Карвонсарой
Хавфсизлик

Толибон лидерларининг ўзбошимча жангариларни назорат қилаётганига шубҳалар кучаймоқда

Сулаймон

Толибон музокаралар гуруҳи раҳбари Мулла Абдулғани Биродар (ўртада) ва жангариларнинг бошқа етакчилари. 18 июл куни Қатар пойтахти Доҳада олинган сурат. [Карим Жаъфар/AFP]

Толибон музокаралар гуруҳи раҳбари Мулла Абдулғани Биродар (ўртада) ва жангариларнинг бошқа етакчилари. 18 июл куни Қатар пойтахти Доҳада олинган сурат. [Карим Жаъфар/AFP]

КОБУЛ – Толибон жангарилари ўз раҳбарларининг чақириғига бўйсунмай, давлат мулкини вайрон қилиш ва тинч фуқароларга қарши жиноятларда давом этар экан, гуруҳ етакчиларининг жангарилар ҳаракатларини назорат қила олишига шубҳалар пайдо бўлган.

Толибон етакчиси мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода 18 июл Ийд куни қилган мурожаатида қўмондонларга мактаб ва университетлар фаолиятига рухсат бериш, тинч аҳолига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, соғлиқни сақлаш муассасалари ва инфратузилмани муҳофаза қилишни буюрган.

«Бизнинг мужоҳидларга [Толибон жангариларига] маслаҳатимиз – Ислом амирлигининг назоратидаги ҳудудларда диний ва замонавий таълим ривожига алоҳида эътибор қаратиш, мактаб ва университетлар фаолиятига рухсат бериш ҳамда ҳужумлар вақтида тинч аҳолини ҳимоя қилиш, дейилади баёнотда.

«[Толибон] Соғлиқни сақлаш комиссиясига бутун мамлакат, айниқса, янги эгалланган ҳудудларда клиникалар ва соғлиқни сақлаш марказлари фаолиятини давом эттириш тавсия қилинади», деб қўшимча қилинади унда.

Афғонистон миллий армияси ва Толибон ўртасидаги отишмалар давом этаётган пайтда, 1 август куни Ҳирот вилояти Инжил туманидаги йўлда қўриқчилик қилаётган Афғонистон миллий армияси аскари. [Ҳошанг Ҳошимий/AFP]

Афғонистон миллий армияси ва Толибон ўртасидаги отишмалар давом этаётган пайтда, 1 август куни Ҳирот вилояти Инжил туманидаги йўлда қўриқчилик қилаётган Афғонистон миллий армияси аскари. [Ҳошанг Ҳошимий/AFP]

Бу баёнот 7-8 июл кунлари асосий музокарачи ўринбосари Шермуҳаммад Аббос Станекзай бошчилигидаги Толибон делегацияси Эронда Афғонистон ҳукуматидаги ҳамкасблари билан музокаралар олиб боргани ҳамда жамоат бинолари ва тинч аҳолини нишонга олмасликка рози бўлганидан кейин янграган.

Музокаралар якуни бўйича эълон қилинган баёнотда, ҳар икки томон ҳам уйлар, масжидлар ва шифохоналарни вайрон қилаётган ҳужумларни қоралаган.

Зўравонлик кучаймоқда

Ўз раҳбарларининг чақириқларига қарамай, Толибон жангарилари янги ҳудудларни эгаллагани сайин тинч аҳолига зарар етказиш ва давлат идораларини вайрон қилишда давом этаётгани ҳақида хабарлар олинган.

Афғонистон ҳукуматининг маъмурий ислоҳотлар ва давлат хизмати мустақил комиссияси яқинда Толибон назоратига ўтган туманларда муҳим давлат хизматлари тўхтатилганини аниқлади, деб айтган 15 июл куни комиссия раиси Нодир Нодирий.

Унинг сўзларига кўра, кўплаб давлат хизматчилари жароҳатланган ёки вилоят марказларига эвакуация қилинган.

Толибон 116 тумандаги 260 та ҳукумат биноси ва мулкини вайрон қилди, деди Нодирий кўрилган зарарни 500 миллион долларга баҳолаб.

Толибон назорати остидаги ҳудудларда 13 миллион афғонистонлик ижтимоий хизматлардан маҳрум бўлишди, шунингдек 50 минг ходим, жумладан аёллар Толибон ҳаракатларидан жабр кўрди, деди Нодирий.

«Толибон охирги ҳафталарда эгаллаб олган туманларидаги фуқаролик объектларини вайрон қилиш ва талон-тарож учун жавобгар», деди Нодирий.

