Карвонсарой
Иқтисодиёт

АҚШ бозорларига кўз тикаётган Қирғизистон экспортчилар учун савдо имкониятларини кенгайтириш устида ишламоқда

Канат Алтинбаев

Қирғизистонлик мева-сабзавот сотувчилар, 24 июл, Иссиқкўл вилоятидаги Иссиқкўл-Бишкек автомобил йўли. [Мақсат Осмоналиев/Карвонсарой]

Қирғизистонлик мева-сабзавот сотувчилар, 24 июл, Иссиқкўл вилоятидаги Иссиқкўл-Бишкек автомобил йўли. [Мақсат Осмоналиев/Карвонсарой]

БИШКЕК – Қирғизистон ҳукумати маҳаллий тадбиркорларга ўз маҳсулотларини Қўшма Штатларга экспорт қилиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган АҚШ ҳукумат дастуридан фойдаланиш учун йўл очмоқда.

1974 йилда ишга туширилган умумлаштирилган имтиёзлар тизими (GSP) АҚШ ҳукуматининг энг қадимги ва энг йирик савдо имтиёзлари дастури ҳисобланади.

Минглаб маҳсулотлар учун божларни бекор қилувчи бу дастур манфаатдор мамлакатларнинг барқарор иқтисодий тараққиёти учун хизмат қилади ва бу давлатларга АҚШ билан савдо-сотиқ ҳажмини ошириш ва диверсификация қилишга ёрдам беради.

Ўтган ҳафта президент Садир Жапаров бош вазир Улуғбек Мариповга Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва давлат тадбиркорларини ҳукумат даражасида қўллаб-қувватлаш учун GSP дастуридан фойдаланиш буйруғини берган.

Бишкек бозоридаги маҳаллий мева-сабзавотлар сотувчиси, 16 апрел. [Вячеслав Оселедко/AFP]

Бишкек бозоридаги маҳаллий мева-сабзавотлар сотувчиси, 16 апрел. [Вячеслав Оселедко/AFP]

GSP ривожланаётган мамлакатлар учун АҚШга 5000 тагача маҳсулот тури, жумладан, ноёб ва юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини божсиз экспорт қилиш имконини беради, дейилади президент матбуот хизматининг 27 июн кунги баёнотида.

Хусусан, Қирғизистон тоғ асали, чаканда (облепиха), олхўри, арахис, форел балиғи, хонаки қўтос ва бошқа турдаги гўшт сингари маҳаллий маҳсулотларни экспорт қила олади, дейилади баёнотда.

«Ҳозирда тегишли давлат идоралари билан қирғиз тадбиркорлари Американинг бу дастуридан тўлиқ фойдалана олиши учун ҳукумат даражасидаги барча зарурий шароитларни яратиш устида иш олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Тараққиёт учун туртки

Сўнгги йилларда Қирғизистон ва Қўшма Штатлар ўзаро савдони жадаллаштирдилар, аммо рақамларга кўра, ўсиш учун потенциал мавжуд.

АҚШ Савдо ваколатхонаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 26 миллион долларни ташкил этган.

Қирғизистоннинг АҚШга экспорти 5 млн долларга етди, бу 2018 йилга нисбатан 29% (2 миллион доллар), 2009 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 12% кам. Айни вақтда Қирғизистоннинг Қўшма Штатлардан импорти 21 миллион долларни ташкил этган – бу 2018 йилдагига нисбатан 22,1% (4 млн доллар) кўп, 2009 йилдагига нисбатан эса 63%га кам.

Савдо баланси доирасида Қирғизистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 2017 йилдан бери барқарор ўсиб бормоқда, маҳаллий ишбилармонлар бу тенденциянинг GSP дастури билан давом этишидан умидвор.

Бишкекдаги OIMO Foods экологик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компанияси бош директори Асил Куменовнинг ишонишича, Американинг GSP дастури Қирғизистон ишбилармонлари учун янги экспорт истиқболларини очиб беради.

«Қўшма Штатлар Қирғизистон каби ривожланаётган мамлакатлар учун жуда жозибали ва истиқболли бозор ҳисобланади», деди у. «У ерга кириш ва мустаҳкам ўринга эга бўлиш катта муваффақиятдир.»

Айрим ишлаб чиқарувчилар АҚШга Қирғизистон асали ва қуритилган мева экспорт қилиш тажрибасига эга, деди у.

Бундан ташқари, COVID-19 пандемиясига қадар Қирғизистон ҳукумати озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун асосий истеъмол маҳсулотлари экспортини чеклашидан аввал, қирғиз гуручи Нью-Йоркдаги махсус дўконларга жуда талабгир эди, деди у.

«GSP – жуда яхши имконият», деди Куменов. «Умид қиламанки, ҳукуматимиз янги етказиб бериш занжирларини яратишга кўмаклашиб, қирғизистонлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлайди.»

OIMO Foods АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) бенефициари ҳисобланади.

2017 йилда компания USAIDнинг молиявий кўмагида Ўш вилоятида тайёр қадоқда ёнғоқ ва қуритилган меваларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани ишга туширган.

Савдо ва сафар чекловларининг олиб ташланиши

GSP афзалликларидан тўлиқ фойдаланиш янги бозорлар учун йўл очади ва Қирғизистоннинг табиий, экологик тоза, юқори сифатли маҳсулотлар экспортчисига айланишини таъминлайди.

«Бизнинг гўзал табиатимиз, химикатга тўла Хитой маҳсулотларидан фарқ қилувчи соф ва фойдали озиқ-овқат маҳсулотларимиз, табиий сабзавот ва меваларимиз бор, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.

Агар Қирғизистон ўзининг логистика муаммоларини ҳал қила олса, экспортчиларда Америка бозорида ўз ўрнига эга бўлиш имконияти юзага келади, деди у.

Американинг электрон савдо гиганти Amazon ҳам яқинда Марказий Осиёлик ишлаб чиқарувчиларнинг бу бозорга киришини янада осонлаштирди.

24 майдан Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини бевосита Amazon орқали сотиш учун рўйхатдан ўтиш имконига эга бўлдилар.

Бу йил Америка Қўшма Штатлари Қирғизистонга ўз бозорини очиш билангина чекланмади.

Январ ойида АҚШ президенти Жо Байден «қирғизистонлик мигрантларнинг кириб келишини тўхтатган» чекловларни бекор қилувчи қарорга имзо чекди.

Чекловлар олиб ташланганини эълон қилар экан, АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси сўнгги 12 ой ичида «Қирғизистон ҳукумати томонидан амалга оширилган хавфсизлик билан боғлиқ муҳим ўзгаришларни олқишлаган».

«Қирғизистоннинг янги электрон паспортлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг яқин ҳамкорлиги Қирғизистон республикаси ва бутун дунёда барчамизнинг хавфсизлигимизни янада яхшилайди», деб баёнот берган элчихона.

Май ойидан Қирғизистон фуқароларига биометрик идентификация чипларини ўз ичига олган янги паспортлар бериш бошланган.

Бишкек, ўз навбатида, Қирғизистон-АҚШ муносабатлари ривожига нисбатан некбинлик изҳор қилган.

«Қирғизистон томони иқтисодиёт, сармоялар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳаётнинг барча жабҳаларига энг янги технологияларни жорий этишдан манфаатдор», дейилади Қирғизистон ТИВнинг январ ойида эълон қилинган баёнотда.

C5+1 гуруҳи мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ делегацияларининг июл ойи ўрталарида бир қатор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Тошкентдаги халқаро анжуман доирасида учрашгани – ўзаро муносабатлар яхшиланганининг яна бир белгиси бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500