Карвонсарой
Бизнес

Пригожиннинг бизнес-империяси дунё бўйлаб бир қанча тартибсизлик ва хунрезликларни молиялаштирмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

«Турист» филмининг трейлеридан олинган кадрда Марказий Африка Республикасидаги қуролланган ва қонга беланган россиялик «маслаҳатчи» акс этган. [НТВ/YouTube]

БАНГИ, Марказий Африка Республикаси – Шу йили аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) экспертлари россиялик ёлланма аскарларни Марказий Африка Республикасида (МАР) «инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилишда» айблар экан, турли суриштирувларга кўра, Кремл иттифоқчиси Евгений Пригожин матбуотдаги негативни рад этишга қаратилган филмни молиялаштираётгани маълум бўлган.

Март ва апрел ойларида МАРда суратга олинган «Турист» филми ўтган йилги президент сайловларидан кейин маҳаллий аҳолини бир гуруҳ қонхўр исёнчилардан ҳимоя қилувчи россиялик ҳарбий маслаҳатчилар гуруҳи ҳақида ҳикоя қилади.

Филм бошидаги субтитрларда унинг президент Фостен-Аршанж Туадера режимини қўллаб-қувватлайдиган 300 нафар рус ҳарбий инструкторларидан илҳомланиб суратга олингани айтилади. Россия уни 2018 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Филмда руслар қаҳрамон, меҳрибон ва олижаноб қилиб тасвирланган. Аммо бу тасвирлар МАРдан олинган хавотирли хабарлардан кескин фарқ қилади.

image

Россия президенти Владимир Путиннинг қалин дўсти Евгений Пригожин Путин учун «ифлос ишларни» бажариши айтилади. [Файл]

image

Санкт-Петербург шаҳридаги Савушкина кўчасида жойлашган Россиянинг «троллар фабрикаси» номи билан машҳур Интернет-тадқиқотлари агентлиги (ИТА) биноси, 2018 йил. Феврал ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашув ортида турган ИТАни қўллаб-қувватлашда айбланган Пригожинни ҳибсга олишга ёрдам берувчи маълумот учун 250 минг доллар мукофот таклиф қилган. [Файл]

31 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлар гуруҳи россиялик ёлланма аскарларнинг 27 декабр куни МАРда «президентлик сайловларидан кейин юз берган зўравонлик ҳужумларига алоқадорлиги» юзасидан хавотир изҳор этган.

Улар учта гуруҳ номини тилга олганлар: Sewa Security Services, Lobaye Invest SARLU ва Вагнер гуруҳи.

Ёлланма аскарлар «оммавий қотилликлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, сўроқ пайтида қийноқлар қўллаш, тинч аҳолини мажбуран кўчириш, фуқаролик объектларини бетартиб нишонга олиш, соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларни поймол қилиш ва гуманитар ташкилотларга ҳужумларнинг кучайишига» алоқадор, дейилади БМТнинг ёлланма аскарлар бўйича ишчи гуруҳи баёнотида.

Бу филм Пригожин учун шахсий «шуҳратпарастлик ва профил лойиҳаси» бўлишдан ташқари, амалий мақсадга ҳам хизмат қилади, дейди Россия хавфсизлигига оид масалалар бўйича мутахассис, лондонлик Марк Галеотти.

«Ҳозирги вақтда Вагнер энг сара янги аскарларни ёллашга қийналмоқда, чунки уларни ҳукумат ҳомийлигидаги «Патриот» ва «Щит» (Қалқон) каби жанговар гуруҳлар яхши шартлар ва маош билан ўз сафига жалб қилмоқда», деган эди у май ойида The Moscow Times нашрига берган интервюсида.

Вагнер илк марта 2014 йилда Украинада пайдо бўлган. Ўшандан бери унинг ёлланма аскарлари бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Марказий Африка Республикаси (МАР) ва Чаддаги можароларда қатнашганлар.

Украинадаги ёлланма аскарлар учун ташвиқотнинг кучайиши

18 август куни Россия ҳукуматига мойил НТВ телеканалида Пригожин томонидан молиялаштирилган яна бир филм намойиш этилди, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.

