КОБУЛ – Толибон ва Хитой ўзаро ҳисоб-китобли иттифоқ тузди: уларнинг иккови ҳам бир-бирининг шу кунгача номақбул саналган хатти-ҳаракатларига кўз юмиш эвазига стратегик устунликка эришишни кўзламоқда.
Афғонистондаги урушга чек қўядиган сиёсий ечим топишда гуруҳнинг самимийлигига халқаро ҳамжамият ишончи сўниб борар экан, Толибон потенциал иттифоқчиларнинг этагидан тутишга уринмоқда.
Тарихда толиблар қурол ва молиявий ёрдам учун Эрон, Покистон ва Россияга мурожаат қилишган.
Энди эса Хитойнинг Шинжон вилояти чегарасида Толибон жангарилари пайдо бўлар экан, гуруҳ улкан қўшнисининг хайрихоҳлигига эришиш учун қўлидан келганини қилмоқда, Пекин эса ўзига хос кафолат сифатида Толибон раҳбарларини тинчлантиришга умид қилмоқда.
Қаттиққўл сиёсатли ҳаракат асосчиларидан бири Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги Толибоннинг олий даражали делегацияси июл ойи охирида Пекин расмийлари билан учрашган.
Хитой компартияси (ХКП) раҳбарлари билан учрашган Толибон гўё Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқларига кўз юмишга тайёр эканлигини намойиш этган – ҳуқуқбон ташкилотлар ва Ғарб ҳукуматлари Хитойнинг бу хатти-ҳаракатларини геноцидга тенглаштирганлар.
Атеистик руҳдаги ХКП эса Толибоннинг экстремистик мафкураси ва Афғонистон ҳукуматини ағдаришга қаратилган зўравонликларига кўз юммоқда.
Хабарларга кўра, Хитой расмийлари исёнчи гуруҳни Афғонистондаги «муҳим ҳарбий ва сиёсий куч» деб мақтаб, ундан барча террорчи гуруҳлар билан «алоқани бутунлай узишни» сўраганлар.
Пекин Шинжон минтақасидаги уйғур айирмачиларининг Афғонистонни плацдарм сифатида қўллаши мумкинлигидан қўрқади. Хитойни толибларнинг Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ) ва унинг меросхўри – Туркистон ислом партияси (ТИП) билан алоқалари айниқса хавотирга солмоқда.
Пекин ШТИҲ ва ТИП мавжудлигини рўкач қилиб, ўзининг Шинжондаги репрессияларини оқлашга уринган, аммо минтақада 2017 йилдан бери айтарли ҳеч қандай террорчилик ҳодисалари қайд этилмаган.
«Ислом амирлиги Хитойни афғон заминининг ҳеч бир мамлакатга ҳужум қилиш учун ишлатилмаслигига ишонтирди», деб айтган Толибон матбуот котиби Муҳаммад Наим.
«Улар [Хитой] Афғонистоннинг ишларига аралашмаслик, аксинча муаммоларни ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш ваъдасини бердилар».
Хабарларга кўра, Бародар Пекинни «ишончли дўст» деб атаган.
«Мақсадга эришиш воситаси»
Хитой учун Кобулдаги барқарор ва ҳамкорликка мойил маъмурият Афғонистонда унинг «Бир камар, бир йўл» ташаббусини кенгайтиришга ёрдам бериши мумкин.
«Толибон Пекин учун мақсадга эришиш воситаси», дейди Рид Стендиш 21 июл куни Озод Европа/Озодлик радиоси учун ёзган мақоласида. «Шу билан бир вақтда Толибон Хитойни халқаро легитимликка олиб борувчи йўл ва уруш туфайли вайрон бўлган Афғонистон учун ишончли сармоя оқими деб билади».
«Толибон Хитойга нияти эзгу эканлигини кўрсатмоқчи», деди Пекиндаги Синхуа университетининг Миллий стратегия институти тадқиқотлар бўйича директори Цян Фэн The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида.
«Улар, айниқса Америка ўз қўшинларини олиб чиққанидан кейин, Хитой мамлакат ҳаётида муҳим рол ўйнашига умид қилмоқдалар.»
«Пекин хитойликларни ўз тарафига жалб қилган ҳолда улар [Толибон] учун БМТ Хавфсизлик Кенгашида дипломатик ҳимояни таъминлаши мумкин», дейди афғонистон бўйича австралиялик олим Нишанк Мотвани AFP билан суҳбатда.
