ТОШКЕНТ – Ўзбекистондаги дин пешволари ва ноқонуний диний мактаблардаги суиистеъмол ҳолатларини кўрган ота-оналарга кўра, диний таълим фақат қонунчилик асосида ва давлат томонидан тасдиқланган шахслар тарафидан берилиши лозим.
Ўтган бир йилда Ўзбекистон ҳукумати ҳужра деб аталувчи бир қанча яширин мактаблар аниқланганини иддао қилган.
Куч ишлатар идоралар хабарида айтилишича, Сирдарё вилоятидаги хонадонда расмий диний маълумотга эга бўлмаган эр-хотин томонидан ташкил этилган ноқонуний мактабга 15 нафар ўқувчи жалб қилингани аниқланган. Уларнинг тўққиз нафари ўғил, қолганлари аёллар ва қизлардан иборат бўлган, дейилади хабарда.
Терговчилар мактабда дарс берган аёлнинг уяли телефонидан диний мавзудаги бир қанча маърузаларни топишган.
2020 йил декабр ойида Тошкент шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан яна учта шундай ноқонуний мактаб фаолиятига чек қўйилгани айтилади.
Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилнинг биринчи ярмида 116 та яширин диний мактаб тугатилган. 2017 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари 33 та шундай мактабни аниқлаб, тарқатиб юборган.
Ноқонуний мактабларда таҳсил олаётган ўқувчилар кўпинча турли қонунбузарликлар хавфига дуч келишган.
Хабарда айтилишича, 2017 йилда Сурхондарё вилоятидаги яширин диний мактаб ўқитувчиси олти ёшли Муҳаммадсодиқ Абдураҳмоновнинг ўлимига сабабчи бўлган. Ўқитувчи Шерали Ибодов етти йилга озодликдан маҳрум этилган.
«Зарбалардан укамнинг тили осилиб қолди. Мени (танамнинг) битта жойига 10 марталаб уришди, ўзимни ўлаётгандек ҳис қилдим», дейди болалардан бири олган жароҳатлари кўрсатилган видеолавҳада.
Лавҳада маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ёпилган бошқа яширин мактабларда ўқувчилар оч қолдирилган ёки уларга экстремистик мазмундаги аудио ва видеоматериаллар билан таъсир ўтказишга ҳаракат қилинган.
Мажбурий диний таълим
Ўзбекистонда хусусий диний таълим тақиқланган. Мамлакатда амалда бўлган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга биноан вояга етмаганларга динни мажбуран ўргатиш ёки уларни диний ташкилотлар сафига ёллаш ноқонуний ҳисобланади.
Исломий таълим давлат тарафидан назорат қилинади, давлат мактабларида дин дарслари ўтилмайди.
Исломий илм олишни истаганлар ўрта мактабни тугатганларидан кейингина мадрасада ёки Тошкент ислом институтида таҳсил олишлари мумкин.
Айрим ота-оналар ўз фарзандларини ҳужраларга юбориб, у ерда улар «ҳақиқий ислом»ни ўрганадилари деб ишонишади, дейди Швецияда яшовчи ўзбекистонлик мухолифатчи сиёсатчи Пўлат Охунов.
Унинг айтишича, «улар бу мактаблардаги қатъий интизомга фарзандларини тўғри йўлга йўллашда ёрдам беради, деган умидда рози бўлишади».
«Айрим ота-оналар ўз фарзандларини шундай мактабларда ўқишга мажбурлаши ҳам мумкин», дейди Қорақалпоғистондаги коллежда тарих фанидан дарс берадиган муаллим, икки фарзанднинг 58 ёшли отаси Максим Матназаров.
Улар «ота-онасининг кўнглини қолдирмаслик учун оғриқ ва хўрликка» чидайдилар, деди у ота-оналарнинг «уларга танлаш ҳуқуқини бермай, аксинча улар учун танлов қилишини» айтиб.
«Болаларни бундай нолегал мактабларга жойлаш яхши эмас», деди у.
Фарғона водийсида яшовчи икки фарзанднинг отаси, 48 яшар Санъат Муҳаммаджонов ҳужралардаги зўравонликлар ҳақидаги хабарлардан ғазабланганини айтади.
«Икки ўғилнинг отаси сифатида фарзандаларим қаерда бўлишидан қатъи назар, уларга зўравонлик қилинишига йўл қўймайман», деди у фарзандларини бундай мактабларга берган ота-оналарнинг жавобгарликка тортилиши кераклигини айтиб.
«Мен бу бечора болаларнинг ота-оналарини соғлом фикрлашга чақираман», деди у.
Ҳеч ким болаларга диний қарашларни «мажбурлаб ўтказиш ёки сингдириш» ҳуқуқига эга эмас, дейди Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан бўлган юрист Шаҳриддин Холмуродов.
«Бундай хатти-ҳаракатлар учун ноқонуний мактаблар асосчилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», деди у Ўзбекистон конституциясининг 31-моддаси виждон эркинлигига бағишланганига ишора қилиб.
«Инсонннинг исталган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини кўпчилик унутиб қўяди», деди у «диний қарашларни мажбуран қабул қилдириш мумкин эмаслигини» таъкидлаб.
Экстремизм хавфи
Ота-оналар ва олимлар ҳужраларда ўқишга мажбурланган болалар кейинчалик экстремизм йўлига кириши мумкинлигидан хавотир билдирганлар.
Фарзандларини мажбуран шундай мактабларга берадиган ота-оналар «уларнинг болалигини ўғирлаган бўлади», дейди Матназаров келажакда бу болалар ҳамма нарсага ўз таълимоти призмаси орқали қарашини таъкидлаб
«Уларнинг аксарияти радикал диндорга айланиши эҳтимолдан холи эмас», деди у.
«Менимча, ҳужрадаги таълим ўқитувчиларга нисбатан бироз хавф туғдиради», дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети тарихчиси Санобар Шодмонова.
«Улар кимлар ва қандай диний ғояларга эга? Буни тушуниш ва назорат қилиш қийин», дея қўшимча қилди у.
Ҳаммаси қонун доирасида бўлиши керак, дейди Мурчбобо масжиди имом-хатиби ва Сурхондарё вилояти мусулмонлари диний идораси вакили Абдураҳмон Рамазонов.
«Ўқитувчилар таълим бериш лицензиясига эга бўлиши лозим. Синфда болаларни уриш мумкин эмас. Бу ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Ўқитувчи қаттиққўллик қилиши мумкин, лекин у жисмоний зўравонлик ишлатмаслиги керак», деди у.
«Албатта, икки баҳо қўйиш ва танбеҳ бериш мумкин. Агар бола яхши натижаларга эришса, уни яхши баҳолар ва мақтов билан рағбатлантириш керак. Аммо, шариатга кўра, уриб бўлмайди», деб қўшимча қилди у.
Тошкентдаги яна бир яширин мактабда ўқитувчилар болаларни чангютгич сими билан урганлар, дейилади 2020 йил декабрда «Ёшлар» давлат телеканалида намойиш этган лавҳада.