«Солнцепёк» («Жазирама» деб таржима қилинган) филмининг трейлерида 2014 йилнинг ёзида Россия Қримни ноқонуний босиб олган Украинанинг Луганск вилоятида уруш бошланганидан кейинги ҳаёт тасвирланган.

Трейлерда дастурхон устида қадаҳ кўтараётган оила, шаҳар маркази бўйлаб кетаётган ҳарбий кийимдаги эркак ва тупроқ йўлдан юриб бораётган машина акс этади.

Исмини ошкор қилмаган Пригожинга яқин манбаларнинг «Медуза» мустақил нашрига айтишича, бу филм унинг иккинчи лойиҳаси бўлиб, у Вагнер гуруҳининг Украина шарқида Киев кучларига қарши жанг қилаётган Кремл қўлловидаги айирмачиларни қўллаб-қувватлашдаги ролини акс эттиради.

«Aфтидан улар... жамоатчиликка ўзларининг романтик ва ташвиқотчи версияларини кўрсатишга қарор қилганлар», деб ёзади «Медуза» 12 август кунги мақоласида Пригожинга яқин манбалардан бирига иқтибос келтириб.

Пригожиннинг матбуот хизмати фильм ким тарафидан молиялаштирилгани номаълум, дея мужмал баёнот берган.

«Евгений Викторович (Пригожин) «Жазирама» филмини суратга олишни молиялаштиргани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас», дейилади хабарда.

Матбуот хизмати филм продюсери Сергей Шчегловнинг ғоя «ташаббускорига» миннатдорчилик билдирганини айтиб, «Бу Евгений Викторовичга қаратилганми-йўқми, хабардор эмасмиз», деб қўшимча қилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг эски қадрдони бўлган Пригожин Вагнер билан алоқаларини рад этиб келади, Москва эса ҳеч қачон Вагнер ёлланма аскарлари ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган.

Москванинг «ҳимояланмаган сири»

Терговчилар Пригожиннинг сайловларга аралашуви ва бутун дунё бўйлаб Кремлпараст ёлланма жангариларни молиялаштиришга алоқадорлигини тергов қилар экан, у ҳуқуқий жавобгарлик хавфи остида қолган.

2018 ва 2020 йилларда Вашингтон Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилган эди – ўшанда унинг Интернет тадқиқотлари агентлиги (ИТА), яъни Санкт-Петербургдаги «троллар фабрикаси» 2016 ва 2020 йилларда АҚШда ўтказилган сайловларга аралашишда айбланган.

ИТА, шунингдек, Буюк Британия, Германия ва Франция каби бошқа мамлакатларда ўтказилган сайловлар ва референдумлар чоғида бузғунчи ташвиқот билан шуғулланишда айбланган.

Ўтган йили Беларусда сайловлар олдидан мухолифат билан тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринишда айбланган 33 нафар Вагнер «жангариси» ҳибсга олинган эди.

Ўтган йилнинг октябр ойида Европа Иттифоқи «Вагнер» гуруҳи орқали Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Пригожинга нисбатан санкциялар қўллаган.

Феврал ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) Пригожиннинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 250 минг доллар мукофот таклиф қилди ва унинг «АҚШни алдаш фитнасига алоқадорликда гумон қилинаётгани» сабабли қидирилаётганини айтди.

Карнеги жамғармасининг таҳлил маркази Вагнерни «Москванинг энг ҳимояланмаган сирларидан бири» деб атаган.

Марказ маълумотларига кўра, гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор: «Уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «қабул қилувчи давлатларда босим ўтказишга тайёр бўлиш».

Ливияда топилган планшет кўп нарсаларни очиқлаган

Яқинда овоза бўлган хатолар ва можаролар туфайли «Вагнер» гуруҳининг хавфсизликка нисбатан пала-партиш ёндашуви юзага чиқар экан, ҳозирги вақтда халқаро қидирувда бўлган Пригожин атрофидаги сиртмоқ ҳам торайиб бормоқда.

