Карвонсарой
Хавфсизлик

Толибон ўз ваъдасига хилоф тарзда афғон шаҳарларига ҳужумни давом эттирмоқда

Нажибуллоҳ

20 июл куни Ийд намози чоғида Ҳиротдаги жомеъ масжиди олдида қўриқчилик қилаётган афғон хавфсизлик кучлари ходими. [Ҳошанг Ҳошимий/AFP]

20 июл куни Ийд намози чоғида Ҳиротдаги жомеъ масжиди олдида қўриқчилик қилаётган афғон хавфсизлик кучлари ходими. [Ҳошанг Ҳошимий/AFP]

КОБУЛ – Афғон расмийлари Толибоннинг мамлакатдаги асосий шаҳарларни эгаллаб олишга интилаётгани гуруҳ берган ваъдаларга хилоф эканини айтмоқда.

Толибон етакчиларининг матбуот котиби Амир Хон Муттақий 13 июл куни ўз Твиттерида жангари гуруҳ шаҳарларни нишонга олиш ниятида эмаслигини айтган эди.

Аммо Афғонистондаги ҳокимиятни куч билан эгаллаш ҳақида гап кетар экан, Толибоннинг охирги ҳафталар давомидаги ҳаракатлари гуруҳнинг ҳақиқий ниятларини фош этган, дейди расмийлар.

Толибоннинг баёноти ёлғондан бошқа нарса эмас, дейди Ички ишлар вазирлиги вакили Аҳмад Зиё Зиё.

У Толибоннинг Бағлон ва Бодғис вилоятлари пойтахтларини қўлга олишга уринганини айтаркан, афғон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (ANDSF) оғир йўқотишлар билан бўлса-да, бу уринишларнинг олдини олганини айтди.

Дам олиш кунлари исёнчиларнинг шаҳарлар марказларига ҳужуми кескин авж олиши ортидан душанба (2 август) куни Афғонистон кучлари Толибон жангарилари билан шиддатли тўқнашувга киришган.

Толибон жангарилари тунда камида учта вилоят маркази – Лашкаргоҳ, Қандаҳор ва Ҳирот шаҳарларига ҳужум қилганлар, якшанба кунги оғир жанглар натижасида ушбу ҳудудларнинг минглаб тинч аҳолиси жангарилар ҳужумидан қочишга мажбур бўлган.

Жанговар ҳаракатлар Ҳелманд вилояти маркази Лашкаргоҳ шаҳрида авж олди – ҳукумат ушбу ҳудудга юзлаб махсус қўшинлар жойлаштирганини эълон қилганидан бир неча соат ўтиб, толиблар шаҳар маркази ва қамоқхонага мувофиқлаштирилган ҳужумларни амалга оширдилар.

«Биз ANDSFнинг мамлакатни ҳар қандай вайронкор террорчилик ҳужумидан муҳофаза қилиш салоҳияти ва қатъиятига эга эканлигига халқимизни ишонтирамиз», деди Зиё.

Афғонлар Толибонни рад этмоқда

Дайкунди вилоятидан Волеси Жирға аъзоси Ширин Муҳсиний ҳам Толибоннинг даъволарини рад этган.

«Биз яқинда бир қатор шаҳар ва вилоят пойтахтларига уюштирилган ва муваффақиятсизликка учраган «Толибон» ҳужумларига гувоҳ бўлдик», деди у Сари Пул, Ғазний ва Фарёб вилоятлари марказларига ҳужумларни назарда тутиб.

Толибон бирорта шаҳарни ҳам қўлга кирита олмади, деди у. Бу бир тарафдан ҳукуматнинг вилоят марказларини ҳимоя қилишга бел боғлагани, бошқа тарафдан маҳаллий аҳоли ўз шаҳарларини ҳимоя қилишга тайёрлигидандир.

