Карвонсарой
Жиноят ва адолат

АҚШ ҳукумати жиноятчиликка қарши курашда ёрдам сифатида Тожикистонга янги электрон рўйхатга олиш тизимини тақдим этди

Карвонсарой

21 июн куни АҚШ элчихонаси ва Тожикистон ички ишлар вазирлиги Қубодиён, Жайҳун, Фархор, Истаравшан ва Исфара туманларида бешта милиция ва жамоатчилик ҳамжиҳатлиги марказини очди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

21 июн куни АҚШ элчихонаси ва Тожикистон ички ишлар вазирлиги Қубодиён, Жайҳун, Фархор, Истаравшан ва Исфара туманларида бешта милиция ва жамоатчилик ҳамжиҳатлиги марказини очди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

ДУШАНБЕ – АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси 25 июн куни Тожикистон ҳукуматининг жиноятчиликка қарши курашига кўмаклашиш бўйича АҚШ томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида Тожикистон ички ишлар вазирлигига (ИИВ) жиноятларни электрон рўйхатга олиш (E-Crime) тизимини тақдим этди.

Ушбу тизим ИИВга одил судловни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, шунингдек полиция ходимларига судланганликка оид ёзувларни бошқариш ва жиноий-процессуал жараёнлар иштирокчиларига юридик ҳужжатларни олиш имкониятини беришга мўлжалланган.

Жиноятларни электрон рўйхатга олиш тизими ИИВ сўровига биноан, АҚШ элчихонасининг наркотикларга қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси (INL) ва Жамоатчиликка йўналтирилган милиция дастурининг (CPP) ижрочиси Saferworld томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 662 минг долларни (7,6 миллион сомоний) ташкил этган бўлиб, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, сервер, ускуналар, алоқа инфратузилмаси ва тизимни бошқариш учун 275 дан ортиқ ИИВ ходимларини ўқитишни ўз ичига олади.

Жамоатчилик милиция марказлари

Яқинда, 21 июн куни Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёрдам сифатида АҚШ элчихонаси ва ИИВ Қубодиён, Жайҳун, Фархор, Истаравшан ва Исфара туманларида ҳам бешта жамоатчилик милиция марказларини (ЖММ) ишга туширган эди.

Saferworld барпо этган марказлар элчихонанинг Жамоатчиликка йўналтирилган милиция дастури томонидан молиялаштирилган.

ЖММлар жамоатчилик ва милиция ҳамжиҳатлик гуруҳларига офислар тақдим этади. Ушбу гуруҳлар полиция ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан таркиб топган. Улар жойларда жамоат хавфсизлигига оид муаммоларни ҳал қилишда биргаликда иш олиб борадилар.

Дастур доирасида ҳамжиҳатлик гуруҳлари жамоат хавфсизлигига оид устувор масалаларни аниқлаш, жамоатчилик муаммоларини биргаликда ҳал қилиш ҳамда «ишончни мустаҳкамлаш ва мулоқот орқали милиция-жамоатчилик ҳамкорлигини» кучайтиришни ўз ичига олган «жамоатчилик милицияси тамойиллари ва амалиётларини» ўргандилар.

Saferworld 2016 йилдан бери 3000 дан зиёд милиция ходимлари ва фуқароларни ўқитиб, 37 та ҳамжиҳатлик гуруҳини шакллантирди.

Жамоатчиликка асосланган ҳуқуқ-тартибот дастурини амалга ошириш 2010 йилда бошланган. АҚШ элчихонаси бутун мамлакат, жумладан Афғонистон чегараси бўйлаб 54 та ҳамжиҳатлик марказини барпо этган ва қайта қурган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500