Карвонсарой
Хавфсизлик

Маҳаллий аҳоли Толибон кучлари туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда

Муҳаммад Қосим

Ўтган ой Гултепа тумани, Боғи Шеркат ҳудудидаги Афғонистон миллий армиясининг (АМА) базаси исёнчилар тарафидан эгаллаб олингач, Толибон 400 дан ортиқ оилани ўз уйини тарк этишга мажбур қилган, дейди Қундуз вилояти ҳокимияти. [Муҳаммад Қосим/Salaam Times]

ҚУНДУЗ – Инфратузилмаларни яксон қилаётган Толибон исёнчиларининг бутун мамлакат бўйлаб давом этаётган ҳужумлари туфайли маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда Толибон афғон кучларини қўллаб-қувватлагани учун қасос сифатида ҳукумат бинолари ва дўконларини ёқиб юборгани кўрсатилган.

Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, ўтган ой Гултепа тумани Боғи Шеркат ҳудудидаги Афғонистон миллий армиясининг (АМА) базаси исёнчилар тарафидан эгаллаб олингач, Толибон 400 дан ортиқ оилани ўз уйини тарк этишга мажбур қилган.

Боғи Шеркатда яшовчилардан бири Қори Сирожиддиннинг айтишича, айрим оилалар Қундуз вилоятининг бошқа ҳудудларига қочиб ўтган.

3 июл куни Қундуз шаҳри, Гултепа туманидаги Боғи Шеркат ҳудудида жойлашган Шоҳид Зарифий номидаги мактабга толиблар туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган оилалар йиғилди. [Муҳаммад Қосим/Salaam Times]

3 июл куни Қундуз шаҳри, Гултепа туманидаги Боғи Шеркат ҳудудида жойлашган Шоҳид Зарифий номидаги мактабга толиблар туфайли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган оилалар йиғилди. [Муҳаммад Қосим/Salaam Times]

7 июл куни афғон хавфсизлик кучлари ва толиблар ўртасида жанглар давом этаётган Бодғис вилояти маркази Қалъаи Нав шаҳридаги уйлардан осмонга тутун кўтарилмоқда. [AFP]

7 июл куни афғон хавфсизлик кучлари ва толиблар ўртасида жанглар давом этаётган Бодғис вилояти маркази Қалъаи Нав шаҳридаги уйлардан осмонга тутун кўтарилмоқда. [AFP]

Баъзилар Афғонистон миллий ва мудофаа ва хавфсизлик кучларида (ANDSF) хизмат қилаётган қариндошлари бўлгани учун босимдан қўрқиб, Бадахшон вилояти маркази Файзободдан бошпана излаганлар.

Бадахшон Тожикистон билан ҳам чегарадош бўлиб, бу ҳудудда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 6 июл куни чегарани янада мустаҳкамлаш учун 20 минг захира қўшинини сафарбар этишга буйруқ берган эди.

Толиблар 29 июн куни туман марказига кирар экан, карнай орқали аҳолига «хавфсизлик мақсадидаги» эвакуация учун икки соат вақт борлигини айтдилар, дейди Сирожиддин.

Айрим гувоҳлар толибларнинг бир қанча қишлоқ оқсоқолларини калтаклаб, икки тинч аҳоли вакилини (дўкончи ва маҳаллий cафарбарлик кучларининг собиқ аъзосини) ҳукумат билан алоқалари сабабли отиб ўлдирганини айтган, дейилади хабарда.

«Биз оила аъзоларимиз ҳаётидан хавотирланиб, уйларимизни тарк этдик ва Файзобод шаҳрига келдик», деди Сирожиддин.

«Оилам билан уйимизни ташлаб чиқдик. [Толибонлар] ундаги ҳамма нарсалари билан бирга ёқиб юборишди», деб айтган у.

«Қариндошларимдан кўпчилик АМА [Афғонистон миллий армияси] базасида аскар бўлиб хизмат қилар ва биз уларни доим қўллаб-қувватлар эдик, чунки улар ҳудудимиз хавфсизлигини таъминлаган», деди Боғи Шеркатдан қочиб, Қундуздаги Шоҳид Зарифий мактабидан вақтинча бошпана топган кўчирилган Абдул Ханан.

Унинг айтишича, оилалар ҳудуддан чиқиб кетганидан кейин толибонлар бир нечта уйларни ёқиб юборган, аммо қанча уйга ўт қўйилгани аниқ эмас.

Боғи Шеркатни тарк этиб, Шоҳид Зарифий мактабида қўним топганлардан яна бири – Ҳамида ўзи ва олти нафар оила аъзосининг ночорлик ва мавҳумликда кун кечираётганини айтади.

«Боғи Шеркатдан кўчиб келган оилаларнинг аксарияти тириклик воситаларидан маҳрум», деди у.

«Қочқинлар озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекмоқда», деди у ҳукуматни уларнинг ўз уйларига хавфсиз қайтишини таъминлашга чақириб.

Қундуз вилоят кенгаши котиби Фавзия Яфтали Боғи Шеркатдаги юзлаб оилаларининг эвакуацияси ва Толибоннинг талон-тарожи билан боғлиқ ҳолатларни тасдиқлаган.

