Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия ҳукумати Марказий Осиёликлар учун янги «содиқлик келишувини» жорий этмоқчи

Канат Алтинбаев

Миграция марказида ишлаш ва яшаш рухсатномаларини узайтириш учун учун навбатда турган меҳнат мигрантлари. Санкт-Петербург, 2020 йил. [Ольга Мальцева/AFP]

Миграция марказида ишлаш ва яшаш рухсатномаларини узайтириш учун учун навбатда турган меҳнат мигрантлари. Санкт-Петербург, 2020 йил. [Ольга Мальцева/AFP]

ОЛМАОТА – Россия ҳукумати меҳнат мигрантларига мамлакат киришда «содиқлик келишувини» имзолаш талабини жорий этмоқчи. Бу – мамлакатда ишлашни истаганларга нисбатан тобора кучайиб бораётган чекловларнинг навбатдагиси бўлди.

Таклиф этилаётган янги федерал қонун Россиянинг 2019-2025 йилларга мўлжалланган миграция сиёсати концепциясининг бир қисми бўлиб, унга кўра чет элликларга мамлакатда туриш ва қонуний ишлашга оид қоидаларни ўз ичига олган келишувни имзолаш талаби қўйилади, деб хабар берди ТАСС 26 июн куни.

Ҳужжат янги келганларнинг Россияга кириш, яшаш ва чиқиб кетиш қоидаларига бўйсунишини таъминлайди, деб хабар беради ИИВ.

«Содиқлик келишувини» имзолаш билан, мигрант, бошқа нарсалар қатори, белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик оқибатларидан бохабар эканлигини тасдиқлайди ва Россияга зарар етказмасликка розилик билдиради.

Москвадаги «Гранел» девелоперлик компаниясига қарашли қурилиш майдонида ишлаётган ишчилар, 12 март. [Юрий Кадобнов/AFP]

Москвадаги «Гранел» девелоперлик компаниясига қарашли қурилиш майдонида ишлаётган ишчилар, 12 март. [Юрий Кадобнов/AFP]

Бундан ташқари, у келишувни бузгани учун ватанига депортация қилиниши билан боғлиқ барча харажатларни қоплашга розилик бериши лозим.

Ушбу қонун қабул қилинадиган бўлса, мигрантлар кириш визасини олганидаёқ келишувни имзолаши керак бўлади.

Россияга визасиз кирадиганлар, яъни Россия ҳукмронлигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари битимни имзолашдан ташқари бармоқ изларини топширишлари зарур.

Таклиф этилаётган қонун Россияга кириш истагидаги мигрантларга нисбатан қатъийлашиб бораётган чекловларнинг навбатдагисидир.

31 май куни Россия ҳукумати мигрантларнинг рус тили ҳамда Россия тарихи ва қонунларини билишини талаб қилувчи қарорни қабул қилди.

Мигрантлар ҳатто мамлакатда вақтинчалик бўлиш рухсатномаси учун ҳам имтиҳон топширишлари шарт қилиб қўйилди.

Бу орада 1 июлдан меҳнат мигрантларининг бармоқ излари ва фотосуратларини олиш бошланди, бу талаб фақат Марказий Осиё фуқароларига тегишли. Беларусликлар бундай амалиётлардан озод қилинган.

Бундан ташқари, энди ишчи мигрантлар Россия миграция идораларига одам иммунотанқислиги вируси (ОИВ), гиёҳвандлик ёки юқумли касалликлардан холи эканликларини тасдиқловчи маълумотномаларни тақдим этиши шарт, деб хабар беради Current Time телеканали.

Бундай маълумотномаларни олиш учун мигрантлар бир талай шифокорлар, жумладан сил, таносил касалликлари ва гиёҳвандлик бўйича мутахассислар кўригидан ўтиши керак.

«Аҳвол тобора ёмонлашмоқда»

«Утро мира» нодавлат ташкилотининг раҳбари, москвалик Валентина Чупикнинг тахминича, янги қонунлар ва талаблар Россияда коррупциянинг янги ўрамини вужудга келтиради.

