Карвонсарой
Иқтисодиёт

Хитойнинг улкан кредитлари мамлакатларни қарздорлик домига тортмоқда

Карвонсарой ва AFP

Хитой президенти Си Цзинпин 2019 йил 27 апрел куни Пекин ташқарисида ўтган «Бир камар – бир йўл» форумининг сўнгги кунидаги матбуот брифингида сўзламоқда. [Ван Чжао/AFP]

Хитой президенти Си Цзинпин 2019 йил 27 апрел куни Пекин ташқарисида ўтган «Бир камар – бир йўл» форумининг сўнгги кунидаги матбуот брифингида сўзламоқда. [Ван Чжао/AFP]

АШХОБОД – Туркманистоннинг кўп миллиард долларлик газ қувури ва газ билан боғлиқ яна бир лойиҳа учун Хитойдан қарзини узгани ҳақидаги эълонидан сўнг юзага чиққан тафсилотлар Хитойнинг «қарз тузоғи дипломатиясига» оид саъй-ҳаракатларидан дарак бермоқда.

Хитой Туркманистондан энг кўп газ сотиб оладиган мамлакат сифатида унинг газ соҳасини ривожлантиришга миллиардлаб доллар сармоя киритган.

Шарқий Туркманистондан бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга борадиган Марказий Осиё-Хитой газ қувури ва дунёдаги иккинчи энг катта газ кони бўлган Галкинишдаги кўп босқичли лойиҳа – Пекиннинг мамлакатдаги асосий лойиҳалари ҳисобланади.

2011 йилда мамлакатга ташриф буюрган Хитой Тараққиёт банкининг (CDB) ўша пайтдаги раҳбари Цзян Чаолян банк бу лойиҳаларни амалга ошириш учун Туркманистонга 8,1 миллиард доллар қарз берганини айтган эди.

2009 йилда Туркманистоннинг Самантепасидаги нефтни қайта ишлаш заводининг очилиш маросими олдидан Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари байроқларини ушлаб турган ишчилар. [STR/AFP]

2009 йилда Туркманистоннинг Самантепасидаги нефтни қайта ишлаш заводининг очилиш маросими олдидан Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари байроқларини ушлаб турган ишчилар. [STR/AFP]

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапда) 2014 йил 12 май куни Пекинда ҳужжатларни имзолаш маросимида хитойлик ҳамкасби Си Цзинпинг билан қўл сиқишмоқда. [Жейсон Ли/AFP]

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (чапда) 2014 йил 12 май куни Пекинда ҳужжатларни имзолаш маросимида хитойлик ҳамкасби Си Цзинпинг билан қўл сиқишмоқда. [Жейсон Ли/AFP]

Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, Туркманистон Хитой тарафидан Галкиниш қувурини барпо этиш ва илк босқичини ўзлаштириш лойиҳаси учун тақдим этилган кредитни «ўз вақтида ва тўлиқ» узган. Бу ҳақда давлатга қарашли «Бетараф Туркманистон» газетаси 12 июн куни хабар берган.

Худди шу хабар Туркманистоннинг нефт ва газ мутасаддиси Шахим Абдураҳмоновнинг баёнотида ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда айтилишича, CDB 8 июн куни Туркманистонга юборган билдиришномасида қарзлар тўлиқ қайтарилганини тасдиқлаган.

Бироқ, Бердимуҳамедов ҳам, Абдураҳмонов ҳам тўланган қарз миқдорини очиқламаган.

Бу борада шаффофликнинг йўқлиги ажабланарли ҳолат эмас.

Виржиниядаги Уильям ва Мери университетининг тадқиқот лабораторияси – AidData томонидан олиб борилган кўп йиллик ўрганишларга кўра, Хитой кредитлари шартларининг сир тутилиши одатий ҳолга айланган.

Хитой шартномаларида одатдагидан анча кенгроқ махфийликка оид шартлар бўлиб, уларга кўра, қарз олувчила шартларни ёки айрим ҳолларда ҳатто қарз берилганини ошкор қила олмайдилар, деб ёзган AidData 31 март куни.

