Карвонсарой
Терроризм

Байден Кобулдаги худкушлик ҳужумлари ташкилотчиларини топишга ваъда бермоқда

Карвонсарой ва AFP

image

26 август куни Кобул аэропорти яқинида иккита кучли портлаш содир этилди. Суратда: Касалхона олдида машина юкхонасидан жасадларни тушираётган кўнгиллилар ва тиббиёт ходимлари. [Вакил Коҳсар/AFP]

АҚШ президенти Жо Байден пайшанба (26 август) куни «Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси тарафидан Кобул аэропортида содир этилган худкушлик ҳужумлари ташкилотчиларини топишга ваъда берди.

Пайшанба куни Толибон назорати остидаги Афғонистондан эвакуация жараёнининг охирги кунларида Кобулдаги Ҳамид Карзай номидаги халқаро аэропорт олдидаги издиҳом ичида иккита портлаш содир бўлган, оқибатда камида 85 киши, жумладан 13 нафар америкалик аскар ҳалок бўлди.

Ҳалок бўлганларнинг 10 нафари АҚШ денгиз пиёда жангчилари эди, деди денгиз пиёда қўшинлари вакили, майор Жим Стенгер.

Жума куни одамлар касалхоналардан бедарак йўқолган қариндошларини излар экан, қурбонлар сони ошиши мумкин, деган хавотир мавжуд эди.

image

Тиббиёт ва шифохона ходимлари 26 август куни Кобулдаги аэропорт ташқарисидаги портлашлардан жароҳатланган одамни даволаш учун машинадан олиб чиқмоқда. [Вакил Коҳсар/AFP]

image

26 август куни Кобул аэропортида ўнлаб одамлар, жумладан, 13 америкалик аскарни ҳалок қилган иккита худкушлик портлаши содир бўлган жойда эвакуацияни кутаётган афғонларнинг рюкзаклари ва бошқа буюмлари кўринмоқда, 27 август куни олинган сурат. [Вакил Коҳсар/AFP]

«Бу ҳужумни уюштирганларга ҳам, Америкага ёмонлик тиловчиларга ҳам айтадиганимиз шу: биз буни кечирмаймиз. Биз буни унутмаймиз. Сизни албатта топамиз ва жавобгарликка тортамиз», деди Байден.

Унинг айтишича, Қўшма Штатлар Афғонистондан минглаб тинч аҳолини эвакуация қилиш миссиясидан қайтмайди ва 31 августга қадар Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиш муддатига риоя қилади.

Жума куни парвозлар қайта тикланган. 15 августда Толибонлар ҳокимият тепасига келганидан бери 100 мингдан ортиқ одам Афғонистондан олиб чиқилган.

Пайшанба куни қуёш ботаётган маҳал Кобул аэропортининг асосий дарвозаси яқинида содир этилган портлашни «Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси ўзининг Amaq ахборот агентлиги орқали бўйнига олган.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби «мураккаб ҳужум» деб таърифлаган бу икки портлаш Ғарб расмийлари аэропортга қарши худкушлик ҳужуми режалаштирилгани ҳақида маълумотларни эълон қилганидан бир неча соат ўтиб юз берган.

Портлашлардан бири аэропортнинг асосий кириши бўлган Эбби дарвозаси олдида, ва яна «камида битта портлаш тахминан 200 м нарироқда, Барон меҳмонхонаси ёки унинг ёнида содир бўлди», деди Кирби.

Барон меҳмонхонаси 14 август куни эвакуация бошланганидан бери айрим давлатлар учун плацдарм вазифасини ўтаб келган.

Ўша куни эртароқ АҚШ ҳукумати ва унинг иттифоқчилари ўз фуқароларини аэропортни тарк этиш ҳақида огоҳлантирган эдилар.

АҚШ ва унга иттифоқчи мамлакатлар расмийлари пайшанба куни ИС-К билан алоқадор худкушлар 31 август – эвакуация муддати тугашидан олдин аэропортга ҳужум билан таҳдид қилаётгани ҳақида маълумотга эга эканликларини айтганлар. Байден «Ислом давлати»нинг Хуросон шўъбаси томонидан «кескин» террор таҳдиди мавжудлигини баён қилган.

Белгия бош вазири Александр Де Кроу худкушлар таҳдидига ишора қилган, Буюк Британия ҳам ўз фуқароларини огоҳлантирган.

Яқинлашиб келаётган террор таҳдиди ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, Толибондан қочиш илинжидаги оломон аэропортда тўпланишда давом этган.

Аэропорт атрофидаги хунрезликлар

Портлашлар аэропорт атрофидаги оломон ичида содир бўлган, оқибатда айрим қурбонлар саёз ва қўланса ҳидли ариққа юзтубан йиқилганлар.

