Қўшма Штатлар пайшанба (22 июл) куни Тожикистон ва Грузияга 2 миллион дона COVID-19 вакцинасини ҳадя этаётганини эълон қиларкан, Хитойни коронавирус келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича терговда ҳамкорлик қилишга чақирди.
Тожикистон якшанба куни Covax халқаро вакцина тарқатиш тизими орқали 1,5 миллион доза Moderna вакцинасини, Грузия эса шанба куни 500 мингта Pfizer вакцинасини қабул қилиши ҳақида Оқ уй расмийлари хабар беришган.
АҚШ касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш маркази пандемия бошланганидан бери Тожикистон соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига қиймати ярим миллион АҚШ долларига тенг COVID-19 лаборатория жиҳозлари ва қурилмаларини етказиб берган.
Оқ уй расмийларига кўра, Қўшма Штатлар COVID-19 вирусига қарши курашда дунё «захирасига» айланмоқчи.
Президент Жо Байден дунё бўйлаб 80 миллион доза вакцина улашишга ваъда берган.
Вашингтон Covax тизимига 2 миллиард АҚШ доллари ажратган бўлиб, Африка Иттифоқи мамлакатлари ва бошқа 92 та ночор мамлакат учун 500 миллионта Pfizer вакцинасини харид қилишни режалаштирмоқда.
«Бизнинг ягона мақсадимиз – одамлар ҳаётини сақлаб қолиш», дейди Оқ уй расмийси.
«Масъулятсиз ва хавфли»
Бу орада Хитой ва Россия танқидчилар «вакцина дипломатияси» деб атайдиган сиёсатни қўллаб, ночор мамлакатларнинг мойиллигини қозониш учун вакциналарни ҳадя қилишга ваъда бермоқда.
Хитой президенти Си Цзинпин Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналарни «глобал жамоат манфаати» деб номлаган, аммо халқаро соғлиқни сақлаш мутахассислари янги штаммлар тарқаши ортидан сифатсиз вакциналар янада кўпроқ муаммо келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Шу билан бир вақтда, Хитой Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) коронавирус пандемиясининг келиб чиқиш сабабларига оид терговларига қаршилик қилиб келмоқда.
Текширувларнинг иккинчи босқичида Хитой лабораториялари тафтиш қилиниши зарур, деб хабар берган ЖССТ ўтган ҳафтада. Қўшма Штатлар вируснинг Ухан вирусология институтидан сизиб чиққани эҳтимолларини текширишни талаб қилган эди.
Бу орада Ухан биотехнология лабораторияси Хитой армияси билан алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида янги далиллар пайдо бўлган.
ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таклифи «2019 йил декабрда одамларда дастлабки касаллик аниқланган ҳудудларда фаолият олиб борган тегишли лабораториялар ва тадқиқот институтларини текширишни» ўз ичига олади.
Аммо Хитой соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Цзэн Исинь пайшанба куни бу режадан «жуда таажжубда» эканлигини айтган, унга кўра, бу «соғлом фикрга нисбатан ҳурматсизлик ва фанга нисбатан беписандликдир».
Оқ уй расмийси эса Хитой позициясини «масъулиятсиз ва очиқдан-очиқ хавфли», деб атаган ҳамда «ҳозир қаршилик қилишнинг вақти эмаслигини» таъкидлаган.
Пекин «шаффоф» бўлиши лозим
Пекин томонидан қатъий рад этилаётган COVID-19 вирусининг лабораториядан сизиб чиққани ҳақидаги мулоҳазалар тобора кучайиб бормоқда.
Пекинга январ ойида ЖССТ ва Хитойнинг Ухандаги қўшма миссияси хулосаларига диққат қаратган ҳолда касалликнинг лабораториядан сизиб чиқиши «эҳтимолдан йироқ» эканлигини таъкидламоқда.
Ўшанда тергов деярли бир йиллик кечикишлар ва сиёсий аралашувдан кейин ўтказилган бўлиб, Пекин томонидан қаттиқ назорат қилинган эди.
Терговнинг илк босқичида ЖССТ Хитойни қайта ишланмаган зарурий маълумотларни улашмаганликда айблаган. ЖССТ раиси Тедрос Гебрейесус иккинчи босқичда Пекинни «шаффоф, очиқ бўлишга ва ҳамкорлик қилишга чақирган».
ЖССТ COVID-19 вируси тарқаганидан бир йил ўтиб – январ ойида Уханга Хитойлик ҳамкасбларнинг пандемия келиб чиқишини ўрганишида ёрдам бериш учун ўзининг мустақил халқаро мутахассислар гуруҳини юборишга муваффақ бўлган эди.