Карвонсарой
Таълим

Россиянинг тарихни қайтадан ёзиш уринишлари Қирғизистонда хавотирга сабаб бўлмоқда

Канат Алтинбаев

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг «1-Б» синфи ўқитувчиси Зарина Капарова ўтган йил 1 сентябр кунги дарсда Қирғизистон ҳақидаги кўргазмали материалларни намойиш этмоқда. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Чуй вилояти, Панфилов тумани, Курпулдўк қишлоғи, К. Ибраималиев номидаги мактабнинг «1-Б» синфи ўқитувчиси Зарина Капарова ўтган йил 1 сентябр кунги дарсда Қирғизистон ҳақидаги кўргазмали материалларни намойиш этмоқда. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

БИШКЕК – Рус тили дарсликлари ва ўқув қўлланмаларини давлат манфаатларига мослаштириш ва ҳатто рус бўлмаган халқлар яшайдиган жойлар ва мамлакатларда ҳам уларни бир қолипга солиш ҳаракатлари қирғизистонлик таҳлилчиларининг хавотирига сабаб бўлмоқда.

30 июл куни Россия президенти Владимир Путин «тарихий хотирани сақлаш ва тарихга оид маърифий ишларни ривожлантириш масаласига тизимли ва фаол ёндашиш мақсадида Россия Федерациясининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган» Тарихни ўқитиш бўйича идоралараро комиссияни таъсис этган.

Комиссия Россия манфаатларига путур етказувчи «хорижий тузилмалар фаолиятини» таҳлил қилади ва «аксилташвиқот кампанияларини» ташкиллаштиради.

Унинг таркибига Путин администрацияси, куч ишлатар идоралар ва турли вазирликлар вакиллари киритилган.

Қирғизистонлик кузатувчилар Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакат тарихини қайта ёзишга оид сўнгги чораларидан ташвишга тушганлар. 2018 йилда Москва мактабларининг бирида олинган сурат. [Москва шаҳар мэрияси]

Қирғизистонлик кузатувчилар Россия президенти Владимир Путиннинг мамлакат тарихини қайта ёзишга оид сўнгги чораларидан ташвишга тушганлар. 2018 йилда Москва мактабларининг бирида олинган сурат. [Москва шаҳар мэрияси]

Илгари жамоатчилик эътиборига тушган Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский комиссия раиси этиб тайинланган.

Россия илмий доираларида плагиатга қарши курашувчи кўнгиллилар гуруҳи – Dissernet таҳлилчиларининг фикрича, 2011 йилда Мединский томонидан тақдим этилган докторлик диссертациясида сезиларли хатолар, ноаниқликлар ва очиқдан-очиқ плагиат бўлган.

Бироқ, 2017 йилда ўша пайтдаги Таълим ва фан вазирлиги Мединскийни илмий унвонидан маҳрум қилишдан бош тортган.

Мединский шу йил март ойида Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация Кенгашига «Буюк рус ерлари қандай қилиб Украина, Қозоғистон ва ҳатто Белоруссияга ўтиб қолганини» текшириш таклифини бериб, халқаро можаро марказига тушиб қолган эди.

Россия ва Қирғизистондаги хавотирлар

Ўтмишда Совет Иттифоқи, жумладан, Марказий Осиё давлатларида юз берган фожиаларни бузиб кўрсатиш узоқ йиллар давомида Путин режимининг ўзига хос белгиларидан бири бўлиб келган.

Кремлнинг тарихни ўргатиш бўйича янги сиёсати ўтмишни бугунги кунни қойилмақом қилиб кўрсатадиган тарзда тасвирлайди, деган эди россиялик тарихчи ва телебошловчи Николай Сванидзе август ойида Озодлик радиосининг рус хизмати эфирида.

«Бу тарих [подшоҳ] Николай I даврида ажойиб эди, у Сталин даврида ҳам ажойиб бўлган, бугунги кунда ҳам қойилмақом – комиссия шу нуқтайи назарни ёқлайди», дейди Сванидзе. «Бундай қарашдан чекинадиганларни қўли, боши, танасининг бошқа қисмларига аёвсиз уради. Шу боис, бу хавфли комиссия бўлиши шубҳасиз.»

Комиссия таркибида куч тузилмалари вакилларининг бўлиши маърифий ишлардан разведка ишларига ўтилишини англатади, деди телебошловчи Михаил Соколов Озодлик радиосининг «Ҳодисалар билан юзма-юз» дастурида.

«Чора кўриш, муайян ҳаракатларни амалга ошириш, аксилташвиқот. Кейинчи? Ҳақиқат вазирлигими ёки тарғибот вазирлиги?» деди Соколов.

