Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ва Бирлашган Қироллик Навалнийнинг заҳарланиши масаласида Кремлга нисбатан санкцияларни кучайтирмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Полициячилар 14 август куни Москвада «Алексей Навалнийга озодлик» ёзувли плакат кўтарган аёлни ҳибсга олишган. [Димитар Дилкофф/AFP]

ЛОНДОН – Ўтган жума (20 август) куни қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навалнийнинг заҳарланиб ҳалок бўлаёзгани билан боғлиқ воқеага бир йил тўлар экан (Ғарб бу ҳодисада Москвани айблаб келади), Буюк Британия ва АҚШ Россиянинг бир қанча амалдорлари ва ташкилотларига нисбатан санкциялар жорий қилди.

Қўшма санкциялар остига тушган шахсларнинг барчаси Россия миллий хавфсизлик хизмати, КГБнинг вориси бўлган ФСБ ходимлари бўлиб, улар 2020 йилнинг 20 август куни Навалнийга асабни фалажловчи модда билан ҳужум режалаштириш ёки амалга оширишда айбланган.

Ўтган йилнинг октябр ойида олти киши ва бир ташкилотни қора рўйхатга киритган Британия заҳарлаш амалиётига алоқадорлиги учун етти кишини нишонга олар экан, жазо чораларининг иккинчи босқичида уларнинг активларини музлатиб қўйиши ва мамлакатга сафар қилишини тақиқлаши мумкин.

Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўз Телеграм каналида бу санкцияларни қоралаб, уларни «бир тарафлама ва ноқонуний» деб атади.

image

26 май куни олинган сурат: қамоқ муддатини ўтаётган Кремл танқидчиси Алексей Навалний Москвадан 120 км узоқликда жойлашган Петушки шаҳрида ўтказилган суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этмоқда. [Dimitar DILKOFF/AFP]

«Россия бир неча бор Буюк Британия ва унинг шерикларини бу борадаги барча далилларни тақдим этишга чақирди», деб қўшимча қилди у.

«Аммо Британия ва унинг шериклари бу чақириқларни эътиборсиз қолдириб келмоқда.»

Бу мамлакатга Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ҳам март ойида ўз санкцияларини эълон қилган эди.

Ғарб давлатлари разведка идоралари ўтган йил «юқори даражадаги ишонч» билан ФСБ ходимлари Навалнийни асабни фалажловчи «Новичок» билан заҳарлаган, деб топган эди.

Диссидентни даволаш учун Германияга олиб боришган, лекин январ ойида у намойишкорона тарзда ватанига қайтган ва ҳибсга олиниб, ахлоқ тузатиш колониясига жўнатилганди.

«Мудҳиш қонунбузарликлар»

Охирги санкциялар «Россия давлати тарафидан кимёвий қуролнинг ишга солиниши билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат халқаро ҳуқуқбузарлик экани ҳақида аниқ муждадир», деди Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.

У заҳарланиш ҳолати бўйича «ошкора жиноий тергов» ўтказиш кераклигига оид Ғарбнинг чақириқларини такрорлаган.

«Биз Россияни «Новичок» моддасининг тўлиқ захирасини эълон қилишга чақирамиз», деди Рааб кимёвий қурол қўллаш жазосиз қолмаслигини кераклигини таъкидлаб.

«Навалнийнинг заҳарланиши кимёвий қурол қўллашга қарши халқаро қонунчиликнинг даҳшатли тарзда бузилиши ва ўзгача фикрни бўғишга қаратилган Россия кампаниясининг бир қисмидир», дейди АҚШнинг хорижий активларини назорат қилиш бошқармаси раҳбари Андреа Гацки ўз баёнотида.

«Биз Россияни Кимёвий қуроллар конвенцияси (CWC), жумладан ўз кимёвий қуроллари дастурини эълон қилиш ва уни йўқ қилишга оид мажбуриятларига тўлиқ амал қилишга чақирамиз», дейилади баёнотда.

