Карвонсарой
Дипломатия

Россиянинг араб давлатлари билан яқинлашишга интилаётгани Эрон билан иттифоқ кафолатланмаганини кўрсатмоқда

Ал-Машариқ

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саудиялик ҳамкасби Файсал Бин Фархон билан 10 март куни Ар-Риёддаги учрашувидан сўнг қўшма матбуот анжумани ўтказмоқда. [Fayez Nureldine/AFP]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров саудиялик ҳамкасби Файсал Бин Фархон билан 10 март куни Ар-Риёддаги учрашувидан сўнг қўшма матбуот анжумани ўтказмоқда. [Fayez Nureldine/AFP]

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россиянинг араб давлатлари билан муносабатларни яхшилашга оид сўнгги уринишлари шуни кўрсатадики, Москванинг Теҳрон билан иттифоқи Эрон режими умид қилганидек мустаҳкам бўлмаслиги мумкин.

Совет Иттифоқининг парчаланиши ва Россиянинг халқаро майдонда яккаланиб қолиши ортидан президент Владимир Путин йиллар давомида Яқин Шарқ, Афғонистон, Марказий Осиё ва бошқа жойларда ўз ўрнини тиклашга уриниб келган.

Кремл ушбу стратегия доирасида ўз тақдирини иттифоқчиларга муҳтож бўлган Эрон билан боғлаган, бу давлат эса унинг ядровий фаолиятини чеклаш ва минтақадаги жангариларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қаратилган халқаро ҳамжамият босимини эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Россия Башар Асад режими тарафида Сурия можаросига аралашуви орқали Яқин Шарқдаги таъсирини кучайтиришга интилди, у ердаги Эрон билан иттифоқ эса тобора кучсизланиб бормоқда.

Россия армиясининг патрул таркибидаги транспорт воситаси 11 октябрь куни Суриянинг ал-Ҳасака вилояти Қаҳтония қишлоғидаги нефт кони ёнидан ўтиб кетмоқда. [Delil Souleiman/AFP]

Россия армиясининг патрул таркибидаги транспорт воситаси 11 октябрь куни Суриянинг ал-Ҳасака вилояти Қаҳтония қишлоғидаги нефт кони ёнидан ўтиб кетмоқда. [Delil Souleiman/AFP]

У доимий равишда Суриядаги таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилар экан, нефт, газ ва фосфат саноатини назорат қилиш орқали ўзини ҳарбий ва иқтисодий соҳада мустаҳкамлаб, бу жараёнда аста-секин Эронни сиқиб чиқармоқда.

Эроннинг душманлари билан ўйнашиш

Эрон билан муносабатлардаги зиддият сўнгги ойларда янада кучайган – Теҳроннинг тарихий душманлари бўлган Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар билан Россиянинг дипломатик фаоллиги авжига чиққан.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўнгги дипломатик қадамларидан бири – шу ой Москвада унинг баҳрайнлик ҳамкасби Абдуллатиф бин Рашид аз-Заяний билан учрашгани бўлди.

Россия Форс кўрфази мамлакатлари учун хавфсизлик режаси ташаббусини ишлаб чиқмоқда, деди Лавров.

«Бутун Форс кўрфази минтақасида жамоавий хавфсизликни йўлга қўйиш масаласини Эроннинг иштироки назарда тутилган ҳолда кенгроқ муҳокама қилиш масаласи шулар жумласидан», деди Лавров ТАСС хабарига кўра.

Лавров шунингдек, март ойининг тўрт куни давомида Москванинг «икки томонлама сиёсий мулоқотни» йўлга қўйиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид саъй-ҳаракатлари доирасида Форс кўфази ҳамкорлик кенгаши аъзолари: Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга ташриф буюрган.

Шундай бўлса-да, бу ташриф манфаатлар зиддияти, иқтисодий оппортунизм ва сиёсий пиарга тўла бўлди, дейди кузатувчилар.

Россиянинг Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлар, хусусан, Сурия ва Ливиядаги манфаатлари ғаразли, жойлашиш ҳуқуқини олиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича шартномалар имзолашга қаратилган бўлиб чиқди.

Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатлари буни сезмаслиги мумкин эмас, дейди кузатувчилар.

Форс кўрфази давлатлари АҚШ билан ўзаро муносабатларни хавф остига қўйиб, Россия билан алоқаларни чуқурлаштиришга бормайди, зеро улар Россиянинг Эрон ва бошқа давлатлар билан ўрнатган ўқига у қадар ишонмайдилар, дейди халқаро муносабатлар бўйича қатарлик мутахассис Маҳмуд Абдул Мунайм.

Россиянинг минтақадаги режалари ва манфаатлари Форс кўрфази давлатларининг манфаатларига зид келади, деди Абдул Мунайм, бу эса Форс кўрфази давлатлари хавфсизлигига нисбатан «тақиқ чизиғи» билан тенг.

