Карвонсарой
Хавфсизлик

Толибоннинг ҳокимиятни эгаллагани қўшни постсовет мамлакатларда эски хавотирларни жонлантирмоқда

Карвонсарой ва AFP

31 август кунги намойишда Кобул кўчаларининг бирида тўпланган Толибон жангарилари. [Хошанг Ҳошимий/AFP]

31 август кунги намойишда Кобул кўчаларининг бирида тўпланган Толибон жангарилари. [Хошанг Ҳошимий/AFP]

ТЕРМИЗ, Ўзбекистон – Толибоннинг Афғонистонни эгаллаб олиши унга қўшни постсовет мамлакатларда нохуш хотираларни олиб келди – улар ҳам экстремистик таҳдид, ҳам қочқинлар билан боғлиқ инқироздан хавотирга тушмоқда.

Гарчи жангари гуруҳ Афғонистондан ташқаридаги ҳудудлар учун ҳеч қачон курашмаган бўлса-да, унинг ҳукмронлиги бундан йигирма йил аввал ҳам қўшни Марказий Осиёда мавҳумликлар пайдо қилган эди.

Минтақа аҳолиси янги қўшниларнинг келишига тайёргарлик кўрар экан, мамлакатлар ҳукуматлари ҳудудга яна беқарорлик ёйилиши мумкинлигидан ташвишда.

«Қочқинлар келадиган бўлишса, уларга ўз уйимизни, нон-тузимизни берамиз», дейди Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош Термиз шаҳрида яшовчи 26 ёшли тадбиркор Абдуалазиз Мухамаджонов. «Бошқа нима ҳам қилардик?»

15 август куни олинган сурат: Термиз яқинида Ўзбекистон ва Афғонистонни ажратиб турувчи Амударё устидаги «Дўстлик» кўпригидан 2 км узоқликда жойлашган назорат-ўтказиш пунктининг тикан симли панжаралари. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош уч мамлакатидан биридир. [Темур Исмоилов/AFP]

15 август куни олинган сурат: Термиз яқинида Ўзбекистон ва Афғонистонни ажратиб турувчи Амударё устидаги «Дўстлик» кўпригидан 2 км узоқликда жойлашган назорат-ўтказиш пунктининг тикан симли панжаралари. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг Афғонистон билан чегарадош уч мамлакатидан биридир. [Темур Исмоилов/AFP]

Кобулдан қочган афғонистонлик қочқинлар 29 август куни Косовонинг Приштина шаҳрида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли самолётдан чиқмоқдалар. [Арменд Нимани/AFP]

Кобулдан қочган афғонистонлик қочқинлар 29 август куни Косовонинг Приштина шаҳрида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли самолётдан чиқмоқдалар. [Арменд Нимани/AFP]

Минтақада қудратли ўйинчилардан бўлган Россия бу фикрга қўшилмайди – У Марказий Осиё мамлакатларини Ғарбнинг афғонларга бошпана бериш ҳақидаги илтимосларини рад этишга ундаган.

Афғонистондан Ғарбга оммавий кўчиш

Ҳукумат уларга фақат учинчи мамлакатга ўтиш учун рухсат бераётгани айтилса-да, қочқинлар Ўзбекистон ҳудудига кириб келишган.

20 август куни ҳукумати қарийб 2000 кишини – асосан мамлакатда ишлаган Европа фуқаролари ва бир қанча афғонларни Тошкент аэропорти орқали эвакуация қилишга ёрдам берганини айтган.

Бундан ташқари, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш бўйича ўтказилган музокаралардан сўнг 150 нафар афғон фуқароси Толибонларга қайтарилгани айтилади.

Шунга қарамай, қўлбола солларда Амударё орқали Ўзбекистонга ўтаётган кўп сонли қочоқлар ҳақида хабарлар тарқалган. Афғонистон элчихонаси ходимларидан бири Термиздаги коронавирус марказида 1500 киши яшаётганини айтган.

Расмий Тошкент юзага келган вазият ҳақида сукут сақламоқда.

Муҳаммаджонов ва Афғонистон чегараси яқинидаги бошқа термизликлар қочқинларнинг чегарани кесиб ўтгани ҳақидаги хабарлардан таажжубга тушган. Ўзбекистон эса AFP мухбирларига коронавирус маркази ва чегара яқинидаги лагерга киришга рухсат бермаган.