Ливияда гуруҳ аъзоси тарафидан ташлаб кетилган планшет буни тасдиқловчи сўнгги далиллардан биридир. Вагнер халқаро ҳамжамият тарафидан тан олинган Ливия миллий келишув ҳукуматини (МКҲ) ағдаришга уринаётган ливиялик етакчи, Россиянинг мижози Халифа Ҳафтарни 2018 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келади.

Планшет ичида Россия ёлланма армиясининг ҳаракатланишига оид маълумотлар, унинг одамлар яшайдиган туманларда миналар жойлаштирганига оид далиллар ва соядаги гуруҳ ортида турган пулларга оид ишоралар бўлган, деб хабар берган ВВС 12 август куни.

BBCга кўра, планшет ичидан ўнлаб файллар, жумладан пиёдаларга қарши миналар ва қўлбола портловчи мосламаларнинг қўлланмалари, разведка дронидан олинган тасвирлар ва фронт чизиғининг ҳарбий хариталари акс этган харита иловаси (барчаси рус тилида) топилган.

Икки нафар собиқ вагнерчилардан интервью олган BBC жангариларнинг уруш олиб боришига оид икки тафсилотни очиқлаган: Гуруҳ аъзолари учун ҳеч қандай хулқ-атвор кодекси мавжуд бўлмаган ва улар мунтазам равишда асирларни ўлдирган.

«Ҳеч кимга ортиқча боқиманда одам керак эмас», деб айтган собиқ вагнерчи BBC нашрига.

Қонли излар

Вагнернинг Ливиядаги фаолияти Россиянинг Сурия можаросидаги иштироки билан ҳам боғлиқ.

2020 йилда Suwayda.com сайти Россия қўлловидаги кучлар сафида жанг қилиш мақсадида Ливияга кетиш учун рухсатнома олган 20600 нафар суриялик эркакнинг рўйхатини қўлга киритган.

Аммо, апрел ва июн ойида нашр июн ойида ўша кучлар билан қисқа муддатли шартномалар тузган норози сурияликлардан интервью олган.

Апрел ойида ўз исмини очиқламаган суриялик жангари WhatsApp иловаси орқали Suwayda.com ходимлари билан алоқага чиққан. У беш ойлик шартномаси тугаганига қарамай, Ливияда қолиб кетганини, маошининг камлиги, таъминотчи озиқ-овқат ёрдамини камайтиргани учун ўзини боқишга қодир бўлмай қолганини айтган.

Суриядаги қариндошлари унга Ливиядаги қўмондонлардан бирининг биродари орқали пул юбориб туришган.

Июн ойида Ливиядан қайтиб келган суриялик собиқ жангарилар Suwayda.com веб-сайтига, россияликлар уларга ваъда берган пулнинг ярминигина тўлашганини, уларга етарлича озиқ-овқат берилмаганини, қора меҳнат билан шуғулланишга мажбур бўлишгани ва уларга нисбатан ҳар турли нолойиқ муносабатда бўлишганини айтганлар.

Сурияда Вагнер жангариларининг қотилликлари ва уруш жиноятлари ҳақидаги ҳикоялар талайгина. Гуруҳ бу мамлакатга Москва 2015 йил сентябрида Сурия президенти Башар Асад армиясини қўллаб-қувватлаб низога аралашган вақтда кирган.

Шунингдек, вагнерчилар 2017 йилда ҳам суриялик эркакни ўлдирганликда гумон қилинган эди.

15 март куни Франция, Сурия ва Росссиядан учта ҳуқуқбон гуруҳ 2017 йилда суриялик эркакнинг боши танасидан жудо қилинши ва «уруш жиноятларига» тенг дея кўрилган зўравонлиги юзасидан Москвада Вагнер гуруҳига қарши қонуний шикоят билан судга мурожаат қилишган.

Бу жараён Вагнер ва Пригожиннинг гуруҳдаги ролини юзага чиқариш йўлидаги ноёб уринишлардан бири бўлди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия – терроризм ҳомийси!

Жавоб бериш

Бу Россиядан чиққан жазо отряди ва қотиллар бригадаси.

Жавоб бериш