БИШКЕК – Пайшанба (26 август) куни АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси тарафидан умумий қиймати 44 минг доллардан ортиқ индивидуал ҳимоя ашёларини топшириши маросими бўлиб ўтди, дейилади элчихонанинг жума кунги баёнотида.
Хайрия ёрдами АҚШ Мудофаа вазирлиги ва АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) номидан Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (ФВВ) тақдим этилган.
Ниқоблар, ҳимоя кўзойнаклари ва бутун тана учун мўлжалланган костюмларни ўз ичига олган жиҳозлар ФВВ ходимларини COVID-19дан ҳимоялашга хизмат қилади.
Маросимда Фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Калис Ахматов ва бошқа қирғиз расмийлари билан бирга, элчихонанинг мудофаа ишлари бўйича катта ходими, подполковник Кейт Макки ҳам иштирок этди.
Шахсий ҳимоя воситаларидан иборат бу етказма COVID-19га қарши кураш бўйича АҚШнинг Қирғизистонга кўрсатган 5 миллион доллардан ортиқроқ ёрдамининг бир қисмидир, деди Макки. «Келажакда Қирғизистон Республикаси билан биргаликда ишлаш ва тайёрлаш имкониятларининг кенгайишидан умидвормиз.»
Аҳматов шахсий ҳимоя воситаларини топширгани учун Қўшма Штатларга миннатдорчилик изҳор этган.
«Бунгача вазирлик ва Қирғизистон республикасидаги АҚШ элчихонаси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида табиий офатлар хавфини камайтириш ва Қирғизистон фавқулодда қутқарув ходимлари малакасини ошириш соҳасида сезиларли натижаларга эришилган эди», деди у.
«Фуқаролик муҳофазаси тизими ривожланган кучли хорижий давлатлар тажрибаси фавқулодда қутқарув ходимларининг касбий малакасини ошириш, умуман вазирлик салоҳиятини кучайтириш нуқтайи назаридан биз учун доим қизиқ», дейди Аҳматов.
«Бу борада икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришдан жуда манфаатдормиз», деб қўшимча қилди у.
30 йиллик ҳамкорлик
Қўшма Штатлар ва Қирғизистон 30 йилдан бери хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилиб, табиий офатларга тайёргарлик ва трансмиллий таҳдидларга қарши кураш каби муаммоларни ҳал этиб келмоқда.
Ўтган йилнинг декабрида АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари (CDC) Қирғизистоннинг COVID-19га қарши кураши доирасида Бишкек, Норин, Ўш шаҳарлари ва Отбоши туманига жами 652 минг долларлик (53,9 млн. қирғиз сўми) лаборатория ашёлари ва ускуналарини етказиб беришни бошлаган эди.
Етказиб берилган жиҳозлар 10 дона ПЦР ускунасини ҳам ўз ичига олган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 300 минг доллардан (24,8 миллион қирғиз сўми) ошади.
Бу ёрдам Қирғизистоннинг кунлик COVID-19 тест олиш имкониятини 2700 тага етказишга қаратилган.
Хайрия ёрдами Қирғизистонга CDC томонидан ваъда қилинган 1,38 миллион долларлик (114,1 миллион қирғиз сўми) ёрдамнинг бир қисми ҳисобланади.
АҚШ – буюк мамлакат.
Жавоб беришФикрлар 1