Карвонсарой
Фан ва технология

Ижтимоий тармоқларда Хитой ташвиқотини ёйинлаётган юзлаб сохта аккаунтлар аниқланди

Карвонсарой

CIR Хитойнинг дезинформация тармоғида сохта профил суратларини аниқлаш учун бир нечта усуллардан, жумладан кўзлар жойлашуви ва суратларнинг кесилишини текширишдан фойдаланган. Компьютер яратган суратлар кўзларни доим бир ерга жойлаштиради. Одатда, профилларнинг тасодифий танланган тўпламида суратлар кесилмаси ва кўзлар жойлашуви турлича бўлиши аниқланган. [CIR]

CIR Хитойнинг дезинформация тармоғида сохта профил суратларини аниқлаш учун бир нечта усуллардан, жумладан кўзлар жойлашуви ва суратларнинг кесилишини текширишдан фойдаланган. Компьютер яратган суратлар кўзларни доим бир ерга жойлаштиради. Одатда, профилларнинг тасодифий танланган тўпламида суратлар кесилмаси ва кўзлар жойлашуви турлича бўлиши аниқланган. [CIR]

Ижтимоий тармоқдаги сохта аккаунтлар тармоғи турли муҳим масалаларда халқаро зеҳниятни ўзгартириш, хитойпараст нарративларни илгари суриш ва Хитой раҳбариятини танқид қилаётганларнинг даъволарига путур етказиш устида ишламоқда.

«Twitter, Facebook ва YouTube тармоқларидаги мувофиқлашган таъсир операциялари сохта ва қайта профилланган аккаунтлардан фойдаланмоқда», дейилади Британияда жойлашган Ахборот барқарорлиги марказининг (CIR) 5 август кунги баёнотида.

«Бу аккаунтлар томонидан кучайтирилаётган нарративлар Хитой ҳукумати расмийлари ва Хитой давлат оммавий ахборот воситалари тарафидан илгари сурилаётганларига ўхшаш», дейилади унда.

Ушбу тармоқ COVID-19 вируси, Шинжондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши, Гонконгдаги сиёсий норозиликлар, хориждаги низолар, АҚШдаги қуролга оид қонунлар ва бошқа мавзуларни бузиб кўрсатишга ўз эътиборини қаратган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзян Пекинда журналистлар саволларга жавоб бермоқда. Чжао Хитой режимининг дезинформация бўйича асосий манбаларидан бири бўлиб келган. [ГРЕГ БЕЙКЕР / AFP]

Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзян Пекинда журналистлар саволларга жавоб бермоқда. Чжао Хитой режимининг дезинформация бўйича асосий манбаларидан бири бўлиб келган. [ГРЕГ БЕЙКЕР / AFP]

«Тадқиқотимиз муҳим муаммолар, бу вазиятда Хитой манфаатини кўзлаган ҳолда халқаро тасаввурни қасддан ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларни кўрсатади», дейди CIR олиб борган тадқиқот раҳбари ва ҳисобот муаллифи Бенжамин Стрик.

Контент ҳам инглиз, ҳам хитой тилида жойлаштирилган, дейди у.

Унинг сўзларига кўра, тармоқ томонидан илгари сурилаётган нарративлар Хитой коммунистик партияси (ХКП) вакилларининг аккаунтлари ва Хитой ОАВ контентига жуда яқин.

«Тармоқнинг мақсади хитойпараст нарративларини кучайтириш орқали Ғарбни обрўсизлантириш», дейди Стрик.

CIR ҳисоб-китобларига кўра, Twitter тармоғида 300-500 та, Фейсбукда 40-55 аккаунт ва саҳифалар ҳамда YouTube тармоғида 12 та шу каби аккаунт бор.

Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилишини рад этиш

Айрим аккаунтлар Хитойнинг Шинжон вилоятидаги инсон ҳуқуқлари бузилишини бир неча марта рад этган, халқаро ҳамжамиятга кўра эса Пекин бу ҳудудда қатлиом сиёсатини олиб бормоқда.

Пекин бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларни, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшайди.

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Аммо бу муассасалар «концентрацион лагерларга» ўхшаш мажбурий қамоқхоналар экани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган.

Тўққиз нафар британиялик ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари мутахассисларидан иборат ҳайъат Хитойнинг Шинжон вилоятидаги уйғурлар ва мусулмон озчиликка нисбатан қатлиоми устида олиб борилаётган тергов доирасида гувоҳларни тинглай бошлаган.

Хитойга қарши айбловлар сирасига «қотиллик, жиддий тана ва руҳий, жумладан қийноқлар, зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонликлар, қуллик, фарзандни ота-онадан мажбуран тортиб олиш, мажбурий стерилизация, мажбурий кўчириш ёки депортация, ирқий изоляция, мажбурий меҳнат, тана аъзоларини мажбуран олиш, ғойиб бўлишлар, маданий ва диний меросни йўқ қилиш, таъқиблар, мажбуран никоҳлаш ва хитойлик хан эркакларни мажбуран уйғур оилаларга жойлаш» киради, деб хабар берган трибунал.

CIR очиқлаган сохта ижтимоий тармоқ аккаунтлари бундай айбловларни «Қўшма Штатлар ва Ғарб томонидан ўйлаб топилган уйдирмалар» деб атайди.

