Карвонсарой
Терроризм

Суриядан қайтарилган қозоқ болалари узун реабилитация жараёнидан ўтмоқда

Ксения Бондал

2019 йилнинг 7 ва 9 май кунлари «Жусан-2» (Аччиқ шувоқ-2) операцияси вақтида Суриядан Қозоғистонга қайтган аёллар ва болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

2019 йилнинг 7 ва 9 май кунлари «Жусан-2» (Аччиқ шувоқ-2) операцияси вақтида Суриядан Қозоғистонга қайтган аёллар ва болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида, КНБ видеолавҳасидан олинган кадр.

ОЛМАОТА – «Ислом давлати» (ИД) сафига қўшилган ва кейинчалик Қозоғистонга қайтарилган қозоқ аёлларидан дунёга келган болалар узун реабилитация жараёнидан ўтмоқдалар.

2019 йилдан 2021 йилгача амалга оширилган «Жусан» («Аччиқ шувоқ») туркум операциялари давомида илгари ИД назоратида бўлган ҳудудлардан 700 дан ортиқ Қозоғистон фуқароси, жумладан 188 нафар аёл Суриядан ватанига қайтарилди.

Қайтарилганлар орасида тўқнашувларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлган ва урушдан бошқа ҳеч нарсани кўрмаган ёш болалар, жумладан етимлар ҳам бор эди.

Заиф қатламга кирувчи вояга етмаганларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатувчи «Шанс» нодавлат ташкилоти раҳбари ва «Право» («Ҳуқуқ») нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси, Нур-султонлик Олга Рил бу болаларнинг Сурияда нималарни бошдан кечирганини сўзлаб берди.

Суриядан Қозоғистонга қайтарилган болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида ўйнамоқда. КНБ видеосидан олинган кадр.

Суриядан Қозоғистонга қайтарилган болалар Манғистов вилоятидаги реабилитация марказида ўйнамоқда. КНБ видеосидан олинган кадр.

Болалардан бири портлаш туфайли онасининг ўлимига гувоҳ бўлган ва бомба ҳужумидан кейин ўз жароҳатларини ердан топиб олган дорилар билан даволаган.

Бу болаларга қараш ва улар дуч келган нарсани англашга ҳаракат қилиш жуда оғир, дейди Рил.

Улар кун кечирган уруш шароитида оналар ўз оилаларини сақлаб қолиш учун эркакларнинг вазифасини ўз зиммасига олган бўлса, катта фарзандлар она ролини бажаришга мажбур бўлганлар, деди Рил.

«Бир вақтлар тунда Оқтовдаги марказда юрганимда кўрган нарсамдан ҳайратга тушганимни эслайман – тўққиз ёшли қиз ярим кечаси онаси ухлаб ётганида кир юваётган эди», деди у ватанга қайтарилган қозоқ фуқароларини сақлашга мўлжалланган қабул марказини назарда тутиб.

«Оила Суриядалигида ҳаммаси шундай эди: чарчаган она дам олар, катта фарзанд эса уй юмушларини бажарар эди.»

Болаларнинг шахсини аниқлаш

Рилнинг сўзларига кўра, болалар учун тиббий ва моддий ёрдам олиш учун оналарнинг керакли ҳужжатларни олиши реабилитация жараёнининг асосий омилларидан бири эди.

«Қайтарилиш гувоҳномаси билан Қозоғистонга депортация қилинган оналарнинг ҳужжатларини қайта тиклаш осонроқ бўлди, болаларнинг иши эса жуда мураккаб бўлиб чиқди», дейди у.

«Оналар чодирларда туғишган, улардан фақат айримлари касалхонага ётқизилган, ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга ҳеч ким туғилганлик гувоҳномаси бермаган», деди Рил.

2018 йилда Адлия вазирлигининг суд экспертиза марказлари «Шанс» нодавлат ташкилоти ташаббуси билан қариндошликни аниқлаш учун ДНК текширувини ўтказа бошлади.

Бироқ, давлат ДНК экспертизаси учун фақат 2018 ва 2019 йиллардагина маблағ ажратди, 2020 йилда улар тўхтаб қолди.

«Шанс» харажатларнинг бир қисмини ўз зиммасига олди, қолганлари бошқа манбалар ҳисобидан қопланди.

«Адлия вазирлигининг суд экспертизаси марказлари ходимлари ташаббус кўрсатиб, тадқиқотлар учун пул йиғиб беришди», деди Рил. Баъзида ходимларнинг «хола ва жиянлар ўртасидаги қариндошликни аниқлашга оид мураккаб тестлар учун хусусий лабораторияларга боришига тўғри келди.»

