Карвонсарой
Сайловлар

Сайловлардан аввал ҳукмрон партияни қўллаб-қувватлашлари учун Путин полиция ва ҳарбийларга пул бермоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Кремл танқидчиси Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаш намойиши иштирокчисини қўлга олаётган полициячилар, Санкт-Петербург, 21 апрел. Россия президенти Владимир Путин 31 август куни, кейинги ойда парламент сайловларида машҳурлиги пасайиб бораётган Ягона Россия партиясини қўллаб-қувватлаши учун, ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимига 200 АҚШ долларидан беришни буюрди. [Ольга Мальцева/AFP]

МОСКВА – Россия президенти Владимир Путин кейинги ой бўлиб ўтадиган парламент сайловлари олдидан машҳурлиги тушиб кетган Ягона Россия партиясини қўллаб-қувватлаш мақсадида, сешанба (31 август) куни ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси зобитлари ва армия хизматчиларга 200 АҚШ долларидан тўлаш ҳақида буйруқ чиқарди.

Сентябр ойида Давлат Думаси учун бўлиб ўтган сайловлардан аввал пенсионерларга 135 АҚШ доллари миқдорида бир марталик нафақа берилган, ўшанда тобора кўтарилаётган нархлар ва камайиб бораётган маошлар туфайли Ягона Россия партиясининг рейтинги кескин тушиб кетган эди.

Россия ҳуқуқий ахборот порталига кўра, Путин ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг «ижтимоий ҳимояси» учун сентябр ойида уларга 15 минг рубл (200 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик нақд пул маблағини бериш ҳақидаги қарорни имзолаган.

Бу тўловлар ўсиб бораётган инфляцияни жиловлаш муаммолари юзага чиқаётган бир вақтга тўғри келди. 2020 йилнинг охиридан бери Путин ҳукуматга кўтарилиб кетаётган нархларни назорат қилиш бўйича бир неча бор буйруқлар берган.

Йиллик инфляция миқдори 6,5 фоизга чиққан, деб хабар беради июн ойида асосий фоиз ставкасини шу кўрсаткичга олиб чиққан Марказий Банк, бу 2014 йилги валюта инқирозидан кейин энг катта ўсишдир.

2018 йилда баҳсли пенсия дастурининг қабул қилиниши ва мамлакат иқтисодининг турғунлашуви ортидан, сўнгги йилларда «Ягона Россия»нинг рейтинги туша бошлаган.

Давлатга қарашли ВЦИОМ – Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш марказига ўра, ҳукмрон партия 30 фоиз овоз тўплаган, бу 2016 йилда қуйи палата сайловларидаги натижалардан 10 та пункт пастроқ.

Мазкур партия давлат Думасида 75 та ўринга эгалик қилади, қолгани Кремл буйруқларини бажарувчи партияларга тегишли.

Босимлар

Сентябр сайловлари олдидан Россия ҳукумати мухолифат ва мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан босим ўтказмоқда.

Ҳибсдаги Алексей Навалнийнинг ташкилоти «экстремистик» деб топилиб, мамлакатда фаолияти тақиқланган ва унинг асосий иттифоқдошлари мамлакатни тарк этишган.

Бу орада етакчи мустақил ОАВ жумладан, «Медуза» веб-сайти ва «Дождь» телеканали «хорижий агентлик», «Проект» суриштирув лойиҳаси эса «исталмаган ташкилот» деб топилган.

Июн ойида Навалнийнинг минтақавий идоралари ва унинг коррупцияга қарши кураш жамғармасининг (ФБК) «экстремистик» деб топилиши сиёсий мотивлар билан боғлиқ, дейди Марказий Осиёлик кузатувчилар.

Суд қарори «мутлақо бемаъни», деб айтган ўша вақтда Олмаотада яшовчи Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) истеъфодаги зобити Арат Нарманбетов.

Навалнийни заҳарлашга қаратилган муваффақиятсиз уринишдан сўнг, Кремл энди унинг мамлакатда коррупцияга қарши курашадиган ташкилотларини ҳам таъқиб қилмоқда, деди у.