Тадқиқотлардан маълум бўлишича, махфийликка оид шартлар биринчи марта 2008 йилда киритилган ва вақт ўтиши билан чуқурлашиб борган.

2014 йилдан бошлаб AidData томонидан ўрганилган маълумотлар тўпламидаги ҳар бир шартномада «узоққа борувчи махфийлик бандлари» мавжуд бўлган.

CDBнинг барча ва Хитой экспорт-импорт банкининг (Хитой Эксимбанки) 43% шартномалари шундай бандларни ўз ичига олган, дейилади Aiddata ҳисоботида.

«Махфийлик чекловлари орқали бу кредитлар уларни солиқлар орқали қайтарадиган халқдан сир тутилади», дейилади хабарда.

Ношаффоф битимлар

Қўшимча маълумотларга эга бўлмай, Туркманистон Хитойдан қандай қилиб қарзини узганини билиш имконсиз.

Яна бир эҳтимол шуки, Туркманистон Хитойга экспорт қилаётган газидан даромад олаётгани йўқ. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, катта эҳтимол билан, газнинг пули Пекиндан олинган кўп миллиардлик қарзни узишга кетмоқда.

Бундай келишув Туркманистондаги турмуш даражаси турғунлиги, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг кучайиши ва озиқ-овқат танқислиги шароитида имзоланган бўлиши мумкин.

Хитой расман дунёдаги энг йирик кредитор давлат ҳисобланади, иқтисоди шаклланаётган ва ривожланаётган давлатларнинг учдан бири Хитойга ўз ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 5 фоизидан кўпроғи миқдорида қарздор.

Хитойнинг аксарият кредитлари ўрта ва паст даромадли мамлакатларига йўналтирилади, кўпчилиги «Бир камар – бир йўл» ташаббуси доирасида тақдим этилади.

Бу ташаббус 2013 йилда Хитой президенти Си Цзинпин тарафидан Хитойнинг иқтисодий ва сиёсий таъсирини кенгайтириш мақсадида ишга туширилган бўлиб, унинг доирасидаги кўплаб инфратузилмавий режалар Хитой маҳсулотларини дунё мамлакатларига етказиб беришни кўзлайди.

Танқидчиларга кўра, Хитой ушбу улкан инвестиция лойиҳасининг яширин мақсадлари борлигини инкор этса-да, ўз таъсирини кучайтириш учун молиявий воситалар ёрдамида «қарз тузоғи дипломатиясини» олиб бормоқда. Бу усул қарздор давлатлар молиявий муаммоларга дуч келганида, уларнинг стратегик объектларини тортиб олишга имкон берувчи қаттиққўл шартлар ва келишувларни мажбуран илгари суришни кўзда тутади.

Пекин мамлакатларни қарз домига тортадиган ва суверенитетига путур етказадиган ношаффоф шартномалар орқали уларнинг қарамлигини кучайтирмоқда, деган эди 2018 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Рекс Тиллерсон.

Хитойнинг аёвсиз кредитларидан хавотир билдирган энг йирик ривожланган демократик давлатлар лидерлари 12 июн куни G7 саммитида «Бир камар – бир йўл» ташаббуси билан рақобатлашувчи ва ночор давлатларда инфратузилма барпо этишга кўмаклашувчи режани қабул қилганлар.

Дунёнинг ривожланаётган мамлакатлари инфратузилмаси 40 триллион доллардан ортиқ сармояга муҳтож, бу бўшлиқ COVID-19 пандемияси туфайли янада чуқурлашган, дейилади Оқ уй баёнотида.

«Замонавий дунёни барпо этиш» (B3W) лойиҳаси глобал миқёсда амалга оширилади ва «Бир камар – бир йўл» ташаббусининг «қадриятларга асосланган, юқори сифатли ва шаффоф» муқобилига айланади.

«B3W келгуси йилларда паст ва ўртача даромадли мамлакатлар учун юзлаб миллиард доллар инфратузилмавий инвестицияларни жадаллаштиради», дейилади хабарда.

