Карвонсарой
Хавфсизлик

Толибон сафларида «Ал-Қоида» билан алоқадор жангарилар борлиги айтилди

Муҳаммад Қосим

15 июл куни олинган бу суратда Балх вилоятининг Чаркинт туманида Толибон исёнчиларига қарши постни қўриқлаётган афғон сафарбарлик кучлари акс этган. [Фаршад Усян/AFP]

15 июл куни олинган бу суратда Балх вилоятининг Чаркинт туманида Толибон исёнчиларига қарши постни қўриқлаётган афғон сафарбарлик кучлари акс этган. [Фаршад Усян/AFP]

ҚУНДУЗ – Афғон ҳарбий мутасаддиларининг иддаосига кўра, Афғонистоннинг шимоли-шарқий вилоятларида толиблар сафида жанг қилаётган чет эллик жангариларнинг катта қисми Ал-Қоида билан алоқадор.

Қундуз вилоятидаги 217-Помир жанговар корпуси вакили, майор Абдулҳодий Назарийнинг сўзларига кўра, Толибон таркибида Ал-Қоида билан алоқадор жангарилар улуши ҳали ҳам салмоқли.

Унинг айтишига қараганда, Бадахшон, Бағлон, Тоҳар ва Қундуз вилоятларида Афғонистон ҳукумат кучлари ва толибонлар ўртасида кечган сўнгги жангларда Ал-Қоида унсурлари кузатилган бўлиб, уларнинг бир нечтаси ўлдирилган ёки жароҳатланган.

Тобора шиддатли тус олиб бораётган тўқнашувларда иштирок этаётган хорижлик жангарилар орасида чечен, ўзбек, араб, тожик ва покистонликлар бор, дейди у.

29 июн куни Қундуз вилояти Имом Соҳиб тумани марказида бўлиб ўтган жангда тожикистонлик жангари ҳалок бўлди, унинг жасади Халқаро Қизил хоч қўмитасига топширилди, деди Назари.

«19 июн куни Бағлон вилоятининг Хенжан ва Доши туманларидаги тозалаш ишлари давомида хавфсизлик кучлари икки нафар Покистон фуқаросини ҳибсга олиб, бир хорижий жангарини ўлдирган», деб қўшимча қилди у.

Охирги беш йилда, дейди Назари, хориждан келган жангарилар бир қатор туманларда толибон гуруҳларини бошқариб келган эдилар.

Бадахшоннинг Явон, Роғистон, Кўҳистон, Юрм ва Наъсие туманлари, Қундуздаги Имом Соҳиб, Чаҳор Дара ва Қалъаи-Зол туманлари ҳамда Бағлондаги Данди-Ғори, Шаҳобиддин туманлари шулар жумласидандир, деди у.

«Хитойлик уйғур Фурқон Қозоқ Юрм туманининг Хостак водийсидаги энг таниқли жангарилар қўмондонларидан бири», деди Назари ва унинг афғонистонлик бўлмаган 300 жангаридан иборат бўлинмага раҳбарлик қилганини таъкидлади.

Толибоннинг Ал Қоида билан алоқалари

Афғонистон мудофаа вазирлиги вакили Руҳуллоҳ Аҳмадзай «Salaam Times» нашрига берган интервюсида Толибон бир неча йил давомида ал-Қоида билан яқин алоқада бўлгани ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаганини айтган.

Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) шимолий ва жануби-ғарбий вилоятларидаги жанг майдонларидан Ал-Қоида унсурлари афғонистонлик Толибон жангариларига бош-қош бўлаётгани ва уларни ўқитаётганига оид далилларни олишган, деди у.

Унинг сўзларига кўра, 6 июн куни Пактия вилоятида афғон хавфсизлик кучлари томонидан уюштирилган ҳаво ҳужумида ўнлаб чет эллик жангчилар ўлдирилиши ортидан бу жангариларнинг Толибон сафида жанг қилаётгани ойдинлашган.

Толибоннинг Ал-Қоида билан алоқалари Афғонистондаги бошқа экстремистик ҳаракатларнинг авж олишига туртки бўлди, дейди қундузлик ҳарбий таҳлилчи Абдул Аҳад Меърожзода.

Афсуски, Кобул ва бошқа вилоятларда юз берган сўнгги ҳужумлар ва портлашлар учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Аммо ҳужумларнинг мураккаблиги «Толибон ва Ал-Қоида ҳали ҳам жуда яқин алоқада эканлигидан далолат бермоқда», дейди у.

Бадахшон вилоятида яшовчи Насрин Холиқёрнинг айтишига қараганда, Толибон ёлғон ваъдалар бериш билан жамоатчилик ишончини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ йўқотган.

«Толибларнинг «Ал-Қоида» билан алоқани узгани ҳақидаги баёнотларини бир неча бор эшитганмиз», деди у ва воқеликда бундай бўлмаганини, аксинча икки гуруҳ алоқаларини янада кенгайтиргани ва мустаҳкамлаганини айтди.

Толибонда «тинчликка оид режалар» йўқ

Чет эллик жангарилар Толибонлар билан бир сафда жанг қилиб, уларни ҳарбий тайёргарлик, бомбалар ва худкушлик нимчалари билан таъминламоқда, дейди афғон расмийлари.

Хорижлик жангарилар сони номаълум бўлса-да, разведка маълумотларига кўра, Қундуз вилоятида 120 га яқин киши ҳаракат қилмоқда, дейди Миллий хавфсизлик бошқармасининг Қундуздаги идораси вакили Нурул-Ҳуда Мулки.

Бу жангариларнинг аксари Чеченистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келганлар, деди у.

Бу жангарилар одатда Тожикистон билан чегарадош Имом Соҳиб ва Дашти-Арчи туманларида ҳаракат қиладилар, шунингдек, толибонларга амалий ёрдам берадилар, дейди у.

Толиблар айрим туманларни эгаллаб олиш орқали ОАВ сарлавҳаларидан жой олиш билан бир қаторда музокаралар столида устунликни қўлга киритишга интилмоқда, дейди қундузлик фаол Мирвайс Амири.

Толибонда кенг қамровли тинчлик келишуви режаси ҳам, улар ўрнатмоқчи бўлаётган исломий тузумининг низоми ҳам йўқ, деди Амирий Salaam Times нашрига.

«Уларнинг мақсади қўрқитиш ва фуқароларни қийнаш кўринади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

«Уларнинг мақсади қўрқитиш ва фуқароларни қийнаш кўринади», деди у.

Жавоб бериш