Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ва Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонга ёрдам бериш йўлида бирлашмоқда

Канат Алтинбаев

KazAID бошқаруви раиси Дастан Елеукенов ва USAID минтақавий миссияси раҳбари Кристофер Эдвардс 24 июн куни Нур-Султонда ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

KazAID бошқаруви раиси Дастан Елеукенов ва USAID минтақавий миссияси раҳбари Кристофер Эдвардс 24 июн куни Нур-Султонда ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. [АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси]

ОЛМАОТА – Қўшма Штатлар ва Қозоғистон ёрдамга муҳтож қўшни мамлакатларга кўмаклашиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлида янада жипслашмоқда.

Яқинда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) тараққиётга кўмаклашиш бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

24 июн куни имзоланган ҳужжатда KazAID бошқаруви раиси Дастан Елеукенов ва USAID минтақавий миссияси раҳбари Кристофер Эдвардс вакиллигидаги томонлар қатор соҳаларда ўзаро шериклик алоқаларини кенгайтиришга келишиб олдилар, дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

Ҳужжат Марказий Осиё ва Афғонистонда демократик тамойилларни илгари суриш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, иқтисодий тараққиётни кенгайтириш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини яхшилаш, қашшоқликка барҳам бериш мақсадларини кўзлайди.

Янги имзоланган битимни шарҳлар экан, минтақадаги кузатувчилар қўшни давлатлардаги тараққиётга кўмаклашиш бу мамлакатлар хавфсизлиги ва барқарорлигини сақлашга ёрдам беришини таъкидладилар.

USAID ва KazAIDнинг қўшма тажрибаси, дастурлари ва ресурслари тараққиёт мақсадларига эришишда шерик мамлакатларда ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва хусусий секторни қўллаб-қувватлайди, деб баёнот берди АҚШнинг Нур-Султондаги элчихонаси.

Мақсад – Марказий Осиё ва Афғонистонда юқори сифатли ва барқарор ривожланиш натижаларига эришиш учун уларнинг салоҳиятини ошириш, дейилади баёнотда.

Бу икки ташкилот Қозоғистон ҳукумати KazAIDни таъсис этганидан бир ой ўтиб, 12 январ куни илк марта ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Шу муносабат билан USAID вакили Хавьер Педра Нур-Султонда KazAID координатори Рапил Жўшибоев билан халқаро ривожланиш ва гуманитар ёрдам соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида маслаҳатлашди, дейилади ўша кунги АҚШ элчихонаси хабарида.

Улар истиқболдаги ҳамкорликка оид стратегик имкониятларни ҳам кўриб чиқдилар.

Пиедранинг таъкидлашича, Қозоғистон 1992 йилдаги USAID кўмагини олувчи мамлакатдан халқаро донор даражасига кўтарилди. У Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликда энди Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари тараққиётига кўмаклашмоқда.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш

Қозоғистон мамлакат ташқи ишлар вазирлиги орқали халқаро грантлар ва имтиёзли кредитлар ажратади, устувор тармоқларда янги объектлар қуради, қўшма жамғармалар ташкил этади, халқаро ташкилотларга техник кўмак беради ва ихтиёрий бадалларни тўлайди.

Кузатувчиларга кўра, KazAIDни таъсис этишда USAID намуна қилиб олинган.

Тараққиётга кўмаклашиш қўшни мамлакатларга хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга ёрдам беради, дейди Олмаотадаги Евроосиё тадқиқот институти илмий ходими Албина Муратбекова.

Бу донор мамлакатнинг ижобий имиджини ҳам юксалтиради, деди у.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига мунтазам равишда гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда, деди у KazAID бу амалиётни тизимлаштиришини таъкидлаб.

«Умид қиламизки, KazAID жамоатчилик учун шаффофликни оширади ва биз Қозоғистоннинг гуманитар фаолиятига оид расмий статистик маълумотларни кўра оламиз», деди у ва KazAIDнинг ташкил этилгани минтақадаги ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларидаги тараққиётга кўмак бўлишини таъкидлади.

Совет Иттифоқидан кейинги иқтисодий тикланиш

Совет Иттифоқи қулаганидан кейин, 90-йилларда Қозоғистон бошқа постсовет давлатлари сингари оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолди, кўплаб корхоналар инқирозга учради.

1992 йилда USAID кўчмас мулк ва капитал бозорларини ривожлантириш, қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам бера бошлади.

2006 йилда Қозоғистон ҳукумати асосан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотлар ва минтақавий савдога йўналтирилган USAID дастурларини биргаликда молиялаштиришга киришди.

Бу лойиҳалар, шунингдек, ОАВ фаолиятининг чеклангани ва мамлакат бошқарувида жамоатчиликнинг фаол эмаслиги, шунингдек совет даври мероси бўлган қиммат ва самарасиз соғлиқни сақлаш тизими каби муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.

USAID, шунингдек Қозоғистон ҳукумати билан демократик ва сиёсий ислоҳотларини илгари суриш ва мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасида сил, ОИТС ва яқиндан бери COVID-19 каби касалликларни даволашни яхшилаш йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Минтақада шаклланаётган етакчи

Мустақил Қозоғистон асосан АҚШ ва Европа компаниялари билан ҳамкорликда ўз энергетика саноатини йўлга қўйиш ва ривожлантириш орқали мамлакат иқтисодиётини таназзулдан олиб чиққан.

У 2000-йилларда иқтисодий қудрати ошгани сайин, минтақадаги етакчи мамлакатга айлана бошлади.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги 20 йил ичида Қозоғистон ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун хорижий давлатларга 542 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди.

Шу тариқа у «ёрдам олувчи мамлакатдан бошқа Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонга ёрдам бериш йўлида донор давлатлар билан ҳамкорлик қилувчи халқаро донорга айланди».

У минтақавий ва глобал хавфсизлик, шерик мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратган.

Қозоғистоннинг устувор вазифаларидан бири нафақат миллий, балки минтақавий хавфсизликни ҳам қўллаб-қувватлашдир, дейди Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг ҳарбий таҳлилчиси Георгий Дубовцев.

«Энг аввало, бу Марказий Осиё учун долзарб бўлган терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашиш демакдир, айниқса Афғонистондаги зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда», деди Дубовцев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Қозоғистон халқига ёрдам беришса яхшироқ бўларди, мамлакатни ярми қашшоқликда кун кечирмоқда

Жавоб бериш