Март ойида Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ташкилоти вакилларидан иборат делегациянинг Москвага ташрифи ФКҲКнинг Россияга нисбатан муносабатини яна бир карра очиқлади.

Суриядаги аёвсиз рақобат

Путин Суриядаги можародан бутун минтақада Россиянинг таъсирини ёйиш учун фойдаланди, 2015 йилда Сурия майдонига кириб келиб, урушдан азият чекаётган давлатга Россиянинг ҳарбий ва иқтисодий таъсирини муттасил кучайтирди.

Россия ва Эроннинг шериклиги асосан Асадни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ умумий мақсаддан бошланди, аммо бу муносабатлар Москва учун тобора фойдасиз, Эрон учун эса тобора хавфлироқ бўлиб бормоқда.

Сурия режими билан келишувга эришишда муваффақият қозонган Россия Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) билан жангчилар ёллаш бўйича рақобатни кучайтирган.

Суриялик иқтисодчи ва Дамашқ университети ўқитувчиси Маҳмуд Мустафонинг айтишича, уларнинг иккови ҳам Сурия режимини иқтидорда ушлаб туриш учун сарфлаган маблағини қайтариб олиш мақсадида реконструкцияга оид манфаатли шартномалар тузишда рақобатлашмоқда.

Унинг сўзларига кўра, Эрон режими Сурияга киритган сармояларидан катта даромад олишига умид қилган эди, аммо Эроннинг янги бизнес имкониятларидаги улуши Эрон режимининг умидлари ва баҳоларига жавоб бермаслиги тобора ойдинлашмоқда.

Бу асосан Россиянинг таъсири ва Суриянинг шарқий чўлидаги (Бадия) фосфат конлари ҳамда Тартус ва Латакиядаги савдо портлари каби даромад келтирувчи лойиҳалар устидан назорати билан боғлиқ.

Афтидан, Россиянинг режалари кенгайиб, «Эроннинг ҳисоб-китобларига халақит берди, оқибатда Россия Эронни у кўз тиккан кўплаб даромад манбаларидан маҳрум этди», дейди Мустафо.

Эрон Хитойга яқинлашмоқда

Яқинда Эроннинг Хитойга яқинлашишга қарор қилгани Теҳрон Москванинг ишончли шерик эмаслигини англаётганидан далолат бериши мумкин, дейди кузатувчилар.

Март ойида Эроннинг Хитой билан имзолаган стратегик битими доимий нефт таъминоти эвазига Пекиннинг 25 йил давомида Эронга 400 миллиард доллар миқдорида сармоя киритишини кўзда тутади. Икки тараф эълон қилган тафсилотларга кўра, нефт сотувдагидан пастроқ нархда таклиф этилади.

Аммо икки мамлакат ўртасида ҳамкорликда қурол ишлаб чиқиш, ҳарбий машқлар ва разведка маълумотлари алмашинувини ўз ичига олувчи янада кенгроқ стратегик ҳамкорлик каби очиқланмаган масала хавотирга сабаб бўлмоқда.

Бу битим билан заифлашган, глобал миқёсда яккаланиб, бурчакка қадалган ва иқтисодий қулаш ёқасида турган Эрон режими дадил ва қатъиятли Хитой режимининг измига тушади.

Кўпгина кузатувчилар Пекиннинг кредитлар (заиф мамлакатларга оғир шартлар асосида улкан кредитлар таклиф қилишдан иборат ўзининг асосий мажбурлаш воситаларидан бири) баҳонасида Эрондан янада кўпроқ имтиёзлар талаб қилишидан хавотирда.

Бу ҳатто ҳарбий имтиёзларга ҳам бориб етиши мумкин, дейди улар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 4

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳа, Россиядек тубан мамлакатга ишониб бўлмайди.

Жавоб бериш

Россия доим хоин ва каззоб бўлганини билишмаган эканда

Жавоб бериш

Россия нима қилаётганини яхши билади. Сиёсат ва дипломатияда қарорлар тез ўзгариб бораётган воқелик тафсилотлари асосида қабул қилинади. Бугун, эҳтимол, араб шайхларини, уларга молиявий жиҳатдан қарам бўлган Толибон ва ИШИДга таъсир ўтказиш жараёнига жалб қилиш эҳтиёжи пайдо бўлгандир. Бу қадамнинг заруратини кўрмаслик аҳмоқликдир; Ўринсиз душманлик қилиш қилиш ва уни сариқ журналистиканинг энг яхши анъаналарида аёвсиз қоралаш – бу провокация ёки кимнингдир буюрмасини бажаришдан бошқаси эмас.

Жавоб бериш

Россия ва Эрон ўртасидаги абадий муҳаббатга путур етганга ўхшайди.

Жавоб бериш