Карвонсарой
Сайловлар

Сиздирилган ҳужжатлар Путиннинг 2016 йилдаги АҚШ сайловларига аралашуви билан боғлиқ фитнани ошкор қилди

Карвонсарой

image

Россия президенти Владимир Путин 2016 йил 22 январ куни Кремлда Миллий хавфсизлик кенгаши мажлисига раислик қилмоқда. [Кремл]

Янги далилларда Кремлнинг дезинформация тарқатиш ва демократик давлатларга путур етказиш режасини, жумладан беш йил аввалги АҚШ сайловларига аралашув билан боғлиқ яширин идоралараро ҳаракатларини батафсил ёритилган.

Россия Миллий хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 22 январ кунги ёпиқ мажлисида президент Владимир Путин разведка идорасининг АҚШда 2016 йилги президент сайловларига аралашуви билан боғлиқ махфий операциясига шахсан рухсат берди, деб ёзади Guardian нашри 15 июл куни матбуотга сиздирилган Кремл ҳужжатларига таяниб.

Ушбу учрашувда Путин, унинг разведка идоралари раҳбарлари ва бошқа юқори лавозимли мулозимлар бир қатор режалар, жумладан, «АҚШдаги ижтимоий-сиёсий тизимни беқарорлаштириш» ва Америка президентлигини заифлаштириш масалалари юзасидан келишиб олганлар, дейилади ҳужжатларда.

The Guardian нашрига кўра, ҳужжатларнинг сизиб чиққани «Кремл ичидан жиддий ва ғайриоддий сизиб чиқиш» бўлиб, мустақил таҳлилчилар бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганлар.

image

Суратда: Америка жамиятида тартибсизлик ва тафриқа келтириб чиқариш чоралари белгиланган Кремл махфий ҳужжатининг «махсус қисми». [The Guardian]

image

Россия президенти Владимир Путин (ўнгда) 2019 йил 11 апрел куни Москвада катта офицерлар ва прокурорлар иштирокидаги маросим чоғида Ташқи разведка хизмати (ТРХ) директори Сергей Наришкин билан қўл сиқишмоқда. [Алексей Николский/Спутник/AFP]

«Медиа-вирусларни» жойлаш

22 январ кунги учрашувнинг расмий фотосуратида Путин стол бошида, унинг ўнг томонида эса ўша пайтдаги бош вазир Дмитрий Медведев ўтиргани акс этган.

Учрашув иштирокчилари орасида, шунингдек, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудофаа вазири, Россия ҳарбий разведкасига (ГРУ) раҳбарлик қилувчи Сергей Шойгу, ташқи разведка хизматининг (ТРХ) ўша вақтдаги бошлиғи Михаил Фрадков, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников ва Хавфсизлик Кенгаши котиби сифатида иштирок этган собиқ ФСБ директори Николай Патрушев бор эди.

Расмий ҳужжатга кўра, улар иқтисодиёт ва Молдова масаласини муҳокама қилганлар.

Аммо Кремлнинг экспертлар бўлими учун масъул юқори лавозимли мулозими Владимир Симоненко муаллифлигидаги бу ҳисобот фош бўлар экан, учрашувнинг асл мақсади Симоненко жамоаси томонидан ишлаб чиқилган махфий таклифларни муҳокама қилиш бўлгани айтилмоқда, дея хабар беради The Guardian.

Улар орасида Россия Америка жамияти ҳаётига «айниқса, айрим гуруҳларда оммавий онгни ўзгартирадиган» медиа-вирусларни қандай киритиши мумкинлиги ҳақидаги таклифлар ҳам бор.

Сиздирилган бошқа бир ҳужжатга кўра, учрашувдан сўнг Путиннинг фармони билан ҳисоботнинг «махсус қисмида» белгиланган мақсадларни амалга ошириш юзасидан янги идоралараро махфий комиссия тузилган.

