ТОШКЕНТ – АҚШ расмийлари шериклик муносабатлари истиқболи ҳамда COVID-19 пандемияси ва Афғонистондаги беқарорлик каби долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё билан доимий мулоқот олиб бормоқдалар.
Ўтган ҳафта АҚШ президенти Жо Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл АҚШнинг идоралаларо делегацияси раҳбари сифатида Тошкентда олий даражадаги халқаро анжуманда иштирок этди, дейилади Оқ Уй миллий хавфсизлик кенгашининг шанба (17 июл) кунги баёнотида.
«Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» номли анжуман ўтган ҳафтанинг пайшанба-жума кунлари бўлиб ўтган.
Оқ уй Хавфсизлик кенгаши, АҚШ мудофаа маҳкамаси ва давлат департаменти вакилларидан иборат бу делегациянинг мақсади Қўшма Штатлар билан минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Ўзининг кириш нутқида Шервуд-Рэндалл АҚШнинг Марказий Осиё билан қарийб 30 йиллик шериклик алоқаларини алоҳида қайд этди.
У транзит, савдо ва энергетика маркази сифатидаги Марказий Осиё салоҳиятини рўёбга чиқариш вазифаларига АҚШ ҳукуматининг содиқлигини ва экологик соф инфратузилмаларни ривожлантириш зарурлигини яна бир карра таъкидлади.
У шунингдек, Марказий Осиё учун тузилган C5+1 дипломатик платформасининг давра суҳбатида ҳам қатнашди, унинг иштирокчилари COVID-19 пандемияси ва Афғонистондаги беқарор вазият билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилдилар.
Шервуд-Рэндалл Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан турли масалаларни, шунингдек Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистан ва Ўзбекистон расмийлари билан минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, гуманитар муаммоларни ҳал қилиш ва минтақада COVID-19га қарши вакцинация кўламини кенгайтириш масаласини муҳокама қилди.
Афғонистон хавфсизлиги
Анжуман давомида Шервуд-Рэндалл, АҚШнинг Афғонистондаги тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва ички ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар билан музокара ўтказди.
Улар Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ беқарор вазият, АҚШнинг афғон ҳукумат кучларига ёрдами ва тинчликка сиёсий музоракалар йўли билан эришишда АҚШнинг дипломатик кўмагинини муҳокама қилдилар.
Ўтган жума кунги учрашув якунлари бўйича эълон қилинган C5+1 қўшма баёнотида олти иштирокчи мамлакатнинг Афғонистондаги хавфсизлик ва тинчлик мақсадларига содиқлиги таъкидланди.
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлаш зарурияти билан бир қаторда, C5+1 Афғонистон хавфсизлигига оид мақсадларини ҳам белгилаб олди. Булар қуйидагилардан иборат: «Афғон замини учун барча томонларнинг тасдиғи билан барқарор ва қулай шартлар яратиш, сиёсий тартибга солишга оид мустақил музокараларни тезлатиш, адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида музокаралар воситасида сиёсий тартибга солиш орқали барча афғонистонликларнинг асосий ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи инклюзив сиёсий тизимга эришиш, Афғонистонда зўрлик билан янги ҳокимият ўрнатилишини қўллаб-қувватламаслик, С5+1 аъзолари ёки бошқа мамлакатларга таҳдид ёки ҳужум қилиш учун террорчи ва учинчи тараф кучларининг Афғонистон ҳудудидан фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўйилмаслиги.»
Тўрт тарафлама шериклик
«Минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янги, тўрт тарафлама дипломатик платформа» АҚШ делегациясининг Тошкентда олиб борган саъй-ҳаракатларининг яна бир самараси бўлди, дейилади Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг ўтган жума кунги баёнотида.
Америка Қўшма Штатлари, Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон расмийлари минтақавий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган янги тўрт тарафлама платформани тузишга келишиб олганлар.
Тинчлик ва минтақавий алоқалар бир-бирини мустаҳкамлашини эътиборга олган ҳолда, тўрт мамлакат «савдо-сотиқни кенгайтириш, транзит алоқаларини йўлга қўйиш ва бизнес алоқаларини мустаҳкамлашни кўзламоқда», дейилади элчихона баёнотида.
Томонлар яқин орада ушбу ҳамкорликка оид тафсилотларни ишлаб чиқиш учун тез орада яна учрашишни режаламоқда.