Хитойнинг Шинжон ва Тибетдаги этник озчиликларга нисбатан муносабати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари тараққиётининг «ёрқин намунасидир», деб баёнот берган эди мамлакат ташқи ишлар вазири Ван И феврал ойида.

Аммо Шинжон пахта саноатидаги қуллик ва мажбурий меҳнатга оид аниқ далиллар халқаро ҳамжамиятнинг эътирозига сабаб бўлар экан, муслима аёлларнинг мунтазам равишда зўрланиши, бичилиши ва таҳқирланиши халқаро миқёсда қораланган.

Сохта одамлар дезинформация тарқатмоқда

Шунингдек, бу тармоқ Graphika ижтимоий таҳлил компанияси томонидан аниқланган «Спамуфляж аждари» ташвиқот тармоғига жуда ўхшаш экани аниқланган.

Graphika тармоқ фаолиятини илк марта 2019 йилда YouTube, Twitter ва Facebook платформаларида аниқлаган эди. 2020 йил февралида эса унинг диққати COVID-19 вируси дезинформацияси томон ўзгарганини кузатган. Сохта тармоқ инлиз тилидаги видеоларни 2020 йил июндан бошлаб жойлаштирган.

Graphika хабарига кўра, 2020 йилнинг иккинчи ярмида учта ижтимоий тармоқ «жойланганидан кейин бир неча соат ўтиб, Спамуфляж постларини олиб ташлаган».

«Шунга қарамай, тармоқ кучайган ва ривожланган», дейилади февралдаги ҳисоботда.

CIR «Спамуфляж» каби аввал аниқланган тармоқлар томонидан қўлланиб келинган хештег ва усулларни солиштириб кўрган ҳамда таъсир операциясида иштирок этаётганининг белгилари бўлган қўшимча аккаунтларни аниқлаган.

Масалан, кўплаб сохта аккаунтлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган профил расмларидан фойдаланади. Ўғирланган тасвирлардан фарқли ўлароқ, компьютерда яратилган реалистик тасвирларни тескари тасвир қидируви ёрдамида топиб бўлмайди.

Бу тактикадан фойдаланиш дезинформация кампанияларида кенг тарқалиб бормоқда, чунки ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва платформалари шубҳали аккаунтларни тобора яхшироқ фарқлайдиган бўлиб боряпти.

«Твиттердаги бу таъсир операциясида аниқланган ҳисоблар StyleGAN машинавий ўрганиш технологияси асосида яратилган суратларни профил расмлари сифатида ишлатган ва ишончлироқ тасвирлар, анимациялар ва қайта ихтисослаштирилган ҳисоблардан фойдаланувчи йирикроқ ҳисоблар тармоғига таянган», деди CIR ижрочи директори Росс Бурли.

«Facebook ва YouTube тармоғидаги кўплаб ҳисоблар ҳам қайта профилланган бўлиб чиқди», деди у.

Ҳисоботда айтилишича, қайта ихтисослаштирилган профиллардан фойдаланиш шуни кўрсатдики, вақти келиб ушбу ҳисобларнинг эгалари ўзгарган – уларнинг пароллари қўлга киритилган ёки бу профиллар уларни ўғирланган шахслардан сотиб олинган.

«Буюк файрвол»ни ёриб ўтиш

Кўплаб йирик ижтимоий тармоқлар Хитойда «Буюк файрволл томонидан блоклангани боис, Пекин ижтимоий тармоқлардаги дипломатик ҳозирлигини кучайтирмоқда ва Интернетда Хитой ҳақидаги тасаввурни шакллантиришда кўпроқ конфротация ёндашувини қўлламоқда.

Тахминан икки йил аввал хитойлик дипломатлар мамлакатда YouTube, Google ва Facebook қатори тақиқланган Твиттерда жуда камчиликни ташкил қилар эди.

Мустақил тадқиқотчиларга кўра, ҳозирда Хитойнинг 200 га яқин элчихонаси ёки консуллиги ушбу ижтимоий тармоқдан фойдаланмоқда.

Шовинистик Хитой кинофраншизаси номидан олинган «Жангчи бўри» атамаси билан номланган бу дипломатлар саросима қўзғаш билан бирга, ҳам ички, ҳам ташқи муаммоларда Хитойдан айбни соқит қилиш мақсадида қарама-қарши фитна назарияларини тарғиб қилади.

Пекиннинг бу чоралари 2019 йил мартда Гонконгда Хитойга қарши намойишларнинг авж олиши ортидан бошланди ва 2020 йил январда Тайванда президентлик сайловлари олдидан кучайиб, бир неча ойдан сўнг бутун дунёда COVID-19 эпидемияси тарқалиши билан авжига чиқди.

Пекиннинг «жангчи бўрилари» асосан режим қўлловидаги сайт ва ОАВдаги контентни тарғиб қилар экан, Эрон ва Россия давлат оммавий ахборот воситалари ва ғарб «инфлюенсерлари»дан «мустақил» валидаторлар сифатида фойдаланган, деб хабар берган Брукингс институти.

Унга кўра, «ўзининг воситачи инфлюенсерлар тармоғига эга бўлмагани сабабли, Хитой ўз геосиёсий манфаатларига мос келувчи аксилғарб хабарларини тарқатиш билан бир қаторда, жавобгарликни ўзидан соқит қилиш ва зоҳирий легитимликни намойиш қилиш йўлида Россия, Венесуэла ва Эроннинг давлат ОАВлари ҳамда расмий ҳукумат аккаунтларидан фойдаланган».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500