Карвонсарой
Таҳлил

Марказий Осиё саммити минтақавий ҳамкорлик йўлида қўйилган навбатдаги қадам бўлди

Канат Алтинбаев

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (чапда), Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов (чапдан иккинчи), Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўртада), Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгдан иккинчи) ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги саммит доирасида миллий маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюрдилар. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон (чапда), Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов (чапдан иккинчи), Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ўртада), Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев (ўнгдан иккинчи) ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги саммит доирасида миллий маҳсулотлар кўргазмасига ташриф буюрдилар. [Қозоғистон президенти матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Ўтган ҳафта Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг минтақавий саммити – минтақанинг беш мамлакати ўртасидаги алоқалар илиқлашиб, ҳамкорлик кучайиб бораётганининг навбатдаги белсиги бўлди.

Бу хатти-ҳаракатлар Афғонистондаги Толибон таҳдидларига қарши туришга қаратилгани даъво қилинаётган бўлса-да, кузатувчилар Кремлнинг асл мақсадларига шубҳа билан қарайдилар.

Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон раҳбарлари 6 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳрида учрашиб, минтақавий муаммоларни муҳокама қилдилар. Бу воқеа минтақавий ҳамкорлик йўлида навбатдаги қадам бўлди.

Беш президентнинг маслаҳат учрашуви шу турдаги учинчи саммит бўлди – уларнинг биринчиси 2018 йил март ойида Нур-Султонда, иккинчиси 2019 йил ноябр ойида Тошкентда бўлиб ўтган.

6 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги Марказий Осиё саммити доирасида учрашган Қирғизистон президенти Садир Жапаров (чапда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев бирга суратга тушмоқдалар.[Қирғизистон президенти матбуот хизмати]

6 август куни Туркманистоннинг Аваза шаҳридаги Марказий Осиё саммити доирасида учрашган Қирғизистон президенти Садир Жапаров (чапда) ва унинг қозоғистонлик ҳамкасби Қосим-Жўмарт Тўқаев бирга суратга тушмоқдалар.[Қирғизистон президенти матбуот хизмати]

Кун тартибида тобора Толибон тарафидан эгаллаб олинаётган Афғонистондаги хавфсизлик юзасидан ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди.

Толибон шаҳарлар ва қишлоқ туманларида, жумладан, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегарадош вилоятларда Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши жанг қилмоқда.

Авазадаги саммитда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари «Афғон жамиятида фуқаролар тинчлиги ва тотувлигига эришиш учун ҳеч қандай ёрдамни аямасликларини» баён қилдилар, дейилади қўшма баёнотда.

Шунингдек, улар «Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклаш ва мамлакатни жаҳон иқтисодиётига жалб қилишга қаратилган барча манфаатдор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларини» қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Бу позиция 15-16 июл кунлари Тошкентда беш Марказий Осиё давлати ва АҚШни ўз ичига олувчи «C5+1» гуруҳи иштирокида бўлиб ўтган халқаро анжуманда белгиланган аввалги мақсадларни ўзида акс эттиради.

Минтақавий ҳамкорлик

Авазада учрашган давлат раҳбарлари янада яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик орқали Марказий Осиёни биргаликда ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдилар.

Хавфсизлик ва барқарорлик, савдо, иқтисодиёт ва инвестициялар, транспорт ва юк ташиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ва энергия ресурслари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва гендер тенглиги кабилар ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Минтақа давлатлари, айниқса молиявий тизимни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш орқали иқтисодий жиҳатдан кучлироқ бўлишни истайдилар.

Лидерлар бир қатор ташаббуслар юзасидан келишувга эришдилар.

Марказий Осиё давлатлари Қозоғистондаги Остона халқаро молия марказидан (AIFC) бир-бири ва чет эллик инвесторлар билан ўзаро алоқалар учун иқтисодий платформа сифатида фойдаланишга қарор қилганлар.

Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, тўсиқсиз юк ташишни таъминлаш, янги халқаро йўналишлар яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш орқали транспорт ва транзит соҳасида янада яқинроқ ҳамкорликни режалаганлар.