«Аэропорт атрофидаги ариқ ичига жасадлар ва одамларнинг қолдиқлари тушган», деди биринчи портлаш жойида бўлган ва ўзини Милод деб таништирган шахс AFPга.

Қутқарувчилар қонга беланган кийимдаги жароҳатланганларни араваларда олиб кетишган, тирик қолганлар эса эсанкираган ҳолатда яқинларини қидириб бақирар эдилар.

Бир киши ҳушини йўқотган ярадорни елкаси билан ушлаб, бошини ифлос сувга кириб кетишдан ҳимоялаб турар эди.

«Одамлар портлаш овозини эшитиб, ваҳимага тушдилар. Толибон эса терминалдаги одамларни тарқатиш учун осмонга қарата ўқ ота бошлади», деб айтган шахсини очиқлашни истамаган гувоҳ AFP нашрига.

«Қўлида жароҳатланган болани кўтариб кетаётган эркакни кўрдим.»

Эркаклар, аёллар ва болалар воқеа жойидан қочар экан, осмонга қуюқ тутун кўтарилган.

Италиянинг «Emergency» нодавлат ташкилотига қарашли Кобулдаги шифохонага 60 дан ортиқ ярадорлар етказилган, улардан 16 та аёл йўлда вафот этган.

Яраланганлар «гапира олмас, кўпчилиги даҳшатда эди», деб ёзади шифохона тиббий координатори Алберто Занин гуруҳнинг Twitter аккаунтида.

Шифохонага етказилган жароҳатланганлар «ҳаммаси оддий фуқаролар: аёллар ва болалар» эди, деб айтган «Emergency» президенти Росселла Миччо.

Баёнотда АҚШ Давлат департаменти вафот этганлар, жумладан «бошқа мамлакатда янги ҳаётни бошлаш умидида аэропортга йиғилган афғонлар» юзасидан уларнинг яқинларига «ўз ҳамдардлигини» билдирди.

ИДнинг Хуросон шўъбаси ваҳшийликлари тарихи

АҚШ аскарларининг кетиши билан ўз ҳокимиятини шакллантиришни режалаган Толибон АҚШ етакчилигидаги кучларга ҳаво орқали эвакуация учун имкон яратиб берган эди.

Аммо Толибоннинг қонли рақиби, ўтмишда ваҳший ҳужумлари билан танилган ИДнинг Хуросон шўъбаси Кобулдаги тартибсизликдан фойдаланиб қолмоқчи бўлди.

«Ўтган кечада юз берган ҳужумлар яна бир бор ҳеч қайси гуруҳ Афғонистонда зўравонликни бутунлай енгиш ва у ердаги хавфсизликка даъво қила олмаслигини кўрсатди», дейди Сингапурдаги Ражаратнам халқаро тадқиқотлар мактаби илмий ходими Абдул Босит.

«Бу одамлар Толибондан ҳам ашаддийроқ ва умуман олганда Толибонга ҳам душман. Шундай экан, вазият оғир», дейди Австралия ташқи ишлар вазири Питер Даттон ИДнинг Хуросон шўъбасини назарда тутиб.

Сўнгги йилларда ИДнинг Хуросон шўъбаси масжидларда, зиёратгоҳларда, жамоат жойлари ва ҳатто шифохоналарда ҳам тинч аҳоли ўлдирган. Гуруҳ ўзи куфрда айблаган фирқаларга мансуб мусулмонларни, жумладан шиаларни нишонга олади.

2014 йилда ИД Ироқ ва Сурияда халифалик ўрнатганини эълон қилганидан бир ой ўтиб ажраб чиққан Покистоннинг толибон жангарилари Афғонистондаги жангарилар билан қўшилиб, минтақавий гуруҳ тузади ва ИД етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга байъат беради.

Бу воқеадан бир йил ўтиб, Афғонистон шимоли-шарқида, хусусан Кунар, Нангархор ва Нуристон вилоятларида илдиз отиши ортидан, ИДнинг марказий раҳбарияти Хуросон шўъбасини расман тан олган.

Шунингдек, у Покистон ва Афғонистон, жумладан Кобулда ҳам «уйқудаги» бўлинмаларни тузган, дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кузатувчилар.

«Хуросон» ҳудуднинг тарихий номи бўлиб, ҳозирги Покистон, Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиёни ўз ичига олган.

Ўтган йил ИДнинг Хуросон шўъбаси дунёни ларзага солган ҳужумда айбланган, ўшанда қуролланган жангарилар Кобулда асосан шиалар яшайдиган маҳалладаги туғруқхонага бостириб кириб, 16 нафар она ва ҳомиладор аёлни ўлдиргани айтилади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500