради ва кутилмаган оқибатларга олиб келади.»
Сатпаев 2018 йилда ёзган мақоласидан иқтибос келтирган – унда Кремл мафкурачилари унинг «геосиёсий изоляцияси» енгилроқ кечиши учун, Россия бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ҳарбий блокидаги шерикларини Россия билан боғлиқ можароларга аралаштиришини башорат қилган эди.
Россиянинг бундай позицияси Қозоғистоннинг кўп қутбли ташқи сиёсатини акс эттирувчи ҳарбий доктринасига зиддир, деди у.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкиннинг ЕОИИ Ғарб санкцияларига қарши «биргаликдаги жавоб чоралари» устида иш олиб бораётгани ҳақидаги сўнгги иддаолари ҳам Қозоғистоннинг иқтисодий манфаатларига зид, деб қўшимча қилди у.
«Агар биз ҳақиқатан суверен давлат бўлсак, ташқи, жумладан халқаро иқтисодий алоқалар борасидаги сиёсатимизни ўзимиз белгилашимиз керак», деди Сатпаев.
Россиядан қанча узоқ бўлсак, шунча яхши.
Жавоб беришФикрлар 6
Ҳа, Россияга ҳеч ким ишонмай қўйган.
Жавоб беришФикрлар 6
Украинада катта хато қилдик, аллақачон бу мамлакатга ишонмаслигимиз керак эди
Жавоб беришФикрлар 6
Биз Туркия билан янада кўпроқ боғланишимиз ва биродарларимиздан дронлар олишимиз керак.
Жавоб беришФикрлар 6
Божхона иттифоқи ва ўлик КХШТдан чиқиш керак
Жавоб беришТарас Булбанинг сўзлари билан жавоб бераман: «Хўш, ўғлим, полякларинг сенга ёрдам бердими?»
Жавоб беришФикрлар 6