Кремлнинг тарихни сиёсийлаштиришга уриниши Қирғизистон учун ҳам салбий оқибатларга олиб келиши мумкин, дейди қирғиз кузатувчилари.

Ушбу постсовет республикасининг ўзи диктатор Иосиф Сталин даврида оммавий қатллар ва бошқа террор чораларининг қурбони бўлган.

Россия режими бу борада сиёсатни янада қатъийлаштиришда давом этмоқда, дейди бишкеклик сиёсатшунос Аскат Дукенбаев.

«Улар энди ўтмишдаги воқеаларни режим учун манфаатли талқин қилишга ҳам етиб келдилар», деди Дукенбаев Карвонсаройга. «Маълумки, ким ўтмишни назорат қилса, келажакни бошқаради, ким бугунги кунни назорат қилса, ўтмишни ҳам бошқара олади».

«Аммо Путин тарихчиларининг фаолияти нуқтаи назаридан қарасак, «ким ўтмишни назорат қилса, ҳозирги кунни бошқаради», деб қўшимча қилса ҳам бўлади.»

Қирғизистондаги янгиликлар ва ижтимоий тармоқлар ҳамон Россия билан боғланган ва Кремлнинг уларга таъсири ҳали ҳам кучли, деди Дукенбаев.

Унинг сўзларига кўра, «Мединский комиссияси» Путин қайта тикламоқчи бўлган Россия империяси тарихини идеаллаштиришни мақсад қилган.

«Буни масалан, Қирғизистондаги кремлпараст ОАВ саҳифаларида кўриб турибмиз. Улар бир неча йиллардан бери совет ўтмишини улуғлаб, мустақил Қирғизистоннинг постсовет давридаги қийинчиликларига яширин ёки очиқ-ойдин ишора қилиб келмоқда», деди Дукенбаев.

«Афсуски, Россия трендининг ахборот майдонимизга салбий таъсири кучаймоқда, чунки Қирғизистонда мустақил, профессионал тарихий фикрлаш мактаби мавжуд эмас», деб қўшимча қилди у.

«Шу боис ҳам, эҳтимол, айрим таниқли тарихчиларимиз россиялик ҳамкасбларининг эскирган ҳикояларини кўр-кўрона такрорлашни давом эттирмоқдалар.»

Россиянинг амалдаги чоралари

Қирғизистонда аллақачон Россиянинг ўқитувчилари бор, шунингдек, қирғизистонлик мактаб ўқувчиларига таъсир кўрсатишнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд.

2019 йилда Қирғизистонда «Хориждаги рус тили ўқитувчиси» дастури ишга туширилган эди. Ҳар йили россиялик ўқитувчилар Қирғизистон шаҳарларига келиб, Россия ўқув дастурлари бўйича таълим беради.

МДҲда гуманитар лойиҳаларни амалга оширадиган, Россиянинг «юмшоқ куч» сиёсати воситаси сифатида танилган «Россотрудничество» агентлиги қирғизистон мактабларига рус тили, адабиёти ва тарихи бўйича дарсликлар, шунингдек рус грамматикасига оид китобларни тарқатмоқда.

Бундан ташқари, у мамлакатдаги болалар боғчаларига рус тилидаги болалар адабиётлари, болалар нутқини ривожлантириш учун қўлланмалар ва кўргазмали қуроллар тақдим этади.

Қирғизистонлик болалар хорижий мафкурачилар тайёрлаган тарихни ўрганиши эмас, балки миллий таълим дастури бўйича ўқитилиши керак, дейди Жалолобод шаҳридаги 2-мактабнинг тарих ўқитувчиси Анора Исмоилова.

«Нега энди болаларимиз Россия манфаатларига мос келадиган тарихни ўрганиши керак?» дейди Исмоилова Карвонсаройга. «Улар бизнинг келажагимиз ва ҳақиқий тарихий фактларни, хусусан, халқимизнинг Россия империяси билан муносабатлари қандай бўлганини билишлари керак».

Қирғизистон ҳукумати Россиянинг қирғиз мактабларига агрессив таъсирини назорат қилиши ва чеклаши керак, деди Исмоилова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 5

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Путинизм - бу янгиланган монархия ва чириган советчиликдан ташкил топган гибрид

Жавоб бериш

Ҳаммаси Россиянинг бефойда ҳаракатлари

Жавоб бериш

Россиядан қанча узоқ бўлса, шунча яхши.

Жавоб бериш

Россия империалистик руҳга эга. Шуни унутмаслик керак

Жавоб бериш

Демак бу ўликнинг шашти.

Жавоб бериш