ОЛМАОТА – Афғонистон толиблар қўлига ўтар экан, қозоғистонлик фаоллар ва экстремизмга қарши кураш бўйича мутахассислар ўз мамлакатлари ёшларининг интернет орқали радикаллашуви эҳтимолидан огоҳлантирмоқдалар.
Афғонистоннинг қишлоқ ҳудудлари ва вилоят марказларини эгаллашга қаратилган ҳужумлардан сўнг, якшанба (15 август) куни Толибонлар Кобул томон юриш қилганлар.
«Толиблар қилич ва қурол билан ғалабага эришдилар», деб ёзган президент Ашраф Ғани Facebook саҳифасидаги баёнотида Афғонистонни тарк этганидан сўнг.
Ғани «қон тўкилишининг» олдини олиш учун кетганини айтган. У қаерга қочганини айтмаган, лекин Афғонистоннинг TOLOnews ахборот агентлиги унинг Тожикистонга қочиб кетганини тахмин қилган.
Толибон Афғонистонни самарали назорат қилар экан, кузатувчилар бу мамлакатнинг халқаро террорчи гуруҳлар етиштирадиган жойга айланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Афғонистонда шиддатли фуқаролар уруши натижасида 1996 йилда Толибон илк марта ҳокимиятни қўлга киритгач, исломий режим ўқув лагерларини ташкиллаштириш учун «Ал-Қоида» гуруҳига бошпана берган эди.
Нью-Йоркда бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишдан сўнг, душанба (16 август) куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик Кенгаши халқаро ҳамжамият Толибон даврида Афғонистоннинг террор ўчоғига айланишига йўл қўймаслиги кераклигини айтди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш йиғилишда дунё ҳамжамияти «Афғонистондаги глобал террорчилик таҳдидига» қарши курашиш учун бирлашиши кераклигини айтгач, 15 аъзодан иборат кенгаш қўшма баёнот эълон қилган.
Кенгаш баёнотида Афғонистон ҳудуди «ҳеч бир давлатга таҳдид ёки ҳужум қилиш учун ишлатилмаслиги», на Толибон, на бошқа Афғонистондаги гуруҳ ёки шахс мамлакат ҳудудида террорчиларни қўллаб-қувватламаслигини» таъминлаш учун «Афғонистонда терроризмга қарши курашиш муҳимлиги» таъкидланган.
Нишонда – ёшлар
Халқаро терроризмнинг қайтиш эҳтимоли интернет орқали экстремизмга ёллашда Интернетда кўп вақтини ўтказадиган қозоғистонлик ёшларнинг янги нишонга айланиши мумкинлигини англатади, дейди экспертлар.
Болаларга, айниқса ўрта ва катта синфларда диний таълим бериш ёллашнинг олдини олишда муҳим омил, дейди экстремизмнинг олдини олиш бўйича олмаоталик мутахассис Асилбек Избаиров.
Ўсмирлар кўпинча ота-оналари ёки тенгдошлари билан келишмайдиган идеалистлар ва максималист бўлишади, дейди у. «Бундай ҳолатда улар психологик таъсир олдида заиф бўлиб қоладилар.»
«Уларнинг жуда кўп вақтини Интернетда ўтказиши инобатга олинса, бу омилларнинг барчаси радикал ёлловчилар учун қўл келиши мумкин», деди у.
Гарчи халқаро коалиция 2019 йилда Сурия ва Ироқда «Ислом давлати» (ИШИД) гуруҳини ҳарбий йўл билан тор-мор этган бўлса-да, Афғонистондаги вазият жиддийлигича қолмоқда, деб огоҳлантирди Избаиров.
Толибон Афғонистонда ИДнинг фаоллашувига йўл қўймасликка ваъда берган.
Бироқ, Марказий Осиё ёшларига қаратилган «глобал жиҳод» потенциал мафкуравий таҳдиди мавжуд, дейди Избаиров.
«Агар биз ёшлар ва ўсмирлар билан профилактика ишлари олиб бормасак... улар ёлловчилар учун осон ўлжага айланиши мумкин», деди у. «Уларни ўз сафига чақирмайди, қуроллантириб жангга жўнатмайди, лекин улар устида узоқ муддатли, чуқур психологик иш олиб бориши мумкин.»
«Миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан, бу ёлланган ёшларнинг хориждаги жангарилар сафига бориб қўшилишдан хавфлироқ», деди Избаиров.
Хавотирли тактика
Экстремистик гуруҳлар илгари бомбалар ясаш ва уларни етказиб бериш, ҳатто ҳудкушлик учун афғон болаларини ёллангани ҳақида маълумотлар бор.
2011 йилда Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ҳамид Карзай 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган 24 болани афв этган, улар террорчилик ҳаракатлари содир этишга уриниш ёки режалаштиришда айбланиб ҳибсга олинган, деб хабар берган эди Info24.ru 2019 йилда.
Info24.ru нашрининг ёзишича, 2019 йилда Кобулдаги вояга етмаганлар учун мўлжалланган «Бодомбоғ» жазо муассасасида (собиқ аёллар қамоқхонаси) 47 бола сақланган, ҳукумат уларни миллий хавфсизликка таҳдид деб билар эди.
Ёлланган болалар 13 ёшиданоқ ўқотар қуролдан фойдаланиш ва қўлбола портловчи мослама ясаш ва қўллашни билар эди, деб айтган уларнинг қариндошлари Info24.ru сайтига.
Қозоғистон ИДнинг ёллаш фаолиятига қарши аксилтеррор кураш чораларини тугатмаган, чунки бу гуруҳ 2019 йилда жанг майдонида енгилганидан кейин нисбатан жимиб қолган эди, дейди Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетининг диншунослик факултети аспиранти, олмаоталик Ерлан Досмагамбетов.
Бундай бефарқлик келажакда муаммолар келтириб чиқариши мумкин, деб огоҳлантирди у.
Агар Толибон Афғонистонда «ИД» билан бирлашадиган бўлса, «бу қўрқинчли тус олади, чунки Афғонистон Сурияга қараганда Қозоғистонга яқинроқ», деди у.
Янги ёлланганлар экстремистлар сафига келиб қўшилгач, уларнинг онгига бир нечта асосий ғоялар сингдирилади: давлат «такфирда» (динсизликда) айбланади, уни «куфр» ва «тоғутий» (бутпараст) давлат деб аташади, деди Нур-султонлик диний мутахассис Темирлан Советов.
ИД экстремистлари ёлланганларнинг онгини ўзгартириш учун нашид ёки диний қасидалардан фаол фойдаланадилар, деди Советов.