«Толибоннинг бу хатти-ҳаракатлари ҳарбий жиноят эканлиги аниқ» деди у. «Биз урушаётган томонларни жанговар амалиётлар ва тўқнашувлар чоғида тинч аҳолига зарар етказмасликка чақирамиз.»

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти июл ойи бошида бир нечта қочқин билан суҳбатлашган, улар ҳам толибларнинг ANDSF кучларига қарши ҳужуми чоғида уйларга ўт қўйганини айтган.

«Толибоннинг ҳукуматни қўллаб-қувватлаган тинч аҳолига қарши жавоб ҳужумлари келажакдаги зўравонликлар хавфи ҳақида огоҳлантиришдир», деган эди ташкилотнинг Осиё бўйича директори ўринбосари Патрисия Госсман 7 июл куни.

«Толибон раҳбарияти ўз кучлари суиистеъмолини тўхтата олса-да, бунга тайёр эканини намойиш этгани йўқ», деб қўшимча қилди у.

Толибон жангарилари тинтув мақсадида уйма-уй юрдилар, деб айтган 45 яшар бева аёл HRW билан суҳбатда.

«Менга «кофирларга» ёрдам берганим учун кетишим кераклиги айтишди», деди у. «Мен бу қишлоқда 20 йил яшаганман. Энди эса Файзободдаги чодирда яшаяпман.»

Толибоннинг давомли ҳужумлари Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош уч давлати – Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистонни бир қатор қўшимча хавфсизлик чораларини кўришга мажбур қилган.

Қочқинликдаги оилаларга ёрдам

Қундуз расмийларига кўра, шиддатли жанглар туфайли 22 июндан 5 июлгача бўлган оралиқда 12 мингдан ортиқ оила қўшни вилоятларга ва Кобулга қочиб ўтган.

Улар асосан Қундуз шаҳри чеккалари ва Имом Соҳиб, Алиобод ва Чаҳар Дара туманларида яшовчи аҳоли бўлган.

Қундуз вилоятининг қочқинлар ва репатриация масалалари бўйича бошқармаси раҳбари Ғулом Сахи Расулийнинг айтишича, эвакуация қилинган оилаларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва аниқлаш мақсадида 30 кишидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Унинг айтишича, шу пайтгача Қундуз шаҳрида камида 7000 та оилага бошпана берилган ва 3000 дан ортиқ оила ёрдам пакетлари, жумладан озиқ-овқат ва энг зарур ашёларни олишган.

Бадахшон мутасаддиларига кўра, Боғи Шеркатда яшовчи 200 га яқин оила ўз уйини ташлаб, вилоятга қочиб ўтган. Айримлар Бадахшондаги қариндошларининг уйларида бошпана топган, бошқалари эса Файзобод шаҳридаги боғда кун кечирмоқда.

Чодирлар, озиқ-овқат ва энг зарурий ашёларни қочқинлар орасида тақсимлаган маҳаллий ҳукумат тез орада уларга тегишли бошпана тақдим этади, деди Бадахшон ҳокимининг матбуот котиби Наик Муҳаммад Назари.

Вилоят ҳокими барча инсонпарварлик ва ёрдам ташкилотларини можародан зарар кўрган, айниқса яқинда Қундуз вилоятида бўлиб ўтган жанглар натижасида ўз уйини тарк этган фуқароларга зудлик билан ёрдам беришга чақирган.

«Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Бадахшондаги ваколатхонаси ҳам кўчиб келганларга ёрдам беришига ишонтирди», деди Назари.

АҚШ ҳарбийларининг чиқиб кетиши фонида толибларнинг кенг қамровли ҳужумлари авж олар экан, жума (9 июл) куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Афғонистондаги соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолати юзасидан хавотир билдирган.

«Вазият хавотирли ва ўта беқарор», деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Шарқий Ўртаер денгизи минтақасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича директори Рик Бреннан.

«Биз соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятининг пасайганидан ташвишдамиз», деб қўшимча қилди у Қоҳирадан туриб Женевадаги журналистлар билан қилган видеосуҳбатида.

Толибоннинг қатъий чекловлари

Толиблар бир қатор туманларни эгаллаб олганидан сўнг, ўша ҳудудлар аҳолиси бундай 20 йил аввалги ҳолатни эслатувчи қатъий чекловлар билан юзма-юз келаётганликларини айтишган.

Толибон фуқароларга ўз аъзолари учун кунига уч маҳал овқат тайёрлашни ёки бунинг ўрнига нақд пул тўлашни буюрди, деди Қундузнинг Хонобод туманида яшовчи Муҳаммад Харис Фақири.

Одамлар жуда хавотирда, дейди у. «Маҳаллий ҳукумат амалдорлари ва аёллар ташқарига чиқишга қўрқмоқдалар.»

Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманида яшовчи Абдул Карим Латифийнинг айтишича, толиблар туманни ўз назоратига олиши ортидан одамлар кучли хавотир ва қўрқувда қолишган.

«Толиблар аёлларнинг эркак маҳрамисиз жамоат жойларига чиқишини тақиқлайди», деди у.

«Улар, шунингдек мусиқа тинглашни ҳам қоралайдилар», деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бечора одамлар, карта рақами бормикин пул ўтказиб беришга. Бу Толибон тинч яшай олмас эканда, қандай она туққаникин уларни

Жавоб бериш