«Таъкидлаш керакки, бошқа давлатлар Толибон учун ўз эшикларини очиб, у билан алоқа ўрнатар экан, бу Афғонистон ҳукуматининг легитимлигига путур етказиб, Толибонни деярли бўлажак ҳукумат сифатида намоён қилмоқда.»
Толибон билан шартнома имзолаш орқали Пекин Шинжондаги уйғурлар масаласида ҳам бетарафликни сақлаб қолишга умид қиляпти. Пекин сўнгги йилларда «миллий хавфсизлик» баҳонасида бу минтақадаги аксар мусулмон аҳолини бўйсундириш ва назорат қилишга қаратилган қатъий сиёсат юритиб келмоқда.
Хитой расмийлари томонидан Шинжонда содир этилган айрим жиноятлар бутун дунё мусулмонларининг кескин эътирозига сабаб бўлган – минтақада 1000 дан ортиқ имом ва диний арбобларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, қарийб 16000 масжиднинг бузилгани ва муслима аёлларнинг мунтазам зўрланиши шулар жумласидандир.
Ўзини ислом ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган толиблар ўз мақсади йўлида мусулмонларнинг ўлдирилиши ва қулга айлантирилишига кўз юмадиган кўринади, дейди кузатувчилар.
Толибон матбуот котиби Суҳайл Шаҳин AFPга берган интервюсида исёнчилар «дунёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатда бўлиш» истагида эканлигини айтган.
«Бирор-бир мамлакат конларимизни тадқиқ қилишни истаса, бундан мамнун бўламиз», деди у. «Биз инвестициялар учун яхши имкониятлар яратамиз.»
«Хитойдаги мусулмонлар билан боғлиқ қандайдир муаммо юзага келса, биз албатта Хитой ҳукумати билан гаплашамиз», деб айтган у The Wall Street Journal билан суҳбатда.
«Террорчи диснейленд»
Толибон Хитойни ҳам бевосита, ҳам исёнчиларнинг минтақадаги асосий ҳомийларидан бири ва Пекиннинг яқин иттифоқчиси – Покистон орқали инвестиция ва иқтисодий кўмак манбаи деб билади.
Пекин 2019 йилда ҳам Толибон делегациясини қабул қилган эди, шу йил бошида эса Хитой Афғонистон ичидаги тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифини билдирди.
Брюссел озодлик университети сиёсатшуноси Терри Келлнернинг сўзларига кўра, исёнчилар билан Покистон воситачилигидаги саҳна орти алоқаларининг тарихи узоққа бориб тақалади ва бу «Хитойнинг Афғонистондаги лойиҳаларини йирик террорчилик ҳужуми нишонига айланишдан сақлаб қолган».
Кобул яқинидаги улкан «Айнак» мис кони шундай лойиҳалар сирасига киради. 2007 йилда Хитой компанияси ушбу лойиҳа билан боғлиқ потенциал манфаатли шартномани қўлга киритган, аммо жараён можаролар туфайли анчадан бери тўхтаб қолган эди.
Аммо Толибон яхши қўшни бўлиши қийинга ўхшайди, деди Сингапурдаги Нанян технология университетининг терроризм бўйича халқаро таҳлилчиси Рохан Гунаратна.
Улар яна уйғур жангариларини қўллаб-қувватлай бошлаши эҳтимолдан йироқ эмас, айниқса, ҳозир бу жангариларнинг кўпчилиги Суриядан Афғонистонга қайтишга интилаётган бир пайтда, деди у.
«Толибон уларнинг асосий хўжайини эди. Улар жуда яқин муносабатларда эдилар», дейди Гунаратна The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида.
«АҚШ қўшинлари олиб чиқилиши билан Толибон аввалги ҳолатига қайтади, чунки унинг мафкураси деярли ўзгармаган», дейди у.
Афғонистон «барча хорижий террор гуруҳлари ҳозир бўлган террористик Диснейлендга айланиши мумкин».
Президент Ашраф Ғани халқаро ҳамжамиятни «Толибон ва тарафдорларининг сиёсий қарор қабул қилишга тайёрлиги ҳақидаги даъволарини қайта кўриб чиқишга» чақирган.
«Биз миқёси, кўлами ва вақти нуқтайи назаридан охирги 30 йил ичидаги мисли кўрилмаган босқинга дуч келмоқдамиз», деди у 28 июл куни Кобулдаги чиқишида.
«Бу 20-аср толиблари эмас, балки трансмиллий террорчилик тармоқлари ва трансмиллий жиноий гуруҳлар ўртасидаги алоқанинг намоён бўлишидир».
Хитойга ўлим
Жавоб беришФикрлар 1