Карвонсарой
Иқтисодиёт

Покистон-Ўзбекистон келишувлари янги ҳамкорлик даврини бошлаб бермоқда

Зиё Ур-Раҳмон

12 июл куни Покистон-Афғонистон чегарасидаги Торҳам чегара пунктига яқинлашаётган юк машинаси. [Зиё Ур-Раҳмон]

12 июл куни Покистон-Афғонистон чегарасидаги Торҳам чегара пунктига яқинлашаётган юк машинаси. [Зиё Ур-Раҳмон]

ИСЛОМОБОД – Покистон ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган сўнгги битимлар, шу жумладан Афғонистон орқали товар айирбошлашни ўз ичига олган шартномалар минтақавий интеграция ва барқарорлик йўлидаги муҳим воқеа бўлди, дейди расмийлар.

15 июл куни Тошкентга олий даражадаги делегация бошчилигида ташриф буюрган Покистон бош вазири Имрон Хон турли соҳаларда, жумладан савдо ва сармоявий соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтиришга оид бир қатор шартномаларни имзолади.

«Покистон Марказий Осиё, айниқса минтақадаги энг йирик иқтисодиётлардан бири бўлган Ўзбекистон билан яқин алоқалар ва чуқур ҳамжиҳатликка катта аҳамият қаратади», деди Хон янги ташкил этилган Ўзбекистон-Покистон бизнес форумининг очилиш маросимида.

Покистоннинг Ўзбекистон билан алоқаси муҳим аҳамиятга эга, зеро савдонинг яхшиланиши минтақадаги фаровонлик ва тараққиёт учун йўл очади, деди у.

Эроннинг Бандар-Аббос порт шаҳри яқинидаги кемалар, 2019 йил 30 апрел куни олинган сурат. [Атта Кенаре/AFP]

Эроннинг Бандар-Аббос порт шаҳри яқинидаги кемалар, 2019 йил 30 апрел куни олинган сурат. [Атта Кенаре/AFP]

Хоннинг ташрифи ўзаро ҳамкорлик ва қўшма корхоналарнинг янги даврини бошлаб беради, деди Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқаларни таъкидлар экан.

Хоннинг ташрифидан бир кун аввал томонлар ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида ҳукуматлараро комиссия мажлиси олдидан қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, таълим ва қазилма бойликлар соҳаларда қўшма ишчи гуруҳлар тузишга келишиб олдилар, дейилади Покистон ҳукумати 14 июл кунги баёнотида.

Учрашувга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ва Хоннинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд ҳамраислик қилдилар.

Улар Ўзбекистон ва Покистонни бир-бири билан боғлайдиган трансафғон йўлаги икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришда муҳим рол ўйнашини эътироф этдилар.

Иккала мамлакат саноат соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги техникасини йиғиш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш орқали шериклик алоқаларини чуқурлаштиришга келишиб олдилар.

Томонлар умумий қиймати 500 миллион долларлик битимларни имзоладилар, деб ёзади Tashkent Times нашри.

Ҳамкорлик йўналишлари

Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари кўпинча халқаро савдо-сотиқни амалга оширишда Эрон портларига таянишга мажбур. Покистон уларни ўзининг денгиз портларидан фойдаланишга ундамоқда.

Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Эроннинг Бандар-Аббос порти орқали экспорт қилади, бунинг учун қуруқлик орқали узоқ йўл босиб ўтилади, дейди ташқи савдо билан шуғулланувчи карачилик тадбиркор Мужтаба Ҳусайн.

«Афғонистон орқали Покистоннинг Карачи шаҳрига борадиган йўл Эроннинг Бандар-Аббосигача бўлган йўлдан тахминан 2800 км қисқароқ», деди у.

Айни пайтда Ўзбекистон билан Покистон ўртасида қуруқлик маршрутлари ишлаб чиқилмоқда.

Халқаро юк ташиш маршрутлари (TIR) конвенциясига биноан, йил бошида бу икки мамлакат Афғонистондаги турли йўналишларни баҳолаш учун тажриба тарзида юк машиналари алмашдилар.

«ТИР процедураси товарларни халқаро чегаралар орқали божхона назорати остида, одатда импорт (ёки экспорт қилиш) вақтида олинадиган божлар ва солиқларни тўламасдан олиб ўтишга имкон беради», дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.

Дори-дармон ортилган юк машинаси 9 апрел куни Карачидан чиқиб, Афғонистон ва Ўзбекистон орқали 4 май куни Тошкентга етиб келган.

Худди шу тарзда, чарм буюмлар юкланган Ўзбекистон машинаси 9 май куни Тошкентдан жўнаб кетди ва 11 май куни Афғонистон ва Покистон ўртасидаги Торхам чегара пунктига етиб келди. Юк машинаси 13 май куни Файсалободга етиб борган.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) лойиҳани техник ва молиявий қўллаб-қувватлади. Ушбу ташаббус «минтақавий савдо интеграцияси ва алоқаларини ривожлантиришга» қаратилган, дейди USAID.

«Биз юкларни TIR конвенцияси асосида ташишни режалаштирдик, чунки тарихда илк бор Ўзбекистондан чиққан юк машинаси Покистонга... 48 соат ичида етиб келди», деди Хоннинг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Довуд 4 июл куни Покистон оммавий ахборот воситаларига, деб хабар беради Express Tribune.

«Покистон ҳукумати ташувчиларга мамлакатнинг эскирган логистика тармоғини янгилаш учун кредит бериш масаласини кўриб чиқмоқда», деди у.

Афғонистондаги тинчлик саъй-ҳаракатлари

Хоннинг ташрифи АҚШ ва НАТО кучларининг олиб чиқилиши фонида Афғонистонда тинчликни ўрнатишга оид минтақавий саъй-ҳаракатлар ортидан амалга ошмоқда.

Покистон, Ўзбекистон, Афғонистон ва Қўшма Штатлар июл ойи ўрталарида Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий савдо ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган янги тўрт томонлама дипломатик платформани шакллантирдилар.

«Гуллаб-яшнаётган минтақалараро савдо йўлларини очиш йўлидаги тарихий имкониятни англаган ҳолда, томонлар савдо-сотиқни кенгайтириш, транзит алоқалари ўрнатиш ва бизнес муносабатларини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилиш ниятида», дейилади хабарда.

Анжуман доирасида Хон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Тошкентда учрашув ўтказдилар. Икки давлат раҳбарлари «Покистон-Афғонистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш тўғрисида келишиб олдилар», деб баёнот берди Покистон ташқи ишлар вазирлиги 16 июл куни.

Томонлар «хавфсизлик соҳасидаги хавотирли муаммолар юзасидан икки томонлама механизмни ривожлантиришга оид ўзаро маслаҳатлашувлар орқали зарур чоралар кўришга» келишиб олдилар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500