Айрим ҳолларда хусусий тест учун болаларнинг қариндошлари пул тўлаган.

Оналикни белгилаш тести харажатлари 85000 тенгедан (200 доллар) бошланса, буви ва набира ёки хола ва жиян ўртасида қариндошликни аниқлаш 350 минг тенгегеча (825 АҚШ доллари) туради, деб қўшимча қилди у.

«Право» юристлари экспертиза хулосалари асосида болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини олиш учун судга мурожаат қилганлар.

Шундан сўнг давлат уларни ўз маълумотлар базасига киритиб, уларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни берган.

Бу саъй-ҳаракатлар Қозоғистонда янги прецедент яратди – Рилнинг сўзларига кўра, илгари судьялар бу каби ишларни бундай ҳажмда кўриб чиқмаган, айримлар эса ўз фаолиятида бундай амалиётга дуч келмаган эди.

Оналар қайта расмийлаштирилган ҳужжатларни олишлари билан давлат уларга манзилли ижтимоий ёрдам тақдим этди. 2020 йил март-май ойларидаги коронавирус карантини чоғида улар ойига 42500 тенге (99 доллар) нафақа тўланди.

2018 ва 2019 йилларнинг иккинчи ярмида давлат озиқ-овқатдан ҳам ёрдам берди. Дастлаб ҳар ой бир бола учун 15000 тенге (35 АҚШ доллари) тўланган бўлса, 2019 йилда бу рақам 21000 тенгега (50 АҚШ доллари) оширилди.

«Шанс» уларнинг бир қисмини кийим-кечак билан ҳам таъминлади, аммо ҳамма вилоятдагиларни ҳам эмас, деди Рил.

Тиббий муолажалар ва реабилитация

Бу орада Суриядан қайтган болаларнинг кўпчилиги тиббий муолажаларга муҳтож эди.

Деярли барча болаларнинг тишлари носоғлом эди, кўпчилиги шамоллаш ва юқумли касалликлар асоратларидан азият чекар эди. Айримлари жароҳат олгани учун операцияга муҳтож бўлган.

«Туғма ногирон болалар ҳам бор эди, улар Оқтов шаҳридаги реабилитация марказида даволанган ва ўз қариндошлари уйига борганида, дарҳол клиникаларга бириктирилиб, даволанишда давом этганлар», деди Рил.

Рил 14 ёшли бола ҳақида гапириб берди, афтидан, у стресс туфайли Ироқдан қайтганидан бир ярим йил ўтиб, юра олмай қолган.

Унинг онаси Ироқ қонунларини бузгани учун Бағдоддаги Русафа қамоқхонасида жазони ўтамоқда, акаси эса 17 ёшида ИД назоратидаги ҳудудда ўлдирилган, деди у.

14 ёшли бола ҳозир укаси ва синглиси билан бирга қариндошларининг қонуний васийлиги остига олинган.

Уч бола онаси билан ушлаб турилган Русафада болалар уч йил тошли пол устида ухлаганлар, деди Рил.

Реабилитация – бу узун ва мураккаб жараён бўлиб, оқибатда бола учун қандай таъсир қилишини ҳеч ким билмайди, дейди Рил.

Яна бир муаммо – ижтимоийлашув, деб қўшимча қилди у.

Бу болалар учун ҳаётнинг янгидан бошланиши қийин давр бўлди, чунки уларнинг уйда ва мактабда катталар ва болалар билан муносабат ўрнатишига тўғри келди. Улар учун мактабга қатнаш мажбурияти ҳам катта синов бўлди, деди Рил.

«Уларнинг мослашувини осонлаштириш учун 1 сентябрга қадар болалар ўқишга қатнайдиган мактабларга экскурсия уюштирилди.»

«Болаларнинг қаердан эканлиги ҳақида берилган оддий савол уларни шокка солди ва йиғлатди», деди у.

«Болалар реабилитация марказига қайтар экан, ҳамма уларнинг Суриядан келганини билиб қолишидан қўрққанлари учун мактабга боришни истамасликларини айтишди. Шу тариқа болалар яна ўзлари борадиган мактабга ташриф буюриб, синф раҳбарлари билан учрашдилар, психологлар уларга шу ва бошқа қўрқувларни енгишга ёрдам бердилар», дейди Рил.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Жусан операциясининг номланиши тасодифий эмас. У анъанавий ва кўп қиррали аҳамиятга эга.

Жавоб бериш