Фармонда Шойгу бошчилигидаги комиссиянинг имкон қадар қисқа фурсатда АҚШга қарши амалий чоралар кўриши кераклиги айтилади.

Фармон билан ГРУ зиммасига «объектнинг ахборот муҳитига таъсир чораларини ишлаб чиқиш» вазифаси юклатилган. The Guardian нашрига кўра, мазкур буйруқ ТРХ томонидан Американинг заиф деб топилган кибер-нишонларига қаратилган хакерлик ҳужумини ўз ичига олади.

ТРХга комиссия фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маълумот тўплаш, ФСБга эса контрразведка фаолияти топширилган.

Махсус хизматлар бошлиқлари 1 февралга қадар муайян режалар ишлаб чиқиш буйруғини олганлар.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан бир неча ҳафта ўтгач, афтидан, бу режалардан бири амалга оширилган.

ГРУ хакерлари 2016 йилги АҚШ сайловларига путур етказиш мақсадида АҚШ демократик партияси Миллий қўмитаси серверларига ҳужум қилиб, минглаб шахсий электрон почта хабарларини ошкор қилишган.

Қўшма Штатлардаги нотинчлик шароитида «Путин АҚШ-Россия иштирокидаги ҳар қандай икки томонлама музокараларда яширин устунликка эга бўлиши, Оқ уйнинг музокара позициясини бузиши ва Россия номидан дадил ташқи сиёсий ташаббусларни амалга оширишга қодир бўлиши мумкин», дейилади The Guardian ихтиёрига келиб тушган махфий ҳисоботда.

Ҳисоботда, шунингдек, санкциялар масаласи ҳам тилга олинган бўлиб, 2014 йилда Қримнинг Россия тарафидан аннексия қилинишиортидан Қўшма Штатлар томонидан қўлланилган жазо чоралари ички тангликни келтириб чиқаргани тан олинган.

Аралашув тарихи

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков The Guardian нашридаги айбловларни рад этган, аммо Кремлнинг инкори ажабланарли эмас.

Россия режими тартибсизликлар қўзғаш, маълумотлар ўғирлаш, дезинформация тарқатиш ва бошқа кибержиноятларни амалга оширишда хакерларни қўллаб-қувватлагани маълум.

Ўтган йилнинг октябр ойида АҚШ ҳукумати Украина энергетика тизими, 2017 йилги Франциядаги сайловлар ва 2018 йил Жанубий Кореяда ўтган қишки Олимпия ўйинларига қарши киберҳужумларда олти нафар ГРУ зобитини айблаб чиққанди.

Россиянинг олти жосуси, шунингдек 2017 йилда бутун дунёдаги компьютерларни зарарлаб, биргина АҚШнинг уч компаниясига қарийб 1 миллиард доллар зиён келтирган «NotPetya» вируси ҳужумларида айбланган.

Улар, шунингдек россиялик собиқ икки тарафлама жосус Сергей Скрипал ва қизининг Англияда асабни фалажловчи модда билан заҳарланишини тергов қилаётган халқаро идораларга, шунингдек, (2018 йилда) Грузия оммавий ахборот воситалари ва (2019 йилда) парламентига қарши киберҳужум уюштиришда гумонланмоқда.

Ўтган йилнинг октябр ойида Россия режими 2020 йилги сайловлар олдидан «чалкашликлар ва тартибсизлик келтириб чиқариш ва Америка демократиясига путур етказиш мақсадида рўйхатдан ўтган сайловчиларга ёлғон маълумотлар етказишга уриниш» ҳаракатлари доирасида АҚШдаги сайловчиларга оид маълумотларни ўғирлашда айбланган эди.

15 июл куни АҚШ ҳукумати Россиядан туриб ишлаши айтиладиган онлайн товламачи дастурлар тўғрисидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди.

