Карвонсарой
Бизнес

Ўзаро ишончнинг янги даврида Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги жадаллашмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июн куни Ўзбекистонга тожик гиламларини экспорт қилиш таклифи доирасида тожик гилам ишлаб чиқарувчи корхонасига ташриф буюрди. [Суғд вилояти матбуот хизмати]

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 июн куни Ўзбекистонга тожик гиламларини экспорт қилиш таклифи доирасида тожик гилам ишлаб чиқарувчи корхонасига ташриф буюрди. [Суғд вилояти матбуот хизмати]

ДУШАНБЕ – Тожикистон ва Ўзбекистон COVID-19 пандемияси вақтида ёпилган умумий чегараларни очишга тайёрланар экан, қўшма иқтисодий корхоналар ва ҳамкорликни ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев июн ойи бошида Тожикистонга расмий ташрифи чоғида бир қанча шартномаларни имзолади.

Ушбу ҳужжатлар тўплами кўплаб бизнес соҳалари, шунингдек, тиббиёт ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ўз ичига олувчи 36 та протокол ва битимдан иборат.

«Мен Ўзбекистоннинг Тожикистонга чегарадош барча вилоятлари ва шаҳарлари ҳокимларига самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш топшириғини бердим... биз президентлар, ҳукуматлар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар даражасида ҳамкорликни таъминлаймиз» деди Мирзиёев 10 июн куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

14 апрел куни олинган сурат: Тожикистондаги «Хўжанд Атлас» тўқимачилик фабрикаси. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

14 апрел куни олинган сурат: Тожикистондаги «Хўжанд Атлас» тўқимачилик фабрикаси. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Тожикистоннинг Қайроққум шаҳрида олинган ушбу фотосуратда тўқимачилик маҳсулотлари акс этган. 11 июн куни имзоланган шартномалар доирасида Ўзбекистон Тожикистоннинг фаол модернизация қилинган тўқимачилик корхоналаридан бири – Қайроққум гиламлари корхонасини ривожлантиришга кўмаклашмоқчи. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Тожикистоннинг Қайроққум шаҳрида олинган ушбу фотосуратда тўқимачилик маҳсулотлари акс этган. 11 июн куни имзоланган шартномалар доирасида Ўзбекистон Тожикистоннинг фаол модернизация қилинган тўқимачилик корхоналаридан бири – Қайроққум гиламлари корхонасини ривожлантиришга кўмаклашмоқчи. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ўз навбатида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон шундай деди: «Биз ўзбекистонлик дўстларимизга Тожикистонда енгил саноат, озиқ-овқат саноати, тоғ-кон саноати ва рангли металлургия соҳасида фаолият юритаётган корхоналар базасида, шунингдек, эркин иқтисодий ҳудудларда қўшма корхоналар ташкил этиш таклифини билдирдик.»

«Бу – иккала мамлакат аҳолиси аллақачон ҳис қилган ўзаро муносабатларни янги босқичи», дейди Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирлиги вакили Наргис Шамсиева.

Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари кўплаб бошқа иқтисодий ташаббусларга ҳам бошламоқчи, деди Шамсиева.

Масалан, ўзбекистонлик сармоядорлар зич ипакдан табиий бўёқлар билан тайёрланадиган мато – атлас билан машҳур бўлган Тожикистондаги Хўжанд Атлас (ҳозирги Атласи Хўжанд) фабрикасида шойи тўқишни қайта тиклашга ёрдам беришни ўз зиммаларига олдилар.

«Ўзбекистонлик инвесторлар «Атласи Хўжанд» компаниясига кейинчалик учинчи мамлакатларга экспорт қилиш учун ипак ишлаб чиқаришни тиклашга йирик маблағ йўналтиришни режалаштирмоқда», деди 11 июн куни Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров.

Яқинда «Атласи Хўжанд» эгаси Азимжон Ғофуров Самарқанд пиллачилик комбинати раҳбарияти билан мато учун зарур бўлган ипак ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида келишувга эришди.

«Биз қарийб 20 йилдан бери хомашё билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқдамиз. Сўғд вилоятида фаолият юритаётган ягона ипак ишлаб чиқариш заводи – ВТ «Силк» (Вьетнам-Тожикистон қўшма корхонаси) ишлаб чиқариш учун зарур бўлган эҳтиёжларни қондира олмайди» деди у.

«Натижада ишимиз тўхтаб қолмоқда. Кўпинча ишчиларимиз ва мутахассисларимизни мажбурий таътилга чиқариб юборяпмиз», деди у.

Ўзбекистондаги янги шерикларимиз «бизни қўллаб-қувватлашга тайёр», деб қўшимча қилди Ғофуров.

Ғофуровнинг сўзларига кўра, хомашё ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш атлас ишлаб чиқаришни тиклашга ва маҳсулот ҳажмини босқичма-босқич ошириб боришга имкон беради.