Шунингдек, улар иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, саҳролашувга қарши кураш, сувдан оқилона фойдаланиш, музликларни сақлаб қолиш ва Совет давридан қолган уран чиқиндихоналарини тозалаш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё давлатлари Совет режими одамлар саломатлиги ва атроф-муҳитга зарарини инобатга олмай, 40 йил ядровий полигон сифатида ишлатган Қозоғистоннинг Семей (собиқ Семипалатинск) шаҳри экологиясини қайта тиклашда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Россиянинг минтақавий амбициялари хавф остида

Саммит Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиб бораётганидан далолат беради. Минтақа 2016 йилда Ўзбекистонда Мирзиёев ҳокимиятга келгунига қадар, йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида асосан тарқоқ бўлиб келган.

Ўшандан бери Мирзиёев минтақавий интеграцияни ўз ташқи сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгилаган.

Марказий Осиёнинг заиф ва қарам бўлишини хоҳлайдиган Кремл минтақа саъй-ҳаракатларининг бирлашувидан манфаатдор эмас, дейди Нур-Султондаги Евроосиё интеграцияси институти директори Уразгали Селтеев.

«Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳақиқатан ҳам ўзаро тил топиб, муросага келишмоқда ва ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда», дейди Селтеев Карвонсарой билан суҳбатда.

Аммо минтақани ўз орбитасига яқинлаштирмоқчи бўлаётган Россия эса Толибон таҳдидини бу мақсадга эришиш йўлидаги қулай баҳона деб билади.

«Россия минтақа хавфсизлиги кафолати сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун Афғонистон таҳдидларини Марказий Осиё давлатларига мунтазам эслатиб туради», деган эди Олмаотадаги рискларни баҳолаш консалтинг гуруҳи раҳбари Досим Сатпаев Карвонсаройга.

Москва Марказий Осиё давлатларини Россия ҳукмронлигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) таркибида сателлит давлатларга айлантириш учун Афғонистонни баҳона ўлароқ қўллаб келган.

Бошқа муаммолар

Марказий Осиёлик таҳлилчилар бошқа инқироз ва муаммоларга ҳам ишора қилганлар.

Минтақа мамлакатлари Афғонистонга эмас, балки қурғоқчилик ва сув танқислиги каби ички муаммоларга эътибор қаратишлари лозим, дейди Қозоғистон миллий ишонч кенгаши аъзоси, сиёсатшунос Марат Шибутов.

«Бу муаммолар ҳал этилмас экан, кескин минтақавий зиддиятларга олиб келиши мумкин», деди Шибутов Карвонсаройга.

«Мамлакатларимизда тараққиётнинг асосий соҳаларида интеграциялашув зарурлигини тушуниш тобора мустаҳкамланиб бормоқда», деб ёзади 6 август куни Марказий Осиё халқаро институтининг бўлим бошлиғи, тошкентлик Алишер Собиров.

У марҳум қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовдан иқтибос келтириб шундай деди: «Тарихий бирдамлик, тилларнинг ўхшашлиги ва муштарак урф-одатларнинг мавжудлиги бизга бир сафда бўлиш ва биргаликда янги дунёни, ягона цивилизациялашган жамиятни барпо этиш учун сон-саноқсиз имкониятлар беради».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

КАМАЙТИРИШ ЭМАС УМУМАН ЙЎҚ ҚИЛИШ КЕРАК ҚАРАМЛИКНИ.

Жавоб бериш

Ниҳоят, Марказий Осиё давлатлари ўртасида катта ҳамкорлик бошланмоқда.

Жавоб бериш

Бирга бўлинглар. Осонроқ бўлади. Бировингизда йўқ нарса бошқангизда бор ва аксинча. Қирғизистон ва Тожикистонда сув бор, Қозоғистонда дон бор.

Жавоб бериш

Россия писмиқлик билан бузғунчилик қилиб, зарар етказа бошлайди. Эҳтиёт бўлиш керак.

Жавоб бериш

Шарқ – нозик масала

Жавоб бериш