Карвонсарой
Жиноят ва адолат

АҚШ хорижий товламачи дастурлар ҳужумларини тўхтатиш учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

2017 йилнинг 27 июн куни халқаро киберҳужум доирасида товламачи дастур билан зарарланган ноутбук экранидаги билдиришнома, Гелдроп, Нидерландия. [Роб Энгелаар/AFP]

2017 йилнинг 27 июн куни халқаро киберҳужум доирасида товламачи дастур билан зарарланган ноутбук экранидаги билдиришнома, Гелдроп, Нидерландия. [Роб Энгелаар/AFP]

Пайшанба (15 июл) куни АҚШ хориждаги онлайн товламачи дастурлар тўғрисидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди. АҚШ расмийлари манбаи Россияда экани айтилаётган товламачи дастурларнинг кескин фаоллашувига қарши чора кўришни бошлаган.

Давлат департаменти хорижий мамлакат ҳукуматининг кўрсатмаси билан ёки унинг назоратида АҚШнинг муҳим инфратузилмасига интернет орқали ҳужум қилаётган шахсни аниқлаган ёки топганга 10 миллион доллар тўлашини айтган.

Мувофиқлаштирилган чоралар доирасида федерал ҳукумат, шунингдек, ташкилотлар, жамоалар ва алоҳида шахсларга ҳужумлардан қандай қилиб ҳимояланиш ва уларга нисбатан қандай чора кўриш усуллари баён этилган StopRansomware.gov веб-сайтини ишга туширган.

Адлия вазирлиги «ушбу таҳдидларга қарши кураш учун барча воситаларни ишга солишга уринмоқда», деди АҚШ бош прокурори Меррик Гарланд.

«Аммо биз бу ишни ёлғиз амалга ошира олмаймиз. Турли соҳалардаги бизнес етакчилари учун таҳдидни аниқлаш, ўз тизимларини мустаҳкамлаш бўйича устувор масалаларни белгилаш ва бундай ҳужумлар ҳақида ўз вақтида хабар бериш орқали ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиш катта аҳамиятга эга.»

Бу йил кўплаб товламачи дастурлар ҳужумлари содир этилди. Улардан бири АҚШдаги йирик қувур фаолиятини издан чиқарди, Kaseya дастурий таъминот ишлаб чиқарувчисининг нишонга олиниши эса унинг хизматларидан фойдаланувчи 1500 га яқин ташкилот фаолиятига таъсир кўрсатди. Бу ҳужумларнинг кўпчилиги эътибордан четда қолган.

АҚШнинг ички хавфсизлик вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йили қурбонлар киберҳужумлар учун 2019 йилдагига қараганда 300 фоизга кўпроқ – 350 миллион доллар пул тўлаганлар.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, кўп ҳужумлар Россиядан туриб амалга оширилади.

АҚШ президенти Жо Байден ўтган ой Россия президенти Владимир Путин билан олий даражали учрашуви чоғида атайлаб товламачи дастурлар муаммосини кўтарган ва яқинда 9 июл кунги телефон орқали суҳбатида агар Москва кибержиноятни жиловламаса, унга нисбатан бевосита чора кўриш билан таҳдид қилган.

«Президент Байден Россияда фаолият юритаётган товламачилик гуруҳларига барҳам берилиши кераклиги таъкидлади ва товламачилик дастурлари юзага келтираётган кенгроқ таҳдидга қарши кураш давом эттирилишини айтди», дейилади Оқ Уй баёнотида.

«Президент Байден Қўшма Штатлар ушбу давомли муаммога қарши ўз халқи ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилиш йўлида ҳар қандай зарурий чоралар кўрилишини яна бир бор такрорлаган.»

Зарарли фаолият тарихи

15 апрел куни Қўшма Штатлар Кремлнинг АҚШдаги сайловларга аралашуви, кенг қамровли киберҳужумлар ва бошқа тажовузкор фаолиятига қарши жавоб чораси сифатида унга санкциялар жорий қилиши ва 10 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилди.

Шунингдек, Вашингтон Москванинг кибер-разведка фаолиятини қўллаб-қувватлашда айбланган Россиянинг олтита технологик компаниясига, хусусан декабр ойида АҚШ ҳукумати ва хусусий секторнинг минглаб компьютер тармоқларига зарар етказган SolarWinds хакерлик ҳужуми юзасидан санкциялар эълон қилган.

Санкциялар «Америка Қўшма Штатлари, унинг иттифоқчилари ва шерикларига қарши зарарли киберҳужум» учун жавоб чорасидир, дейилади Оқ уй баёнотида.

Аввалроқ, ўтган йил октябр ойида АҚШ ҳукумати олти нафар ГРУ зобитини Украина энергетика тизими, Франциядаги сайловлар ва 2018 йилда Жанубий Кореяда ўтган қишки Олимпия ўйинларига қарши киберҳужумларда айблаб чиққанди. ГРУ Россия ҳарбий разведка идорасидир.

Россиянинг олти жосуси, шунингдек 2017 йилда бутун дунёдаги компьютерларни зарарлаб, биргина АҚШнинг уч компаниясига қарийб 1 миллиард доллар зиён келтирган «NotPetya» вируси ҳужумларида айбланган.

Улар, шунингдек россиялик собиқ икки тарафлама жосус Сергей Скрипал ва қизининг Англияда асабни фалажловчи модда билан заҳарланишини тергов қилаётган халқаро идораларга, шунингдек, (2018 йилда) Грузия оммавий ахборот воситалари ва (2019 йилда) парламентига қарши киберҳужум уюштиришда гумонланмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500