Британия ва Қўшма Штатлар томонидан айбланган янги шахслар қаторида ФСБ ходимлари Алексей Александров, Владимир Панаев ва Иван Осиповлар бор.

Транс-Атлантик иттифоқчиларнинг даъво қилишича, суиқасдга уринишдаги «асосий фигуралар» бўлган бу трио Навалний заҳарланган вақтда Россиянинг Томск шаҳрида бўлган.

Яна тўрт нафар юқори лавозимли расмийлар, жумладан ФСБ генерал-майори, генерали ва полковнигига нисбатан санкциялар эълон қилинган.

Вашингтон эса Буюк Британиянинг қора рўйхатига кирмаган Артур Жиров ва Константин Кудрявцевларга нисбатан санкция қўллаган.

Шунингдек, Қўшма Штатлар заҳарланишда гумон қилинганларнинг аксари турли даражада алоқадор бўлган Россия давлат экспериментал ҳарбий тиббиёт институти ва ФСБ криминалистика институтини ҳам нишонга олган.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилиши ортидан Ғарб қатор санкциялар эълон қилди, кейинги санкциялар эса Москва ва Ғарб ўртасидаги алоқаларнинг янада ёмонлашувига олиб келди.

Лондоннинг Москва билан муносабатлари эса 2006 йилда Британия пойтахтида собиқ жосус Александр Литвиненконинг радиактив модда билан заҳарланиши ортидан совуқлашган эди.

У вафотидан аввал қолдирган хабарда ўз ўлимида Путинни айблаган.

2018 йил Англиянинг Солсбери шаҳрида собиқ икки томонлама жосус Сергей Скрипал ва унинг қизига «Новичок» ёрдамида уюштирилган суиқасддан кейин муносабатлар янада ёмонлашди.

Бу икки пойтахтдан ҳам дипломатларнинг ҳайдалишига олиб келди.

Россия март ойида Ғарб давлатларига нисбатан эълон қилган жазо чораларидан кейин уларни «олов билан ўйнашмасликка чақирган».

«Мутлақо бемаъни»

Навалнийнинг ҳибсга олиниши ва Кремлнинг ўзгача фикрни бўғиши Марказий Осиёда салбий баҳоланган.

9 июн куни Москва суди Навалнийнинг минтақавий идоралари ва унинг Коррупцияга қарши кураш фондини (ФБК) «экстремистик» деб топди ва уларнинг Россиядаги фаолиятини тақиқлади.

Апрел ойида прокурорлар Навалнийнинг ташкилотларини «экстремистик» деб топишни талаб қилганлар. Уларга кўра, бу гуруҳ Ғарб ёрдамида қўзғолон бошлашни режалаштирган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) нафақадаги зобити олмаоталик Арат Нарманбетов айбловлар ва суд қарорни «мутлақо бемаъни» деб атаган.

Навалнийни заҳарлашга уриниш муваффақиятсиз якунлангач, Кремл энди унинг мамлакатда коррупцияга қарши курашаётган ташкилотларини таъқиб қилмоқда, дейди Нарманбетов.

Бош прокурорнинг қарори кутилмаган бўлди, деган эди чимкентлик фаоллардан бири Қуаниш Сатаев июн ойида.

«Улар Россиядаги шароитни оғирлаштирмоқдалар, «Медуза» мухолиф нашрини хорижий агент деб белгиладилар, «Ведомости» журналистлари яратган лойиҳани ахборот майдонидан сиқиб чиқаришди, Навалнийни заҳарлашди, суд қилишди, энди унинг тарафдорлари экстремизмда айбланмоқда», дейди у.

Бу ҳаракатлар Россия ҳукуматининг ҳар қандай шаклдаги ўзгача фикрга тоқатсизлиги ифодаси бўлиб, у бир йил аввалгига нисбатан анча кучайган, дейди Сатаев.

«Россия ҳукумати мамлакат ҳудудида жаноб Навалнийга қарши кимёвий қурол ишлатилганини тергов қилмагани ва ҳолатни аниқ тушунтирмаганидан афсусдамиз», дейилади АҚШ давлат департаменти баёнотида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500