АҚШ президенти Жо Байден ўтган ой Россия президенти Владимир Путин билан икки учрашувда ушбу масалани кўтариб, агар Москва кибержиноятни жиловламаса, фаол чоралар кўриш билан таҳдид қилди, дейилади Оқ уй баёнотида.

15 апрел куни Қўшма Штатлар Кремлнинг АҚШдаги сайловларга аралашуви, кенг қамровли киберҳужумлар ва бошқа тажовузкор фаолиятига қарши жавоб чораси сифатида унга санкциялар жорий қилиши ва 10 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилган.

Шунингдек, Вашингтон Москванинг кибер-разведка фаолиятини қўллаб-қувватлашда айбланган Россиянинг олтита технологик компаниясига, хусусан декабр ойида АҚШ ҳукумати ва хусусий секторнинг минглаб компьютер тармоқларига зарар етказган SolarWinds хакерлик ҳужуми юзасидан санкциялар эълон қилган.

Феврал ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) «Путиннинг бош ошпази» Евгений Пригожиннинг ҳибсга олинишига ёрдам берувчи маълумот учун 250 минг доллар мукофот пули ваъда қилган. Унинг Санкт-Петербургда жойлашган «троллар фабрикаси» – Интернет тадқиқотлари агентлиги 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашув ортида тургани айтилади.

Демократияга мойил ҳаракатларга путур етказиш

Фош бўлган махфий ҳужжатлар Кремлнинг АҚШ сиёсий тизимига қаратилган дезинформация ва беқарорлаштириш кампанияси борасида ноёб тасаввур берган бўлса-да, Россия бундай усулларни ўзига яқинроқ ҳудудларда ҳам қўллаган.

Ўтган йилнинг октябр ойида россиялик журналистлар Кремлнинг фуқаролар орасида низо келтириб чиқариб, шимолни жанубга қарши қилиб кўрсатиш истагига мос ҳолда Қирғизистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларини ёритганлар ва ўз мақсадларига эришиш учун ҳатто камералар олдида воқеаларни саҳналаштирганлар.

Бишкекдаги оммавий норозилик намойишлари 5 октябр куни россияпараст президент Сооронбай Жеенбековга яқин партиялар парламент сайловда ғолиб чиққани ва овозларни сотиб олишда айблангани ортидан бошланиб кетган.

Жеенбеков инқирозга барҳам бериш учун 15 октябр куни истеъфога чиққан.

Таҳлилчилар ва томошабинларга кўра, Россия телеканалларининг норозилик намойишларига оид провокацион лавҳалари фуқаролар орасида тартибсизлик келтириб чиқариш ва Бишкекнинг Москвага қарамлигини кучайтиришга қаратилган эди.

Дезинформация Путин Россиясининг собиқ мустамлакачи таъсиридан қутулмоқчи бўлаётган постсовет давлатларга қарши янги «гибрид» ҳарбий доктринасининг бир қисмидир», деган эди Бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаев.

«Россия оммавий ахборот воситаларининг турган-битгани ёлғон», деб ёзган минсклик Елена Орлова ўзининг Facebook саҳифасида. «Улар Беларус ҳақида ҳам худди шундай ёлғон хабарлар тарқатадилар. Биз бунга кўникиб қолганмиз, аҳамият ҳам бермаймиз.»

Беларусда ўтган йил 9 августдаги баҳсли сайловларда олтинчи муддатга сайланган авторитар президент ва Путиннинг иттифоқчиси Александр Лукашенконинг истеъфосини талаб қилган намойишчиларга нисбатан ҳам Кремл шу усулни қўллаган.

«Россиялик ОАВ арбоблари одамларнинг ёлғонга ва ҳокимиятни ноқонуний тортиб олишга нисбатан норозилигидан Кремлнинг қанчалик қўрқишини кўрсатиб қўйишди», деб ёзган эди ўшанда Россиянинг Новгород шаҳрида яшовчи Ксения Сергеева.

Мамлакатингиз учун Россиянинг таъсири яхшими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500