Нарманбетовнинг таъкидлашича, ФБКни «экстремистик ташкилот» деб топиш билан Россия бош прокуратураси уни «ҳақиқий экстремистлар, ўтакетган каллакесарлардан» иборат «Ислом давлати» (ИД) билан тенглаштирмоқда.

«Коррупцияга ботган амалдорлар, жумладан Россиянинг айрим давлат хизматчилари эса... экстремистлар деб тан олинмайди, аслида улар террорчилардан ҳам баттар», деди у.

Москва судининг қарори мутлоқ сиёсий характерга эга, чунки судьялар Кремлнинг фикрига мос равишда қарор чиқаришди, деб айтган эди шунингдек июн ойида Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

«Навалний бошчилигидаги ФБК ахборот кампанияси россияликларнинг Владимир Путинга ишончини кескин пасайтириб юборди», деди у, жумладан Қора денгиз бўйидаги Путинники деб иддао қилинган «порахўрлик қасри» ҳақидаги YouTube видеолавҳасини назарда тутиб.

«Навалний фондининг шу ва бошқа ҳаракатлари Путин ҳокимиятининг легитимлигига жиддий путур етказди», деди Раббимов.

«Шу тариқа Кремлнинг Россияда чиндан ҳам коррупция ва авторитаризмга қарши курашаётган мустақил жамғарма фаолиятини қонун даражасида тақиқлашдан бошқа чораси қолмади.»

Умрбод президент

Йигирма йилдан ортиқ ҳукмрон бўлган Путин апрел ойида ҳокимиятда яна икки маротаба олти йиллик муддатга сайланиш имконини берувчи қонунни имзолади, бу эса унга 2036 йилга қадар ҳокимиятни бошқаришга имкон яратди.

Яна икки марта президент этиб сайланса ва ўшанда ҳам тирик бўлса, Путин 84 ёшга тўлган бўлади. Шунингдек, бу Буюк Пётр давридан бери Иосиф Сталиндан кейин энг узоқ давом этган ҳукмронлик бўлиши мумкин.

Қонун президентлик муддатларини «нолга тенглаштиради» ва Путинга жорий – иккинчи муддати тугаганидан кейин – 2024 йилда ҳам яна президентликка сайланиш имконини беради.

Путин 2000 йилдан 2008 йилгача икки марта тўрт йиллик муддатдан президент бўлган. Унинг иттифоқдоши Дмитрий Медведев эса 2008 йилда унинг ўрнини эгаллаган, танқидчилар буни икки марта қайта-қайта президент бўлиб сайланиш чекловини айланиб ўтиш йўли деб атаганлар.

Аммо Медведев президентлиги даврида Путин тахт ортида туриб ҳукумат тепасида қолган ва бош вазир лавозимини эгаллаган.

Медведев ўз ҳукмронлиги даврида кейинги президентдан бошлаб ваколат муддатини олти йилга узайтирадиган қонунга имзо чекди.

Путин 2012 йилда Кремлга қайтган ва 2018 йилги сайловларда ғалаба қозонган.

Муддатни «нолга тенглаштириш» популистик иқтисодий чоралар ва бир жинсли никоҳларга нисбатан демагогик тақиқни ўз ичига олган конституцион ислоҳотларнинг бир қисми эди.

Якунда расмий рақамларга кўра, россияликларнинг 78 фоизи ислоҳотларни ёқлаб овоз беришган.

Кремл мухолифатчилари ислоҳотлар Путинга «умрбод президент» бўлишга имкон берувчи баҳона бўлганини айтишади.

«Улар одамлар тузган қонунни ўзгартира олган бўлсалар, табиат қонунини ҳам ўзгартира оламиз, деб ўйлайдилар», деб ёзган мухолифатчи сиёсий арбоб Евгений Ройзман апрел ойида ўзининг Twitter саҳифасида.

Ҳукуматингизнинг Россияга қарамликни олдини олиш ёки уни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайсизми?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ахир, бу қонунбузарлик ва овозларни сотиб олиш; бу сайлов ноқонуний.

Жавоб бериш