Толибоннинг 1996 йилдан 2001 йилга қадар давом этган илк ҳукмронлиги даврида Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) Афғонистон ва Покистонда мустаҳкам ўрнашган эди.

ЎИҲ 1999 йилда Қирғизистонга бостириб кириб, минтақани эсанкиратиб қўйган ва у ердаги қишлоқлардан бирини қисқа муддатга эгаллаб олган эди. Ўзбекистон ўша йил бошида Тошкентда содир бўлган портлашларда айни гуруҳни айблаган.

ЎИҲ сезиларли даражада кучини йўқотган деб ишонилса-да, лекин унинг Афғонистондаги қолдиқлари ва жангарилар гуруҳлари (улар орасида Марказий Осиёликлар ҳам бор) ҳали ҳам таҳдид туғдириши мумкин, дейди Питсбург университети мутахассиси Женнифер Брик Муртазашвили.

«Толибон ҳеч қачон Марказий Осиёга нисбатан ҳеч қандай ҳаракатларни амалга оширмаган, лекин унинг сафида минтақа давлатларига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш мумкин бўлган Марказий Осиёлик жангарилари бор», деди у.

Айни вақтда Афғонистондаги Толибоннинг ҳар қандай таҳдидига қарши туриш баҳонасида Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтираётгани кузатувчиларни Кремлнинг асл мақсадларига шубҳа билан қарашга ундамоқда.

Марказий Осиёда ҳарбий ўқув машғулотларини фаоллаштирган Москванинг айтишича, Афғонистон билан чегарадош давлатлар янги қуролларга буюртма беришган.

Август ойида Россия президенти Владимир Путин жангарилар «қочқин ниқоби остида» минтақага кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Шундай бўлса-да, Россия режими икки тарафлама ўйин қилиб, камида 2015 йилдан бери Толибонни қурол-яроғ ва молиявий кўмак билан таъминлаб келгани айтилади.

«Энг аввало – хавфсизлик»

Афғонистон билан чегарадош учта постсовет мамлакат – Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ичидан фақат ҳудудида Москванинг ҳарбий базаси бўлган Тожикистон Толибон билан расман музокара ўтказишдан бош тортган.

Яқинда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 1300 километрлик умумий чегаранинг Афғонистон томонида «террорчи гуруҳлар» тўпланганидан шикоят қилган эди.

Тожикистон олис Панжшер водийсида толибларга қаршилик кўрсатаётган асосан этник тожиклардан иборат афғонистонликларга ҳарбий юклар жўнатгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

90-йилларда беш йиллик фуқаролар урушини бошдан кечирган ночор республиканинг радикализмдан қўрқиши бежиз эмас. Ўшанда исломий ва минтақавий кучлар коалицияси ҳукуматга енгилган эди.

Бундан ташқари, Афғонистонда Толибон тарафдорларидан бўлган Жамоат Ансоруллоҳ экстремистик гуруҳи бир неча бор Тожикистон ҳукуматини ағдаришга ваъда берган. Гуруҳ асосан Тожикистон фуқароларидан таркиб топган.

«Туркманистон ва Ўзбекистон учун иқтисодий масалалар устувор бўлиши мумкин, бу эса толиблар билан алоқаларни мустаҳкамлашни тақозо қилади», дейди Париждаги Ижтимоий фанлар бўйича илғор тадқиқотлар мактабига (EHESS) таклиф қилинган илмий ходим Парвиз Мулложонов.

«Тожикистон учун эса хавфсизлик биринчи ўринда бўлади».

АҚШ томонилан ташкиллаштирилган эвакуация доирасида 1000 га яқин афғон фуқаросига Тожикистонда вақтинча бошпана тақдим этилди, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиосининг тожик хизмати шанба (28 август) куни.

Афғонистонликлар Кулоб аэропорти яқинидаги чодирли лагерда бўлиб турибди.

Туркманистон ҳам қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Қозоғистон ва Қирғизистон эса ижтимоий тармоқлардаги миш-мишларнинг олдини олиш мақсадида қочқинларни қабул қилишдан бош тортгани ҳақида баёнот берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500