Молиялаштириш атроф-муҳит ва иқлим, меҳнат хавфсизлиги, шаффофлик ва коррупцияга қарши курашга эътибор қаратади ва Хитойнинг ношаффоф молиялаштирувининг акси бўлади.

Марказий Осиёдаги қурбонлар

Хитойнинг қарз сиртмоғи шунингдек, Қирғизистон учун ҳам реал таҳдид ҳисобланади, дейди таҳлилчилар.

Март ойи ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг ташқи қарзи 5 миллиард долларни ташкил этган, унинг катта қисми (40% дан кўпроғи) Хитойнинг Эксимбанкига тегишли, деб хабар беради мамлакат молия вазирлиги.

2020 йилда пандемия Қирғизистон ялпи ички маҳсулотига жиддий зарба берди. Инқироз сабабли Қирғизистон қарзларини тўлай олмай қолди.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли келиб чиққан иқтисодий қийинчиликлар сабаб Қирғизистон ҳукумати бир неча бор Хитойдан кредит шартларини енгиллатишни, жиллақурса тўлов муддатини узайтириб беришни сўраган.

Қарийб бир йил давомида бу илтимосларни эътиборсиз қолдириб келган Пекин ниҳоят ноябр ойида 2020 йил учун тўловни келаси тўрт йилга бўлиб беришга рози бўлди, аммо бу «имтиёз» эвазига қарзга яна 2 фоизлик устама қўшди.

«Хитойдан олинган қарзларни вақтида қисман қайтара олмасак, кўп объектларимизни йўқотамиз», деган эди Қирғизистон президенти Садир Жапаров 13 феврал куни Кабар агентлигига.

Хитой тендерларнинг хитойлик компанияларга (улар орасида можароларга аралашган компаниялар ҳам бор) берилиши шарти билан Қирғизистонга йўллар, энергия инфратузилмаси ва фабрикалар қуриш учун кредит тақдим этган.

2018 йил бошида Бишкекда хитойлик компания тарафидан модернизация қилинган электр станцияси ишдан чиқиб, 20 даража совуқда бишкекликларни иссиқликсиз қолдирган эди.

Яна бир можароли ҳолат Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғи бўйлаб чўзилган 104 км узунликдаги автомобил йўли қурилиши билан боғлиқ.

Хитойнинг «Longhai Road and Bridge Corporation» компанияси 2015 йил охирида автомагистрални қуриш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Қурилиш 2017 йилда якунланиши керак эди, аммо узоқ йилларга чўзилиб кетди. 2019 йилда ишчилар компаниянинг маош тўламаётганидан шикоят қилган эдилар.

Автомагистралнинг тахминан 20 километрлик участкаси ҳозирга қадар битмаган, тугалланган қисмининг юзасида эса ёриқлар пайдо бўлмоқда.

Тожикистон ҳам хавф остидаги мамлакатлардан биридир.

2018 йилнинг баҳорида у «Душанбе-2» электростанциясининг модернизацияси бўйича 330 миллион долларлик қарзни тўлаш учун Сўғд вилоятидаги Юқори Қумарг олтин конини 50 тонна олтин захираси билан Хитойга берган.

«Тожикистон қарз туфайли Пекинга қарам бўлиб қолди», деган эди ўшанда душанбелик ҳуқуқшунос олим Шокир Ҳакимов EurAsia Daily билан суҳбатда. Шу сабабли, расмийлар қарзларни тўлай олмасликларини англаб, Хитойнинг таклифига рози бўлишди ва унга олтин конини топширишди», деди у.

Бу орада Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ерларини чет элликларга сотишни тақиқловчи янги қонун билан воқеаларнинг шу каби ривожига йўл қўймаслик чораларни кўрмоқда.

13 май куни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатга нисбатан Хитойнинг ҳудудий тажовузи ва инвестициявий режалари борасидаги хавотирларни тасдиқловчи қонунни имзолаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Биринчидан, нимага кредит олишади? Иккинчидан, уларни қайтаришга не ҳожат?

Жавоб бериш