«Икки мамлакат президентларининг учрашувидан сўнг, ўзбекистонлик шерикларимиз билан қўшма лойиҳамизни амалга ошириш истиқболи пайдо бўлди», деди у.

Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар 2016 йилда Мирзиёев ҳукуматга келганидан бери шу қадар яхшиландики, ўзаро товар айланмаси икки йил ичида 1 миллиард доллардан ошишига умид қилинмоқда. Ўзбекистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2020 йилда Тожикистон-Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми 500 миллион доллардан ошган.

Агар савдо ҳажми чиндан ҳам шу даражага етадиган бўлса, бу рақам Тожикистоннинг 2020 йилда ўз қўшниси Россия билан қайд этган кўрсаткичидан ҳам ошади – бу минтақавий алоқаларнинг яхшилангани ва собиқ мустамлакачига қарамликнинг камайганидан далолат беради.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик

Диққатга сазовор келишувлардан бири Тожикистоннинг учинчи энг узун дарёси – Зарафшонда иккита гидроэлектростанция барпо этишдир.

Ўзбекистон энергетика вазирлигининг хабар беришича, ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 552 миллион долларни ташкил этади (282 млн ва 270 млн доллар). Молиялаштиришнинг бир қисми халқаро молиявий институтларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мос равишда 140 МВт ва 135 МВт қувватга эга бўладиган иккита электростанция йилига жами 1,4 миллиард КВт/с электр токи ишлаб чиқариши мумкин ва Ўзбекистоннинг саноат ҳудудларидан бири бўлган Самарқанд вилоятининг энергия таъминотини сезиларли даражада яхшилаши мумкин.

Электр энергияси ишлаб чиқаришда газ ва кўмирга қарам бўлган Ўзбекистон учун янги электростанциялар катта иқтисодий манфаат келтириши ва экологик муаммоларни ҳал қилиши мумкин.

Зарафшон дарёсида орасини 100 км узоқликда қилиб гидроэлектростанциялар қуриш жуда қулай. Бу билан Зарафшондан пастда жойлашган Ўзбекистон дуч келиши мумкин бўлган қурғоқчилик каби қишлоқ хўжалигига оид муаммоларини бартараф қила оладиган сув омборлари ҳам қурилади.

Ўз навбатида Зарафшон тоғларида катта миқдорда фойдали қазилма бойликлар ва йирик тоғ-кон компанияларига эга Тожикистон ҳам шу ҳудудда электростанция қуришдан манфаатдор.

«10 йил олдин Ўзбекистон Тожикистон билан ГЭС қурилишида ҳамкорлик қилишига ишониш қийин эди», дейди Тожикистоннинг «Барки Тожик» энергетика холдингида йигирма йилдан ортиқ ишлаган Нозир Ёдгорий.

«Мамлакатимиз жуда катта гидроэнергетика қувватига эга. Айни вақтда 527 миллиард киловатт/соатга тенг деб баҳоланаётган қувватнинг фақат 5 фоизидан фойдаланяпмиз, холос», дейди Ёдгорий.

«Ўзбекистон ва Тожикистон бу ресурсларни биргаликда, бир-бирларининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўзлаштиришлари мумкин.»

Транзит

Сўнгги келишувлар Ўзбекистон ва Тожикистон чегарадаги ўтиш пунктларини очишга ҳозирлик кўраётган бир вақтда имзоланди. Чегаралар коронавирус пандемияси сабабли ёпилган эди.

Сўнгги келишувлар тўпламида расмийлар икки мамлакат ўртасидаги саёҳат ва Ўзбекистон бўйлаб маҳсулотлар транзитига оид қоидаларни ўзгартиришга келишиб олишган.

«Тожикистон тарафидан халқаро донорлар ёрдамида узоқни кўзлаб Ўзбекистон чегарасигача қурилган транспорт йўлаклари мамлакатга яккаланиб қолмасликка ёрдам беради», дейди хўжандлик Маъруф Маҳкамов.

«Бу айниқса, юкларнинг ҳаракатланишига тааллуқли, бунга тақиқ қўйиш иқтисодга жиддий зарба беради», дейди Маҳкамов.

Темир йўл алоқасини тўлиқ тиклаш масаласида ҳукумат даражасидаги музокаралар олиб борилмоқда, дейди Сўғд вилояти ҳокими ўринбосари Яъқубий.

Каримов ҳукмронлиги даврида Ўзбекистоннинг Тожикистон билан темирйўл алоқалари тўхтатиб қўйилган эди.

«Бизда дизел локомотивлар, Ўзбекистонда эса электр поездлар бор. Тожикистон темир йўлини электр қувватига ўтказиш муҳим масала, Ўзбекистон бу борада бизга ёрдам беришга тайёр», дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500