Карвонсарой
Терроризм

Ироқ ва Суриядан қайтган қозоқ аёллари ўз юртида ҳаётини янгидан бошламоқда

Ксения Бондал

Хориждан ватанига қайтарилган қозоғистонлик аёллар ва болалар, март ойида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан Интернетда эълон қилинган видеолавҳадан олинган кадр.

Хориждан ватанига қайтарилган қозоғистонлик аёллар ва болалар, март ойида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан Интернетда эълон қилинган видеолавҳадан олинган кадр.

ОЛМАОТА – Cурия ва Ироққа бориб қолган фуқароларини ватанига қайтарган Марказий Осиёдаги илк мамлакат ўлароқ, Қозоғистон икки ярим йил давомида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилмоқда.

2019 йилдан 2021 йилга қадар ўтказилган бир нечта «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операциялари давомида илгари «Ислом давлати» (ИД) назоратида бўлган ҳудудлардан 700 дан ортиқ қозоқ фуқароси, жумладан 188 нафар аёл ватанига қайтарилган.

Аёллар жамиятга қайта мослашишга ёрдам берадиган ижтимоий реабилитация сеанслари ва ишга жойлашиш курсларига қатнаган бўлса, болалар мактабга ёки ёзги лагерларга жойлаштирилган.

«Жусан» операцияси якунланди, деб айтган Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) раиси ўринбосари Нургали Билисбеков 6 феврал куни парламентдаги чиқишида.

Феврал ойида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан Интернетда эълон қилинган видеолавҳа кадрлари: «Жусан-5» операцияси чоғида сўроқ қилинаётган қозоқ аёли (қизи билан).

Феврал ойида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (КНБ) томонидан Интернетда эълон қилинган видеолавҳа кадрлари: «Жусан-5» операцияси чоғида сўроқ қилинаётган қозоқ аёли (қизи билан).

Якуний рейс – «Жусан-5» операцияси билан 12 фуқаро, жумладан тўрт эркак, бир аёл ва етти бола (икки нафари етим) олиб келинган.

КНБнинг ушбу операцияси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Америка Қўшма Штатлари ва бошқа халқаро шериклар қўллаб-қувватловида амалга оширилган.

Қозоғистон миллий қонунчилик ва халқаро мажбуриятларга мувофиқ, террорчилик фаолиятида иштирок этган ҳар қандай шахсни жавобгарликка тортади, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликка кўра, аёллар ва болалар реабилитация ва социал мослашув дастурларига жалб қилинган, етим қолган болалар энг яқин қариндошларига қарамоғига топширилиб, ҳукумат уларни барча зарурий ёрдам билан таъминлаган.

Реабилитация ва огоҳликни ошириш

Қайтарилган аёлларнинг 95 фоизга яқини аввалги қарашларидан воз кечган бўлса, 20 нафар аёл эса радикализм сабабли жиноий жавобгарликка тортилди, дейди Павлодардаги динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази (ЦАРМО) директори Гулназ Раздикова.

ЦАРМО собиқ радикал қарашдаги аёлларни реабилитация қилиш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилотлардан биридир.

«2019 йилда [ватанига қайтарилган] аёллар билан иш бошлар эканмиз, уларнинг айрим радикал қарашлар билан қайтганини инобатга олиб, ижтимоий реабилитация ва мослашувини вазифа қилиб белгиладик», дейди Раздикова.

Бу ташкилот уч йўналишда иш олиб боради.

Биринчиси, бу – аёлларнинг ўзини рўёбга чиқариши, яъни улар қандай қилиб ёлловчилар тўрига илингани, радикал фалсафадан нималарни излагани, нега умидлари пучга чиққани, бундан буёғига қандай ҳаракат сценарийсини танлаши, янги хулқ-атвор моделини ишлаб чиқишга кўмаклашиш ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш.

Якуний мақсад – янги хулқ-атвор моделини ишлаб чиқиш ва ўз ҳаракатлари учун жавобгарликни шакллантириш, деди Раздикова.

Иккинчи йўналиш – уларга Қозоғистонда кенг тарқалган ҳанафий мазҳаби асосида анъанавий Ислом таълимини бериш.

Учинчиси – ижтимоий мослашув, касб-ҳунар ва ҳаётий кўникмаларни ўргатиш.

«Бу аёллар давлат уларни тўлиқ таъминлаши шарт деган ишонч билан бировнинг қўлига қараб қолмасликлари зарур», деди Раздикова. «Улар ўзлари ва фарзандларини боқишлари керак. Бу ишни қандай қиладилар? Касб-ҳунар ўрганиб, иш топиш орқали.»

