Карвонсарой
Хавфсизлик

Тожикистон ҳарбийлари чегарани Толибон ҳужумидан ҳимоя қилишга тайёр

Неъматулло Мирсаидов ва AFP

Тожикистон қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари 22 июл куни Афғонистондаги воқеалар муносабати билан жанговар тайёргарликни синовдан ўтказиш бўйича умуммиллий машғулотларда иштирок этмоқда. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

Тожикистон қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари 22 июл куни Афғонистондаги воқеалар муносабати билан жанговар тайёргарликни синовдан ўтказиш бўйича умуммиллий машғулотларда иштирок этмоқда. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

ДУШАНБЕ – Афғонистонда Толибоннинг қўли баланд келиб борар экан, пайшанба (22 июл) куни Тожикистон мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий машқларнинг бирида ўз қуролли кучларининг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказди, деб хабар беради AFP.

Марказий Осиё мамлакати хавфсизлик кучларининг 230 минг аъзоси президент Имомали Раҳмоннинг буйруғи билан тунги соат 2 да жанговар шай ҳолатга келтирилган.

Шунингдек, Душанбе Афғонистон билан чегара ҳимоясини кучайтириш учун 20 минг қўшинни сафарбар этган.

Охирги ҳафталар давомида Толибон Афғонистон шимолидаги туманлар, жумладан, Тожикистон билан чегарадаги Шерхон-Бандар назорат пунктини эгаллаган.

22 июл куни Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тожикистоннинг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказишга оид умуммиллий машғулотларга танклар ҳам жалб этилди. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

22 июл куни Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тожикистоннинг жанговар тайёргарлигини синовдан ўтказишга оид умуммиллий машғулотларга танклар ҳам жалб этилди. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 22 июл куни – ҳарбий парад ўтказилган муҳим санада ўз халқига мурожаат қилмоқда. Бу тадбир Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тожикистон кучларининг жанговар шайлигини текшириш мақсадида ўтказилди. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 22 июл куни – ҳарбий парад ўтказилган муҳим санада ўз халқига мурожаат қилмоқда. Бу тадбир Афғонистондаги воқеалар муносабати билан Тожикистон кучларининг жанговар шайлигини текшириш мақсадида ўтказилди. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

Жанговар тайёргарлик синови мамлакатнинг советлардан кейинги 30 йиллик тарихида бу турдаги илк амалиёт бўлди.

Машқларга тожик армияси ихтиёридаги барча қуроллар, жумладан ер, авиация ва артиллерия кучлари жалб этилди.

Тожикистон давлат телевидениеси орқали намойиш этилган тадбир Раҳмон бошчилигидаги ҳарбий парад билан якунланди. У тожикларни минтақадаги «тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш учун тайёр бўлишга» чақирди.

«Қўшни мамлакат – Афғонистон Ислом Республикаси – айниқса, унинг мамлакатимиз билан чегарадош шимолий минтақаларидаги вазият ўта мураккаб ва мавҳумлигича қолмоқда», деди у.

«Вазият кундан кунга, ҳатто соат сайин тобора жиддийроқ тус олмоқда.»

У армия ва куч тузилмаларини «чегарани муҳофаза қилиш ва эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олиш учун юқори даражадаги шайликни таъминлашга» чақирди.

Толибонлар ҳужуми натижасида ўн минглаб афғонистонликлар ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, уларнинг айримлари чегара оша Тожикистон ҳудудидан бошпана излаган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) маълумотларига кўра, 5 июл ҳолатига кўра, 1344 километрлик афғон-тожик чегарасининг 70 фоизи Толибон назорати остига ўтган.

7 июл куни Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати Афғонистон миллий Хавфсизлик кенгашига асосланиб, Тожикистонга қочиб ўтган 2300 нафар афғон аскарининг ватанига қайтарилгани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, яқинда 1000 дан ортиқ афғон фуқароси Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ҳудудига қочиб ўтган. Бу ҳақда Озодлик радиоси 8 июл куни маҳаллий расмийларга таяниб хабар берган. Афғонистонликларнинг ўша ерда қолиши ёки ватанига қайтиши ҳақида маълумот берилмаган.

Афғон кучлари қайта бирлашмоқда

НАТО кучлари Афғонистонни тарк эта бошлаган маҳал қўққисдан толибларнинг ҳужумига учраган афғон миллий хавфсизлик кучлари (ANDSF) аста-секин ўзини ўнгламоқда.

«Энди давлат тўнтариши хавфи юзага келаётган бир пайтда, жангларда чиниққан ва тажрибали аскарлар яна ҳарбий бўлинмаларда ташаббусни ўз қўлига олмоқда», дейди бир неча бор Афғонистонда бўлган тожикистонлик журналист Илҳом Назриев.

«Толибон ҳужуми қаршиликка дуч келмоқда.»

«Ҳукумат қўшинлари Бадахшон вилоят пойтахти Файзободни муҳофаза қилиб, унинг атрофдаги туманларни озод қилишни бошлади», деди у.