«Одамлар содир этилган ваҳшийликларни эътиборга олиб, гуруҳга қарши курашга тайёр», деди у. «Биз эҳтиёт бўлишимиз керак, чунки агар толиблар ўз мавқеини мустаҳкамласа, аминманки, улар ўйлаб ўтирмай ҳужум бошлайди.»

Шаҳарлар аҳолиси Толибон режимининг қайтишини истамайди, деди Муҳсиний жангари гуруҳни «одамлар қабул қилмаслиги ва шаҳарларда яшовчилар уларнинг қайтишига қарши туришини айтиб.

Афғонлар ANDSFни қўллаб-қувватлашларини намойиш этиб, Толибонга қаршилик кўрсатиш учун бирлашдилар, деди у.

Толибон ташвиқоти

Толибон шаҳарларни эгаллаш салоҳиятига эга эмас, уларга ҳужум қилиш ниятида эмаслиги ҳақидаги даъвоси эса шунчаки жамоатчилик фикрига таъсир этиш йўлидаги ташвиқотдир, дейди хавфсизлик масалалари бўйича кобуллик эксперт ва истеъфодаги ҳарбий офицер Атиқулло Амархил.

«Аниқ бўлган нарса шуки, Толибон бажариш мажбуриятини олган ишларини ҳеч қачон амалга оширмайди», деди у.

Толибон Жузжон, Тоҳар ва Бодғис вилоятлари пойтахтларини эгаллаб олиш астойдил ҳаракат қилди, аммо муваффақиятсизликка учради.

Уларнинг хатти-ҳаракатлари 20 йил олдинги Толибон режимидан фарқ қилмайди, дейди Амархил. Улар афғонистонликларнинг ўша-ўша ҳаёт тарзи билан яшашларини истайдилар.

Аммо шаҳар аҳолиси республикани алмаштиришни, охирги 20 йил ичида эришилган ютуқларни ёки ўз эркинликларини Толибоннинг мутлақ ҳокимиятига алмаштиришни истамайдилар. Толибон шуни эътиборга олмаяпти, деди у.

Фуқаролар ANDSFни қўллаб-қувватлашга тайёр, деб қўшимча қилди у яқинда юзага келган халқ ғалаёнларига ишора қилар экан.

«Биз яқинда айниқса шимолда, халқ орасида сафарбарлик кучлари ташкил этилгани ва уларнинг ANDSF аскарлари сафига қўшилиб, бир қатор шаҳарларда Толибон ҳужумларини қайтарганига гувоҳ бўлдик», деди у.

«Қора кунларга» қайтиш йўқ

Афғонистонликлар, айниқса ёшлар Афғонистонда тараққиёт бўлишини истайдилар, дейди Кобулда яшовчи сиёсий таҳлилчи Аҳмад Беҳруз.

«Биз охирги йигирма йил ичида сезиларли ютуқларга эришдик», деди у олий ўқув юртлари, мактаблар ва мустақил оммавий ахборот воситаларининг ташкил этилиши билим ва донолик тараққиётига кўмаклашганини таъкидлаб.

Афғонистонлик ёшлар Интернет туфайли глобал тараққиётни англаб етмоқдалар, деди у. Улар Афғонистоннинг олдинга силжишини истайдилар, толиблар аввалги экстремистик қарашлардан воз кечмаганини биладилар.

Толибоннинг қайтиши инфратузилмани вайрон қилиб, мамлакатни 20 йил аввалги ҳолатга қайтаради, дейди ҳукумат идорасида матбуот котиби бўлиб ишлайдиган кобуллик Маъсуда Зиё.

«Мен университетдаги ўқишни тугаллаш учун бор имкониятларимни ишга солганман», деди у келажакда магистр даражасини олиб, афғонистонлик ҳамюртларига яхшироқ хизмат қилиш истагида эканлигини таъкидлар экан.

У Толибоннинг қайтиши унинг порлоқ келажак борасидаги умидларига соя солишини айтади.

«Ҳеч биримиз Толибон ҳукмронлиги ва байроғи остида яшашни хоҳламаган бўлардик», деди Зиё.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500