Афғонистоннинг гуллаб-яшнаши йўлида Толибоннинг тинчлик тарафдори эканлигини тасдиқловчи белгилар йўқ, деб қўшимча қилди у.

Бу орада душанба (2 август) куни АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси Толибоннинг тинч аҳолига нисбатан ҳужумларини қоралаб, буни эҳтимолий ҳарбий жиноят дея баҳолаган.

«Толибон Спин Болдакда (Қандаҳор) ўнлаб тинч аҳоли вакилларидан қасос олган. Бу қотилликлар ҳарбий жиноят деб малакаланиши мумкин; улар тергов қилиниши, бу ишга масъул Толибон жангарилари ёки қўмондонлари жавобгарликка тортилиши керак», - дейилади элчихона Твиттерида.

«Толибон раҳбарияти ўз жангчиларининг қилмишлари учун жавоб бериши керак. Агар сиз ҳозирдан жангчиларингизни назорат қила олмасангиз, кейинчалик сизга бошқарувда ўрин йўқ», дейилади хабарда.

Толибондаги иккиюзламачилик

«Толибон етакчиларининг сўзлари гуруҳ жангариларининг ҳаракатларидан кескин фарқ қилади», дейди Кобулда яшовчи сиёсий таҳлилчи Мақсуд Ҳасанзода Salaam Times нашри билан суҳбатда.

Инкор қилиб бўлмайдиган мисоллар Толибоннинг давлат муассасалари ва мулкига душманлик муносабатида эканини тасдиқлайди, деди у.

Афғонистонликлар ижтимоий тармоқларда Толибон Фараҳ вилоятининг Анордара туманидаги маъмурий бино ва Ғазний вилоятининг Молистон шаҳридаги бошқа объектни қандай қилиб портлатиб юборгани акс этган кадрларга гувоҳ бўлишган, деб қўшимча қилди у.

Толибон ҳеч қандай, жумладан, инсонийлик, ислом ёки афғон жамияти тамойилларга содиқ эмас, дейди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Ҳамид Рошан Salaam Times нашри билан суҳбатда.

Толибон Қандаҳор, Ҳирот, Фараҳ, Фарёб ва Таҳор вилоятларида жамоат биноларини вайрон қилиб, ўнлаб тинч аҳолини шаҳид қилди, деб қўшимча қилди у.

«Улар юзлаб тинч фуқароларни ўз уйини тарк этишга мажбур қилди, Қандаҳорнинг ўзида ўнлаб бегуноҳ одамларни қатл этдилар».

Толибон ҳеч қандай уруш тамойилларига амал қилмайди. Улар тинч аҳолининг уйларини қалқон сифатида ишлатишади ва охир-оқибат уларни вайрон қилишади, дейди у.

Толибон раҳбарларининг сўзи ва жангариларининг хатти-ҳаракатлари ўртасида катта фарқ бор, дейди Фарёб шаҳрида яшовчи 25 ёшли Ғайбатуллоҳ.

Масалан, у яқинда Толибонлар томонидан Қайсар туманидаги полицияси бошқармаси ва бир нечта блокпостлар, Хожа Сабз Пўш туманидаги кўприк ва ўнлаб дўконлар вайрон қилинганини эслатган.

Сўнгги тўрт кун ичида Толибон жангарилари Маймана шаҳрига миномётдан ўқ уздилар, натижада масжид имом-хатиби ҳамда бир қанча аёл ва болалар ўлди, деб қўшимча қилди у.

«Толибонга ишонч йўқ»

Афғонлар Толибонларни ўз раҳбарларини менсимайдиган жангарилар деб билади, деди Ғайбатуллоҳ афғонлар ҳеч қачон Толибон раҳбарларининг баёнотларига ишонмаслиги кераклигини таъкидлаб.

Толибон етакчилари бир неча бор афғон жамоатчилигига фойда келтирадиган миллий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши ва ҳимоя қилишини даъво қилган ва ўз жангариларига тараққиёт лойиҳаларига тўсқинлик қилмасликни буюрган, дейди ҳарбий таҳлилчи Залмай Афғонёр.

Аммо воқелик тамоман бошқача, зеро Толибон аъзолари ўз раҳбарларининг буйруқларини умуман бажармайдилар, дейди у.

Толибон жангарилари ўзлари истаган нарсани тўғри деб билади, миллий лойиҳаларга тўсқинлик қилади, давлат идораларини вайрон қилади ва тинч аҳолини нишонга олади, дейди Афғонёр.

Толибон жангариларининг ўз раҳбарларига итоатсизлиги туфайли Толибон раҳбариятининг шиорлари ва баёнотларига ишонч қолмаган, дейди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500