«Жорий амалиётлар мигрантларнинг Россияда қонуний мақомга эга бўлишини қийинлаштирди», деди у.

У бундай чоралар туфайли аҳоли саломатлиги ёки меҳнат мигрантларининг рус тилига оид билимлари яхшиланишига ишонмаслигини айтади.

«Бу ерда ҳамма нарсани пора ҳал қилади, ҳатто рус тилида битта сўз ҳам ўқий олмайдиган мигрант ҳам, пули бўлса имтиҳондан ўтиши мумкин», деди Чупик.

Россиянинг янги қонунлари аслида фақат мигрантларнинг чўнтагига зарба беради, чунки коррупция аввалгидан ҳам кучаяди ва улар мамлакат учун ижобий натижалар бермайди, деди у.

«Ҳаётингни бу қадар қийинлаштирадиган мамлакат ҳақида қандай қилиб яхши гумонда бўласан? » дейди Москвада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган асли душанбелик Тоҳир Юсупов.

«Улар [Россия ҳукумати] доим янги, янада қатъийроқ қоидалар жорий қилиб, шунчаки устимиздан кулмоқда», деди у.

«Аҳвол йилдан-йилга ёмонлашмоқда – бу ҳолатда Россияда қандай қилиб яшаш ва ишлашда давом этиш мумкин?», дейди Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳридан Москвага келиб, қурувчи бўлиб ишлаётган Ойбек Умаров Карвонсарой билан суҳбатда.

«Ҳукумат мамлакатдан чиқиб кетишимизни ва асло қайтиб келмаслигимизни хоҳлаётган кўринади».

«Спутник-лайт»

Айни пайтда Россия ҳукумати қабул қилган чоралар Марказий Осиёлик мигрантларнинг ўзларини Россиянинг коронавирусга қарши вакциналари учун тажриба қуёнчаси деб ўйлашига сабаб бўлмоқда.

26 июн куни Россия президенти Владимир Путин меҳнат мигрантларини COVID-19дан ҳимоялаш баҳонасида ҳукуматга хорижликларни вакцинация қилишни буюрди.

Бироқ, Россия фуқаролари учун вакцина олиш бепул бўлса-да, иш берувчилар ҳар бир мигрантнинг эмланиши учун 1300 рубл (17,50 АҚШ доллари) тўлаши керак, дейилади Москва мэрияси баёнотида.

Бу ҳам етмагандек, мигрантлар кучсизроқ, битта компонентли «Спутник-лайт» вакцинасини олишади.

27 июндан эътиборан Россия маъмурлари вакцина олувчиларни «Спутник Лайт» билан эмлашни бошлаганлар. Гамалея миллий эпидемиология ва микробиология маркази уни аллақачон COVID-19 билан касалланганларнинг иммунитетини ушлаб туриш учун чиқарган.

Мигрантлар Москва тарафидан дунёдаги энг самарали вакциналардан бири деб мақталган «Спутник V» вакцинасини ололмасликлари маълум бўлган.

«Бу расмийларнинг бизни иккинчи даражали одамлар деб кўришини яна бир карра исботлайди», дейди таксичи Юсупов. «Бу ирқчилик бўлмай нима?»

«Спутник-Лайт»ни ҳам фақат расмий меҳнат шартномаларига эга мигрантлар олиши мумкин, деб таъкидлади Чупик.

Бундай чеклов иш берувчилар билан норасмий келишувга эга миллионлаб мигрантларни бу имкониятдан маҳрум қилади.

Қолганлар эса соғлиғи ва ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур, фақат вакцина олганлар ёки ПЦР-тест топширганлар учун очиқ бўлган жамоат жойларига бориш имконсиз эканлигини гапирмаса ҳам бўлади, деди у.

«Россиядаги эмлаш кампанияси пала-партиш ва бетартиб», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 3

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

“Supchik” kim?

Жавоб бериш

Россия фашизми.

Жавоб бериш

Буларнинг ҳаммаси мигрантлардан пора олиб, янада мўмайроқ пул ишлаш мақсадида қилинмоқда. Бу ахир Россияку. Ўғриларнинг ахлат ўраси.

Жавоб бериш