«Улар [ANDSF] дадиллашмоқда. Тез орада Тохар вилоятини, аввалига пойтахт Талоқан атрофини, кейинчалик насиб қилса, Тожикистон билан чегара ҳудудларини тозалаш бошланади», деди Назриев.

«Шерхон Бандар толибонлар назоратида бўлса-да, Қундузда аввалги ходимлар ишламоқда ва Тожикистонга йўл очиқ», деди у.

Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим 14 июл куни Шерхон Бандар чегара пункти аввалгидек ишлаб турганини тасдиқлади.

«Афғонистон билан чегарадаги барча назорат пунктлари очиқ», деди у Карвонсаройга АҚШ кучлари мамлакатдан бутунлай чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин чегарадан юкларнинг ўтиши қисқа муддатга тўхтаб қолганини таъкидлаб.

Жангарилар қишлоқ ҳудудларининг ярмидан кўпини эгаллагани сабабли, ANDSF Афғонистоннинг йирик марказий шаҳарларини муҳофаза қилиш учун ўз кучларини бирлаштирмоқда, деди АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли чоршанба куни.

«Улар тинч аҳолини ҳимоя қилишга эътибор қаратган, аҳолининг аксар қисми эса вилоят пойтахтлари ва Кобул шаҳрида истиқомат қилади», деди у.

Толибоннинг ваъдалари

Тожик расмийлари хавфсизликка оид ҳозирги мавҳум вазиятни инобатга олган ҳолда, Толибоннинг халқаро чегараларни ҳурмат қилиши ҳамда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаши ҳақидаги баёнотларига шубҳа билан қарамоқда.

Толибон сиёсий лидерлари аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қизларнинг мактабга боришига ижозат бериш, дипломатик ваколатхоналарни қўриқлаш ва фуқароларга хизматлар кўрсатишга ваъда берган.

Аммо исёнчилар янги ҳудудларни эгаллашда давом этар экан, маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқда. Қолганлар эса Толибон эркакларни соқол қўйишга буюраётганини ва аёлларнинг маҳрамсиз кўчага чиқишини тақиқлаётганини айтган.

Тожикистон ҳукумати Толибон билан бирор марта музокара олиб бормаган. Аксинча, 1996-2001 йиллардаги Толибон ҳукмронлиги даврида Тожикистон Толибонга қарши тузилган Шимолий иттифоқ тарафида бўлган.

«Толибон билан келишув кўп мамлакатлар учун қимматга тушиши мумкин», дейди Афғонистон бўйича тожик таҳлилчиси Аҳмадшоҳ Комилзода.

Таҳлилчиларга кўра, расмий Душанбенинг Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳукумати билан алоқаларидан хулоса қилиш мумкинки, тожик расмийлари Толибон борасида хомхаёлларга берилмайди.

Толибоннинг қўшни давлатларга ҳужум қилмаслик ваъдаси «ўзини ташқи аралашувдан ҳимоя қилиш ва Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олиб, мустаҳкам ўрнашиш» мақсадини кўзлайди, деди бир неча бор Афғонистонда бўлган тожик сиёсатшуноси Қосим Бекмуҳамедов.

Этник зўравонликларга оид хавотирлар

Тожикистонлик журналист Зеваршо Муҳаммадга кўра, Афғонистонда деярли ҳар куни қўпорувчиликлар содир этиб, шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилган Толибонни қонунийлаштириш террорни легитимлаштиришдан бошқа нарса эмас.

«Афғонистон кўп миллатли, турфа эътиқодли мамлакат», деди у. «У ерда миллатчи шовинистик мафкура билан тинчликка эришиб бўлмайди.»

Муҳаммад яқинда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти пойтахти Хоруғдаги қариндошларини зиёрат қилган.

«Бу ерда ҳаммаси тинч», деди у. «Аммо одамлар толибларнинг оқ байроқлари яққол кўриниб турган Панжнинг чап соҳилидаги тожиклар тақдиридан хавотирга туша бошлаганлар.»

«[Афғонистоннинг] Бадахшон вилоятида кўплаб исмоилийлар (шиалар) яшайди, деди у. «[Толиблар] бизни таъқиб қилишларидан қўрқамиз.»

Бу каби хавотирлар аллақачон 77 нафар этник қирғизни Бадахшон вилояти Андемин қишлоғидан Тожикистон чегараси оша Мурғоб туманига қочиб ўтишга мажбур қилган. Бу ҳақда 14 июл куни «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.

Кейинчалик улар сафига афғонистонлик қирғизлардан иборат яна 270 одам қўшилган.

Улар қирғиз кўчманчиларидан иборат тахминан 1500 кишилик кичик жамоага мансуб бўлиб, аждодлари 1916 йилда Чор Россиясининг Туркистондаги қўзғолонни бостиришидан қочиб, тоғли Вахан йўлагига келганидан бери шу ҳудудда яшаган.

«Толиблар айрим мазҳаблар ва диний оқимлар аъзоларини, Ислом аҳкомларига қатъий амал қилмайдиган этник гуруҳларни мусулмон деб ҳисобламайди», деди Муҳаммад.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500