Иш ўринлари яратиш

Ватанига қайтарилган аёлларнинг янги ҳунар ўрганишига кўмаклашиш учун ҳукумат қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил қилган бўлиб, у ерда аёллар 17000 тенге (40 АҚШ доллари) стипендия оладилар.

Кўп ҳолларда бу аёлларга сартарошлик, маникюр устаси, массажист, ҳамширалик каби ҳунарлар ўргатилади, деди Раздикова.

«Ўтган йил Қозоғистонда ёшлар йили деб эълон қилинди, шу муносабат билан 29 ёшгача бўлган фуқаролар яхши бизнес-режали стартаплари учун 500 минг тенге (1170 АҚШ доллари) миқдорида грант ютиб олиш имконига эга бўлдилар», деди у.

«Ушбу ташаббус доирасида Суриядан қайтган қизлардан бири тамаддихона очди, ҳозирда унинг учта жойда шохобчаси бор, яна бири қандолатчилик дўконини, бошқаси сартарошхона очди», дейди Раздикова.

Ҳукумат болаларни боғчалар ва мактабларга жойлаштирмоқда, улар учун ёзги лагерлар ташкиллаштириб, мактабга кийим-кечак ва ўқув анжомлари сотиб олиш учун ишбилармонлар орасидан «ҳомийлар» топмоқда.

Шунингдек «Харикет» маҳаллий хайрия жамғармаси «Жусан» операцияси билан ватанига қайтган беш нафар кўп болали аёлни уй-жой билан таъминлади, деди Раздикова.

Ҳар бир вилоятдаги дин ишлари бўйича бошқарма ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) ҳам аёлларнинг реабилитация жараёнига ўз ҳиссасини қўшмоқда, деди у.

Келажакка ишонч мустаҳкамланмоқда

Вояга етмаганларни ижтимоий-психологик ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи «Шанс» маркази «Жусан» операциялари давомида ватанига қайтарилган аёллар ва болалар билан ишлаган илк ташкилотлардан бири эди.

Ушбу нодавлат ташкилот раҳбари Олга Рилнинг айтишича, репатриация қилинган аёллар ва болалар Оқтов шаҳридаги оммавий қабул пунктидан вилоятлардаги «Шанс» реабилитация марказларига олиб келинар, улар дастлаб давлат тарафидан молиялаштирилмас эди.

«Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг (ҚМДИ) ўшанда аёллар ва болаларга кийим-кечак олиб бергани таҳсинга лойиқ иш бўлди. Нурсултондаги олий таълим муассасалари бу аёлларга ёрдам тариқасида 5 млн тенге (11700 АҚШ доллари) хайрия пули йиғиб берди.»

«Шанс» маркази ҳам аёллар зарурий ёрдамни олиши учун сўнгги чораларни кўрди, дейди Рил.

«Биз офисимизни сотиб, пулини марказларни ривожлантиришга сарфладик – бу маблағлар психолог ва ўқитувчиларнинг маошига, вилоятларда бўш турган жойларни ижарага олиш, коммунал хизматлар тўлови ва тиббий ёрдам учун йўналтирилди», деди у.

«2018 ва 2019 йилнинг иккинчи ярмида ҳукумат аёллар учун ўқув курсларини, Сурия ва Ироқдан бу аёллар билан бирга келган болалар учун озиқ-овқат ва кийим-кечак харид қилишни молиялаштирди», деди Рил.

«Дастлаб ҳар бир бола учун ойига 15000 тенге (35 доллар) тўланган бўлса, кейинроқ бу сумма 22000 тенгега (52 доллар) оширилди», деди у.

«Кимнингдир дунёқараши ўзгариши учун, ўша инсон ўзи ва фарзандларининг қорни тўқ бўлишига, болаларининг мактабга бориши ва тинч ҳаёт кечиришига ишончи комил бўлиши керак», деди Рил.

Ҳозирда давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилгани сабабли «Шанс» марказлари бошқа ҳомийлар қидирмоқда.

«Айни пайтда аёлларга касб ўргатиш ва микробизнесни ривожлантириш орқали уларни социаллаштиришга қаратилган Қирғизистон билан ҳамкорликдаги кичик халқаро лойиҳамиз бор», деди Рил.

«Молиявий кўмак Исроил ва Германия каби бир қатор мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналаридан келиб тушмоқда», деб қўшимча қилди у.

«Биз ажратилган маблағларга ускуналар сотиб олдик ва Атирауда сартарошхона очдик, аёлларимиз у ерда ижара ҳақи тўламай, мижозларнинг сочини кесиши мумкин. Шунингдек, қандолатчилик ва пазандалик цехи ҳам очилди, у ерда пенсия олди ёшдаги аёллар ишламоқда.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500